Бир киши умри давомида ўртача 75 тонна сув истеъмол қилади. Катта ёшдаги киши жисмининг 82 фоизини, олти ҳафталик эмбрионнинг 97.5 фоизини, янги туғилган чақалоқнинг ҳам организмининг асосий қисмини сув ташкил этади. Катта ёшдаги киши бир кеча-кундузда 2.5 литр сув истеъмол қилади, ундан 1,2 литри ичимлик сувига тўғри келади, 1 литри турли озиқ-овқат маҳсулотлари, мева-сабзавотлар таркибидаги сув орқали истеъмол қилинади, 0,3 литри организмда модда алмашинуви жараёнида пайдо бўлади.
Инсоният тарихида сув танқислиги билан боғлиқ муаммолар ҳеч қачон бугунгидек долзарб бўлмаган. Жумладан, кейинги 10-12 йилда дунё сув хўжалигида кечаётган салбий ўзгаришлар мутахассислар, олимлар, сиёсатчилар ва оддий одамларни ташвишга солмоқда. Жаҳон миқёсида сувга бўлган умумий талаб 550 миллиард куб.метрдан ошган бўлиб, бугунги кунда ер юзида 1,5 миллиард одам сув танқислигидан азият чекаяпти.
Бу маълумотлар бежиз келтирилмаяпти. Сабаби бизнинг ҳар бир кунимиз сув билан боғлиқ, бунга беэътиборлик билан ёндашиб бўлмайди. Хўш, бу масалага шаҳримиздаги “Сувоқова” корхонаси қандай ёндошмоқда?
“Сувоқова” ДУК бош мутахассиси Шерзод Топиловнинг таъкидлашича, шаҳримиз ҳудудида сув танқислиги билан боғлиқ муаммолар мавжуд эмас. Лекин ёз фасли келиши билан жойлардаги сув қувурларининг эскирганлиги сабабли тез-тез ичимлик сув ўчирилиб, таъмирлаш ишлари олиб борилади. Кўп қаватли уйларнинг юқори қаватларида сув босимининг кескин пасайиши ҳам аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда. Айниқса, 5/2 кичик ноҳияси, шаҳримизнинг тепа ҳудудларидаги аҳоли ўртасида ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар бўйича “Сувоқова” ДУКга кўп мурожаатлар келиб тушмоқда. Мутахассиснинг таъкидлашича, шикоят келиб тушган жойларга бориб, муаммолар ўрганилиб, таъмирлаш ишлари айнан ўша ҳудудлардан бошланилмоқда. Лекин шу кунгача ҳали бирорта ҳудуддаги ичимлик суви қувурлари тўлиқ реконструкциядан чиқмаган. Бу дегани деярли ҳар бир ҳудудда сув билан боғлиқ муаммолар ҳалигача ўз ечимини кутмоқда. Нима сабабдан бу муаммолар шу вақтгача ўз ечимини топмаганлиги билан қизиққанимизда, Шерзод Топилов моддий база яхши эмаслигини таъкидлаб ўтди. Моддий база яхшиланиши учун аввало, халқимиз тўловларни ўз вақтида амалга оириши лозимлигини айтди. Моддий база яхшиланса, шаҳримизда сув билан боғлиқ муаммолар ҳам вақтида ўз ечимини топади.
Газетамизнинг 2017 йил 22 сентябрдаги 38-сонида “Шаҳримизда ичимлик суви таъминоти яхшиланади” мақоласида 70дан зиёд ичимлик сувини етказиб берувчи технологик жиҳозлар бугунги кун талабига жавоб берувчи энерготежамкор ускуналарига алмаштирилиши режалаштирилганлиги айтилган эди. Жорий йилнинг апрель ойида корхонага 40 дона энерготежамкор ускуналар келтирилди. Бу ускуналарнинг афзаллиги шундаки, электр энергияни иқтисод қилиб, аҳолига ҳозирги насослардан кўпроқ истеъмол сувларини етказиб бериш хусусиятига эга. Бу насосларни ўрнатиш 1 июль санасига режалаштирилган.
Тошкент вилоятининг шаҳар ва туманларида тоза ичимлик сув тизимини ҳамда оқова сув тозалаш иншоотларини реконструкция қилиш бўйича Осиё тараққиёт банкининг пул маблағлари эвазига 2017-2021 йилларда “Сувоқова” Олмалиқ филиали тасарруфидаги оқова сув тозалаш “Аэрация” станциясини реконструкция қилиш режалаштирилган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Қишлоқ ва сув хўжалигида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида обиҳаётнинг замонавий дунё ва келгуси тараққиётдаги беқиёс ролини чуқур англашга хизмат қилувчи бир қатор масалалар ёритиб ўтилган. Бундан хулоса қилиб айтадиган бўлсак, раҳбаримиз халқимиз манфаатини кўзлаб бир қатор қарор ва фармонлар қабул қилмоқда. Бу ислоҳотларнинг негизида фақатгина бизнинг барқарор келажагимиз ётибди. Сув танқислиги йилдан-йилга ортиб бораётган ана шундай мураккаб шароитда мавжуд сув ресурсларидан самарали ва тежамли фойдаланиш ҳар биримиз учун долзарб аҳамият касб этади.
Дилдора АБДУРАҲМОНОВА.