«Ўзбекистонда энергия тежамкор уйлар қуришда янги усуллар» мавзуида тақдимот ва матбуот анжумани 24 апрель куни пойтахтимиздаги «International Hotel Tashkent» меҳмонхонасида бўлиб ўтди.
«ЭКОКЛИМАТ» корхонаси, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда замонавий қурилиш соҳасида арзон уйларни барпо этишда энергия самадорлигига эришиш, янги тежамкор энергия манбаси ҳисобланган қурилиш молларини ишлаб чиқариш ҳақида сўз борди.
Маълумки, сўнгги йилларда бутун дунё қурилиш саноатида жадал ривожланиш ҳаракатлари кўзга ташланмоқда. Иқлим ўзгаришлари ҳамда иқтисодий эҳтиёжлар турткиси билан янгидан кашф этилаётган инновацион, энергия самарадор ва энергия тежамкор маҳсулотлар бугун қурилиш соҳаси ривожига ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда.
Бугун қурилиш бозорида энергия самарадорлик масаласи биринчи, яъни энг муҳим омилга айланиб улгурди ва наинки хусусий, балки давлат объектлари қурилишида ҳам бу турдаги материаллардан фойдаланишга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 ноябрда қабул қилинган «Қурилиш соҳасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5577-сон Фармонида ҳам 2020 йил 1 январдан бошлаб уй-жой қурилиши объектлари лойиҳа-тадқиқот ва қурилиш-монтаж ишларини бажариш босқичида энергия-самарадор ва энергия-тежамкор ускуналар билан мажбурий равишда жиҳозланиши қатъий белгилаб берилган.
Ўзбекистонда бугунгача энергия тежамкор қурилиш моллари ишлаб чиқариш йўлга қўйилмаган эди. Бундай маҳсулотлар доимий равишда қиммат нархдан хориждан импорт қилиб келинган. 2016 йилнинг йилга келиб Жиззах эркин иқтисодий зонасида ташкил этилган «Экоклимат» компанияси қурилиш бозори учун тежамкор, энергия самарадор «минерал пахта» маҳсулотларини ишлаб чиқаришни бошлади. Ўзбекистонда илк бор ишлаб чиқарилган ушбу маҳсулот импорт ҳажимининг кескин тушишига сабаб бўлди. У нафақат Ўзбекистонда, балки Ўрта Осиёда ягона саналади. Шу боис мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган энергия тежамкор маҳсулотга қўшни давлатлардан талаб ортиб бормоқда. Маҳсулот Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Украина каби мамлакатларга экспорт қилинмоқда.
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган Ecover – миллий маҳсулотлари уй, офис ва бошқа қурилиш биноларида том остида ингичка қоплама, шифт, девор, хоналар орасидаги деворлар, пол ва подвал учун фойдаланилади ҳамда ўзидан иссиқликни кам миқдорда ўтказиши сабаб, биноларни қишда иссиқ, ёзда салқин ушлаб туришда энг замонавий ечим ҳисобланади. Маҳсулотлари шовқинни ҳам яхши ушлайди ва намликка бардошли экани боис ҳаммом, сауна, ошхона, кафе ва ресторанлар, иссиқхоналар, бассейнларда ҳам кенг фойдаланилади.
Маҳаллий минерал пахта Хавфсизлик экологик тоза, тежамкорлик, чидамлилик, қулайлик каби кўплаб фойдали хусусиятларга эга.
Бўлиб ўтган тақдимот тадбири мамлакатимизда қурилиш ҳамда коммунал соҳада фаолият кўрсатувчи ташкилотлар, лойиҳалаштириш институтлари учун фойдали маълумотларга бой бўлди. Буни уларнинг маҳсулотларнинг ўзига хос хусусиятлари ҳамда улардан фойдаланишга оид қоидалар бўйича берилган саволларидан ҳам англаш мумкин.
Анжуманда БМТ Тараққиёт дастури вакиллари ҳам иштирок этди.
“Бугунги кунда бутун дунёда аҳоли сони ортиб боряпти. Бу эса қўшимча энергия манбаларини талаб қилади. Тикланмайдиган электр манбалари камайиб бормоқда. Экология эса кун сайин ёмонлашяпти. Шундай бир пайтда бутун дунё чиқиш йўлини қидиряпти. Шу боис уй-жойларни сифатли, энергия тежовчи материаллардан қуриш мақсадга мувофиқ. Бу борада бутун дунёда кенг қамровли тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Жаҳоннинг кўпгина мамлакатларларида бу жараён муайян тизимга солинган. Масалан, Исроилда томида қуёш батареялари ўрнатилмаган уйларни ҳужжатлаштирилмайди”, БМТнинг Ўзбекистондаги Иқлим ўзгаришлари бўйича дастурий мутахассиси Раъно Бойхонова.
Тадбирда энергия самарадорлик ва энергия тежамкорлик хусусиятлари ҳақида атрофлича маълумотлар берилди. Шунингдек, тадбир иштирокчилари бугунги газ ва электр энергия тақчиллиги кўзга ташланаётган, улардан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланиш зарурати тобора ортиб бораётган даврда энергия самарадор ва энергия тежамкор қурилиш материаллари нақадар муҳим аҳамият касб этиши тўғрисида тушунчага эга бўлдилар.