Ҳурматли Шавкат Миромонович,
Кейинги йилларда Сизнинг ташаббусингиз билан мамлакатимизда табиий ҳудудларни сақлаб қолиш ва уларни қайта тиклаш, экологик муҳитни яхшилаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлаш бўйича қатор Фармон ва Қарорлар қабул қилиниб, самарали чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бироқ амалга оширилаётган барча саъй-ҳаракатларга қарамай, юртимизда био хилма-хилликни асраш, ҳайвон ва бошқа жонзотларга нисбатан ғамхўрона муносабат талаб даражасида эмас. Хусусан, сўнгги пайтларда бошпанасиз ҳайвонларга нисбатан ваҳшиёна муносабат кўпаяётгани ачинарли ҳол.
“Эколог” Республика жамоат бирлашмасининг @ekologuz телеграм канали ботига ҳар куни камида 3-4 та ана шундай муносабат обуначилар томонидан фото ёки видеоформатда жўнатилади. Мазкур ҳолатлар бирлашмамиз томонидан текширилиб, асосга эга бўлганлари сайтимиз ва бошқа ижтимоий тармоқлардаги канал ва саҳифаларимизда кенг жамоатчилик эътиборага ҳавола этиб борилмоқда. Бундан ташқари, ушбу ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш ва ҳайвонларга нисбатан вахшиёна муносабат кўрсатаётган, жамиятда зўравонликни тарғиб этаётган шахсларга нисбатан чора кўриш учун белгиланган тартибда тегишли орган ва ташкилотларга юборилмоқда. Аммо бу ишларнинг ўзи етарли бўлмаяпти. Жамиятимизда жонзотларга нисбатан шафқатсизлик ҳолатларига барҳам бериш борасида айрим муаммолар мавжуд.
Асосий муаммолар:
- Бошпанасиз ит ва мушуклар муаммоси билан шуғулланиш ҳокимиятлар қошидаги Ободонлаштириш бошқармаларига юклатилган. Улар томонидан жониворларга жони бор, Аллоҳ томонидан яратилган жонзот эмас, балки чиқинди сифатида қаралади.
- Ободонлаштириш бошқармалари қошидаги “отловка”лар, яъни механизациялашган дайди жониворларни тутиш бригадалари томонидан жониворлар ваҳшиёна усуллар билан ушланиб, 5 кун сақланиши керак бўлган, жониворларни сақлаш учун умуман шароити бўлмаган, уларга овқат ва сув берилмайдиган махсус жойга олиб борилади ва 5 кундан сўнг ўлдирилади. Айрим пайтларда “отловка”га ҳам олиб борилмай, аҳоли, хусусан болалар ва аёллар кўз ўнгида, жойида ваҳшиёна тарзда калтаклаб, заҳарлаб, отиб ўлдириш ҳолатлари содир этилмоқда.
- Оилада, таълим муассасаларида, жамоат жойларида бошпанасиз жониворларга нисбатан меҳрли бўлиш на ОАВ ва на блогерлар томонидан тарғиб этилмаяпти.
- Бошпанасиз жониворлар учун мўлжалланган приютлар фақатгина бармоқ билан санарли жонкуяр фуқаролар томонидан “Якка тартибдаги тадбиркорлик” субъекти сифатида ташкил этилганлиги (чунки приют очиш мақоми бирорта қонун ҳужжатларида кўрсатилмаган, улар, афсуски жониворлардан даромад олишмайди, аксинча, бор маблағларини уларга сарфлашади. Мазкур приютлар эковолонтёрлар ва фуқароларнинг оз миқдордаги хайрия маблағлари эвазига аранг кун кўришади).
- Ҳар қандай жониворни болалигида боқишга олиб, кейин уни кўчага чиқариб ташлайдиган фуқароларга, жониворларни атайин босиб кетадиган ҳайдовчиларга нисбатан жазо чораларининг йўқлиги.
Биз мавжуд муаммоларга қуйидагича ечим таклиф этамиз:
- Бошпанасиз жониворларга муносабат борасида хорижий давлатлар (Туркия, Грузия ва бошқалар) тажрибасини ўрганиш ва улардан Ўзбекистон шароитида фойдаланиш чораларини кўриш.
- Бошпанасиз жониворлар назоратини Ветеринария қўмитасига ўтказиш.
- “Отловка”лар ўрнига давлат қарамоғидаги бошпанасиз жониворларни стериллаш, даволаш, турли юқумли касалликларга қарши эмлаш, ит ва мушук олмоқчи бўлган инсонларга тарқатадиган “приют”ларга айлантириш ва уларнинг фаолият юритиши учун давлат ва/ёки маҳаллий бюджетдан ҳар йили маблағ ажратиш.
- Барча мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида жониворларга меҳрли бўлишга қаратилган “Меҳр дарслари” ўтилишини йўлга қўйиш.
- Республикамизнинг барча электрон ОАВ ва блогларида жониворларга меҳрли бўлишни тарғиб қилувчи ижтимоий роликларнинг мунтазам намойиш этилишини йўлга қўйиш.
- Мавжуд бошпанасиз ит ва мушукларни оммавий равишда кўчма ветеринария клиникалар ва хусусия ветеринария клиникаларни жалб қилган ҳолда, стериллаш, кастрация қилиш ва эмлаш ҳамда ҳисобга олиш (белги қўйиш) ишларини давлат ҳисобидан амалга ошириш.
- Тузалмайдиган касал жониворларни фақатгина эвтаназия йўли билан йўқ қилиш.
- Бошпанасиз ҳайвонларга ваҳшиёна муносабатда бўлиш борасидаги мавжуд жазо меъёрларини кучайтириш.
- Бошпанасиз ва қаровдаги ит-мушукларнинг ягона электрон базасини яратиш.
- Давлат божхона қўмитасининг Миллий кинология маркази, Ички ишлар вазирлигининг Кинология хизмати билан биргаликда стерилланган ва эмланган қаровсиз итларни танлаш, жойлаштириш ва ушбу итларни кўзи ожиз инсонлар учун етакловчи(поводир)ликка ўргатиш ҳамда Кўзи ожизлар жамияти орқали хоҳловчи кўзи ожизларга етказиб бериш.
- Нодавлат нотижорат ва кўнгиллилар ташкилотлари билан ҳамкорликда бошпанасиз ҳайвонларга янги эгаларини топиш тизимини яратиш.
- Қариялар уйлари, қамоқхоналар, Меҳрибонлик уйларида мазкур муассасалардаги фуқароларнинг руҳий ҳолатини яхшилаш учун стерилизация қилинган, эмланган жониворлардан «тирик бурчаклар» яратиш учун фойдаланишни ташкил қилиш.
Ҳурматли Шавкат Миромонович,
Юқорида санаб ўтилган муаммоларни ва уларни ҳал этиш учун билдирилган таклифларни давлат даражасида назоратга олиниб, ҳал этилишида амалий ёрдам кўрсатишингизни сўраймиз. Зеро, Давлат ҳар қандай зўравонликка (у хоҳ инсонга, хоҳ Аллоҳ яратган бошқа тирик жонзотларга нисбатан бўлсин!) ўз ҳаракатлари билан муросасизлик кўрсатиши, жамиятда шафқатсизликнинг олдини олиш ва зўравонлик маданиятини кескин бартараф этиши лозим, деб ҳисоблаймиз!
Ҳурмат билан “Ekolog” жамоат бирлашмаси ходимлари