Бир қишлоққа тўйга бордик. Машинани тўй эгасининг қўшнисиникига қўйдик. Шунда елинлари кўриниб турган, тумшуғини олд оёқларига қўйиб ётган, бефарқ ит эътиборимни тортди.
«Вой кучугийзни боллари боракана», дедим уй бекасига.
Салом аликни қуюқ қилган, ҳар сўзида «Худога шукр» айтишдан чарчамайдиган аёл: «Ҳа туққанийди, кўзи очилмасдан ташлаб келдик болларини», деди жуда бемалол айтди бу гапни. Мен ғалати бўп қолдим. Бу ишининг қанчалик ваҳшийлик эканини уқтиришдан фойда йўқлигини англадим аммо жим кетишни ҳам истамадим. «Она-аёл чақалоғини ярим кун эмизмаса, бола туққансиз буни биласиз, кўкраги тошдай қотади, сут оқади, бир икки кун эмизмаса сут қотиб оғриқ азоб беради, боладан онани олиб қўйса она ўзини қўярга жой тополмай дунё кўзига қоронғу кўринади, бу ит ҳозир шу оғриқларни, шу ҳисни бошидан кечираяпти. У тушунмаяпти, боллари қаёққа кетди ва нега йўқ энди улар.😢Бизга шундай ёвузлик қилишса биз у одамлардан қочамиз, хафа бўламиз. Аммо бу сизга шу қадар содиққи қилган ёвузлигингизга қарамай уйингизни қўриқлайди». Аёл гапларимдан ғалати бўлди. Мен машинани очиб ўриндиқ тагидан бир марталик идишдаги овқатни ит олдига қўйдим. У эриниб овқатни еди. Гарчи кўргани ювинди билан нондан бошқа нарса бўлмасада. Айтдим: Кела келгунимча айниқса чекка вилоятларда йўл четида овқат излаган кучукларни кўп кўраман, ўшаларга доимо уйдаги бор нарсани соволаман, йўл йўлакай бериш учун, тоза бўлмаса уч тўртта бўлка соп қўяман машинага, дедим. Аёл кўзларини катта катта очиб эшитди гапларимни. Тирик жонзотни онасидан айириб адаштириб келадиган одам учун менинг бу ишим ғайритабиий туюлди шекилли.
……..дошлар гуруҳида мушугим билан тушган суратимни ташласам, бир ……. дошим «шундай мушукни ёмон кўраман», деб ёзибди. Мен ёздим: Сен ўқитувчисанку, қандай қилиб ҳайвонни ёмон кўришинг мумкин, деб.
Қизимнинг ҳайвонга меҳрини ўқитувчиси Нейла оширган. Чунки қачон қарасам ўқитувчим кучугини ярим соатга мактабга олиб келди, мушугини уйида ташлашга одам йўқ экан биз ўйнатдик, дарсни бугун мактаб боғида ўтдик, ойижон кучугининг паспортиям бор, ўқитувчим мушук топволибди, ота оналаринг рухсат берса олиб кетишларинг мумкин, деди деб тўлқинланиб келарди.
Куни кеча ҳайитда яна қариндошларни йўқлашга бордик. Ошнинг гўшти қолиб кетганини кўриб: тавба гўштни яхши кўрмайдиган одамларам бор, бу уйнинг товуғи олинг, ширинку, деди. Ҳа биз унча гўштсевар эмасмиз десам, мана бу муштдай невараларим (товуқлари кўп икки кунда бир сўйса керак) қих қилинг (томоғига қўлини сўйиш ишорасини қиларкан) гўшт еймиз деб ўзлари сўрайдия, дейди фахрланиб.
Мен эрталабдан қийнаб ўлдирилган итнинг фақат суратини кўрдим, видеони кўришга тоқатим йўқ, эрталабдан кўнглим бузулди. Ваҳший одамларни ким туққан, ким тарбиялаган. Булар ўша кучукнинг болларини тириклай онасидан айириб ташлаб келадиганларнинг боласи, мушукни ёмон кўрадиган ўқитувчининг ўқувчиси, булар товуқни, қўйни кўз олдида сўйилганини кўрган болалар. Яқинда чет элда бир манъяк ҳақида, одамларни ўлдириб нимталашдан завқ оладиган одамхўр ҳақидаги ҳужжатли филмни кўрдим. Туппа тузук оилада ўсган бола, янги жойга кўчиб боради, ва қишлоқ чеккасидаги қушхонага кириб қолади, бир чеккада яшириниб мол сўйилишини, нимталанишини томоша қилади. Кейин у ерга тез тез боришни ҳатто қассобга қарашишни одат тусига киритади. Ота онаси зиёли, ўзи мактабда энг аълочи бўлган боланинг манъякка айланишига ана шу қушхонада кўрган илк таассуротлари сабабчи бўлади. Энг қизиғи, токи исбот билан қўлга тушмагунча ҳеч ким уни шу ишни қилиши мумкинлигини тасаввур ҳам қила олишмайди. Бизда мана шундай сирти сипо, ичида имкон туғилиши билан ваҳшийлик қилишга тайёр турган ваҳшийлар қанча экана. Болаликда товуқни, молни сўйилишини кўриб, онг остида травма қолганлар яна қачонгача ҳайвонни ёқиб, қийнаб лаззат олиб юришар экана. Ит уйга кирса фаришталар қочади, ит уйга кирса таҳорат бузилади дегани, уни бемалол қийнаб ўлдириш керак дегани эмас, уйингизга киргизманг майли аммо қийнаманг ҳам. Кўчадан йиғиштирволиб шу дунёда итлар учун жаннат яратаётган одамлар бор орамизда. Ёки қўй жаннатдан чиққан дегани уни қонини эҳсон қилиш учун ариқларда дарёдай оқизиб, шилинган териларни ҳар жойга уюб сўйиш дегани эмас. Эшитдик ҳайитда эҳсонни беришга одам топилмабди шунчалик кўп сўйилганидан. Бечоралар сўйилиши етмагандай уч кун, куннинг тиғида ўлимини кутгандан баттар азобланиб тўдаланиб турганиниям кўрдик. Бу дунё фақат сен яшашинг учун эмас, сенинг қорнинг, сенинг лаззатинг учун эмас, итнинг ҳам, мушукнинг ҳам сенинг қанчалик ҳаққинг бўлса яшашга, ҳузурланишга, уларнинг ҳам шунчалик ҳаққи бор. Дунё ҳайвонлар учун ҳам яралган, сен бу дунёнинг эгаси эмассан. Ҳайвонни хорлаб, ҳайвондан хор бўлиб ўлаётган одамларниям кўраяпмиз. Бу энди бошқа мавзу.
Барно Султонова, журналист