ТУРКИЯДА НАВРЎЗ НИШОНЛАНАДИМИ?

Newrouz (форс тилидан Янги кун) –зардуштийларнинг Қуёш тақвимига асосан Янги йилнинг кириб келишидир. Агарда Наврўз Марказий Осиё, Кавказорти давлатларининг аксариятида кенг нишонланса, Эрон, Афғонистон, Туркияда қисман байрам қилинади. Сабаби, зардуштийлар дини тарафдорлари асрлар давомида қувғинга олинган бўлсада, ҳануз юқорида тилга олинган мамлакатларнинг аҳолиси орасида зардуштийлар динига эътиқоди кучли бўлганлар анчагина. Бугунги кунда биргина  Туркияда 12 миллион нафардан ортиқ курдлар яшашади ва уларнинг аксарияти бобокалонларининг урф-одатларига ҳануз риоя этишади. Наврўз байрами Усмонийлар даврида ҳам кенг нишонланган. Манбаларда қайд этилишича, у  “Невруз-и-Султони”, “Султон Невруз”  ёки “Март Докузу” деб аталган.  Султонлар саройи бўлмиш Топқапида байрам бошланиб, сарой шифокорининг назорати остида ошпазлар майиз, ёнғоқ, туршак ва бошқа шу каби дармонга бой ингридиентлардан иборат бўлган махсус ширинликлар тайёрлашган.  Ширинликлар султон ва унинг оиласи, сўнгра сарой айёнлари, султоннинг махсус аскарлар корпуси-яничарларга тарқатилган. (Яничарларга ширинликлар султон Махмуд II давригача берилган, чунки султон ушбу ҳарбий корпусни тарқатиб юборган). Янги кунни ширинликлардан бошлаш йил давомида ҳаёт ширин бўлиши рамзида амалга оширилган. Шу куни буюк ваз ир, Давлат кенгаши аъзолари султон ва унинг оиласига қимматбаҳо совғалар тақдим этишган. Мазкур анъана Усмонийлар сулоласи давлатни бошқариши тугатилган давргача давом этган. 1925-1991  йилларда мамлакатда Наврўзни нишонлаш расмий равишда тақиқланган эди. 1992 йилдан бошлаб у яна кенг нишонланмоқда.

Байрам олдидан турклар уйни тозалаб. Қарзларидан қутилишга ҳаракат қилишади. Албатта дастурхонда Наврўз рамзлари бўлмиш 7 та таом тортилади. Уларнинг энг асосийси сумалакдир. Туркияда 21 куни уйғонганингда  кўзинг бахт, узоқ умр кўриш, соғлиқ, фаровонликни келтирувчи бирор нарсага кўзинг тушса. Улар албатта йил давомида сен билан бирга бўлишади, деган қараш мавжуд. Шу сабабли,  ундирилган бўғдой, шароб, нон, тангалар ёки қоғоз пуллар оила аъзоларининг бош тарафига қўйилади. Албатта, Наврўз байрамининг асосий рамзларидан яна бири бу муқаддас гулхандир. Ундан сакраб  ўта олиш, гуноҳлар ва омадсизликдан тозаланиш демакдир.  Анатолияда ушбу байрам салжуқийлар давридан хозиргача нишонланиб, Мелиншох подшохлиги даврида Салжуқийлар империяси “Тақвими Мелики”, “Тақвими Султони” деб номланган тақвим яратилган бўлиб, унда йил 21 мартдан бошланади. Хаттоки, “наврузие” деб аталган  султонларни улуғловчи қасидалар ҳам битилган. Асосан Ичел вилоятида истиқомат қилувчи Туркиядаги торос туркманлар бу кунни “март ипаги” деб аташади. Анънага кўра энди гуллаб, кўртак отаётган дарахт шохларига тасмалар боғланиб, меҳмонга борилади. Мезбоннинг 20 тадан ортиқ қўйи ёки эчкиси бўлса, албатта қурбонлик маросими амалга оширилади. Газантепада эса Наврўз 22 март куни нишонланади. Айтишларича, шу куни  одам  бирор савоб иш қилиб, нимани ният қилса, у албатта амалга ошар экан.

Эдирнеда байрам гулханлари ёкилиб, унинг устидан баҳор улуғланиб сакрашлар мусобақаси бўлиб ўтса,  Киркларелида Наврўз “Март докузу” деб аталади. Шу куни  одамлар луқум, бёрек, бўялган тухумлар билан табиат қўйнида бир бирларини меҳмон қилишади.

Наргис Қосимова тайёрлади