“Бугун 800 млн.дан зиёд инсонлар очарчиликдан азият чекмоқда. Аҳоли сонининг ўсиб бориши эса озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини тахминан 60 фоизга ошириш зарурлигини кўрсатмоқда. Бу эса кўп тарафдан ерга боғлиқ, шунинг учун ҳам ерларнинг соғлом ва яроқли бўлишга алоҳида эътибор қаратмоқ зарур. Минг афсуски, ҳозирга келиб глобал ер ресурсларининг 33 фоизи таназзулга учраган, инсонларнинг ерга таъсири эса шу қадар кенгайиб бормоқдаки, натижада ер ўзининг муҳим функсияларини бажаришдан тўхтаяпти.”
Жозе Грациану да Силва (ФАОнинг бош директори) Халқаро Ер куни муносабати билан сўзлаган нутқида яна бир замонавий экологик муаммолардан бири – қурғоқчилик ва чўлланиш ҳақида фикр юритиб, Она Еримизни асраш замондошларимизнинг ҳар бири олдида турган муҳим вазифалардан бири эканлигини таъкидлаб ўтди.
Муҳим ресурс хавф остидами?
ФАО (Food and Agriculture Organization)нинг баҳолашича, ҳамма ерларнинг учдан бир қисми тупроқ эрозияси, яъни нураш, шибалланиш, гермитизатсиялашув (зичлашиши), тупроқнинг шўрланиши, тупроқдан органик ва озиқ моддаларининг ювилиб кетиши, ернинг ифлосланиши ва бошқа жараёнлар таъсирида таназзулга учрамоқда ва бунинг асосий сабаби сифатида инсонларнинг Ер ресурсларидан нотўғри ва ноўрин фойдаланишлари кўрсатилмоқда.
Маълумотларга қараганда, 1 см. Ер ўзини тиклаши учун 1000 йил вақт сарфланиши мумкин экан. Дунёдаги ерларнинг 33 фози ҳалокатга учрагани, унинг устига таббий ресурсларга инсоннинг таъсир босими ошиб бораётганини ҳисобга олсак, биз ҳалокат ёқасига яқинлашиб бўлдик. Агар зудлик билан муаммони ҳал қилишнинг янги ечимлари жорий қилинмаса, ҳайдалган ва унумдор ерларнинг умумий майдони 2050 йилга келиб кескин равишда қисқариб кетиши мумкин.
Бу каби нохуш ҳолатларни олдини олиш мақсадида 1994 йил Бирлашган Миллатлар Ташкилот томонидан Чўлланишаг қарши кураш конвенсияси қабул қилинди. Орадан бир йил ўтиб конвенсия қабул қилинган сана муносабати билан 17 июнни “Жаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш куни” деб эълон қилди. Шунингдек, 2010 – 2020 йилларга мўлжалланган Чўллар ва чўлларга қарши кураш ўн йиллиги дастури тузиб чиқилди. Бундан ташқари, БМТнинг Бош Ассамблеяси томонидан 2015 йилга Халқаро тупроқ йили деб ном берилиши масаланинг қанчалик долзарб аҳамият касб этиши билан бирга,ер юзида яшовчи инсонларнинг фаравон ҳаёт кечиришига тўсқинлик қилувчи қатор омилларга жамоятчилик эътиборини қаратишни мақсад қилиб белгилайди.
Қурғоқчилик ва чўлланиш жараёнларининг тезлашиши нафақат сифатли озиқ-овқат ишлаб чиқариш саноатига бўлган талабнинг кескин ортиб кетишига, балки катта иқлим ўзгаришларига ҳам олиб келиши мумкин. Бу масалани биргина ўрмонлар мисолида таҳлил қилсак. Барчамизга маълумки, тупроқ дарахтларнинг илдиз отиши, намланиши ва озуқа моддалари билан таъминланишига кенг имкон яратади. Бугун антропоген ва техноген омиллар табиат мувозанатининг бузилишига ўзининг салбий таъсирини ўтказаётган бир шароитда, инсонларнинг тоза ҳавога бўлган эхтиёжи тобора ошиб бормоқда. Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, сўнгги 50 йил ичида Ер атмосферасидаги карбонат ангидриди миқдори 10-12 фоизга ортган. Ифлосланган ҳаво орқали юқадиган кассалликлар ҳам анча катта кўрсаткични ташкил қилмоқда. Яшил ўсимликларда рўй берадиган фотосинтез жараёни эса ҳаводаги чанг ва ғуборларни камайтиришга хизмат қилади. Ўрмонлар табиатда углерод айланишини яхшилаш билан бирга, биосферада зарарли моддалар тўпланишини олдини олади. Масаланинг яна бир жиҳати эса ўрмонлар қурилиш ва ишлаб чиқариш соҳаларининг ажралмас қисмларидан бири ҳисобланади. Ерлар деградацияси натижасида эса яшил дунёнинг ҳалокатга учраш хавфи тобора кенгайиб бормоқда.
Қурғоқчилик ва чўлланиш қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариш барқарорлигига ҳам салбий таъсир ўтказмоқда. Ерлардан унумли фойдалана олмаслик натижасида мамлакатларнинг экспорт салоҳиятида қатор муаммолар юзага келмоқда.
Ерларнинг яроқсиз холатга келишини олдини олишда табиатда кечаётган жараёнлар муҳим омил ҳисобланади. Дунё биорангбаранглигининг тўртдан бир қисми ер остида яшайди ва улар тупроқнинг кислород билан таъминланиш имкониятини яхшилаш ва чўлланиш натижаларини юмшатишда муҳим рол ўйнайди. Масалан, чувалчанг каби майда бўлакларга бўлинувчи организмлар ўсимликлар илдизларида озиқ моддаларининг айланишига ҳамда уларни озиқлантирувчи моддалар билан таъминланишига имконият яратади. Ўрмон майдонларини кенгайтириш натижасида эса тупроқ эрозиясини олди олинади. Улар шўрланиш жараёнини камайтириш ва қисман йўқ қилишда муҳим ўрин тутади. Бундан ташқари фанда янги агротехнологияларни жорий қилш, тупроқ қатламини зарарли моддалар таъсиридан асраш орқали ҳам жараёнга ижобий таъсир ўтказиш мумкин.
Бу йилги халқаро йилнинг асосий мақсадларидан бири инсонларни она ер ҳақидаги билимларини кенгайтириш, унинг кундалик ҳаётимиздаги аҳамиятини янада кенгроқ тушунтиришдан иборат. Шу мақсадда ташкил қилинган “Рассказы о почвах” блогида эколог-мутахассисларнинг Арктика музликларидаги ерлару, у ердаги микроорганизмлар ҳақидаги қизиқарли маълумотларидан тортиб, оддий деҳқон ёки боғбонларнинг ердан фойдаланиш тартиблари тўғрисидаги материаллари бериб борилади. Блогда ҳар ким қурғоқчилик ва чўлланишни олдини олишга қаратилган таклифларини бериши, тупроқларнинг унумдорлигини оширишга хизмат қилувчи методларни таклиф қилиши ва бу орқали глобал экологик муаммо ечимига оз бўлсада ўз хиссасини қўшишга муваффақ бўлиши мумкин.
Туркияда эса жорий йил бошида тупроқлар ва унга тегишли маълумотларни тақдим қилувчи биринчи онлайн ахборот тизими яратилиши маълум қилинган. ФАО – Туркия ҳамкорлигидаги дастур доирасида амалга оширилаётган ушбу тизимдан фермерлар ва шу соҳага яқин шахслар фойдаланиши айтиб ўтилган.
Марказий Осиё минтақаси ҳам чўлланиш ва ерлар таназзули жараёнига мойил минтақа ҳисобланади. Хусусан, Ўзбекистон ҳудудининг 70 фоиздан кўпроғини чўллар ташкил қилади. Орол денгизининг ҳамда Амударё делтасининг қуриб бориши – юртимизда яроқсиз ерлар майдонининг кенгайиб бораётганлигига ёрқин бир мисолдир. Шунинг учун ҳам Ўзбекитон ерлар таназзули борасида зарур ва тезкор чоралар кўриш заруратини тан олиб, 1994 йилнинг 7 декабрида БМТнинг Чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш конвенсиясини МДҲ давлатлари орасида биринчилардан бўлиб имзолади. Шу кунгача юртимизда ерлар холатини яхшилашга, сув ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланишга доир қатор қонунлар қабул қилинди ва амалий жиҳатдан ҳаётга тадбиқ этиб келинмоқда. Шунингдек, айни масалага қаратилган турли манбуот конференсиялари, давра суҳбатларида мутахассислар билан бир қаторда кенг жамоатчилик вакиллари ҳам чўлланиш ва ерлар таназзулига сабаб бўлаётган омилларни бартараф этиш йўллари хусусида янги таклифларни тақдим этмоқдалар.
Она ерни бирга асрайлик
Юқорида қайд этилганидек, сайёрамиздаги ҳар тўққизинчи инсон бугун очликдан азият чекмоқда. 2012 йилда эса бу кўрсаткич 870 млн.ни ташкил қилган эди. Яшашимиз учун зарур бўлган тўрт асосий унсурнинг биттаси ҳисобланган тупроқ унумдорлигини асрамасдан, серҳосил ерлар қисқаришини олдини олмасдан туриб юқоридаги рақамларни камайтириб бўлмаслиги хеч кимга сир эмас. Халқаро ташкилотлар томонидан бу йўлда қанча кўп лойиҳалар ишлаб чиқилмасин, халқаро меъёрий хужжатлар имзоланмасин, агар инсон, аввало, ўз-ўзини тарбиялай олмаса, экологик маданият этикасидан хабардор бўлмаса, нега шунча ҳаракатлар кутилган натижа бермаяпти деган савол дунё жамоатчилигини ўйлантириб тураверади.
Ҳеч қайси тил луғатида она ой, она қуёш, она сув деган ибора учрамайди. Лекин она ер тушунчаси барча халқлар учун бирдек тушунарли бўлса керак. Шундай экан, бизни боқаётган ерни фойдасиз қум уюмига айланиб қолишдан асрайлик.
Садоқат РЎЗИЕВА