Асримиз ўрталарига бориб дунёда кузатилиши мумкин бўлган қурғоқчиликка доир прогнозлар асосида сунъий интеллект томонидан ишланган сурат ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Таҳлилчилар ушбу башоратга таяниб, 2050 йилларга бориб сувни жаҳондаги энг қимматли табиий неъматлардан бирига айланишини тахмин қилмоқда.
Гап шундаки, БМТ Жаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш ташкилоти ўтган йили эълон қилган баёнотида 2050 йилга келиб қурғоқчилик дунё аҳолисининг тўртдан уч қисмидан кўпроғига таъсир қилиши мумкинлигини маълум қилди. Жаҳон табиий ресурслар институти (World Resources Institute) ва Британиянинг “Economist Intelligence Unit” ташкилоти эса 2040 йилга бориб сув танқислигига энг кўп учраши тахмин қилинаётган 33 давлат номини эълон қилди. Уларорасида Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан Ўзбекистон ҳам бор.
Бошқа манбаларда эса Марказий Осиёнинг баланд тоғли ҳудудларидаги музликларнинг катта қисми аср охирига келиб эриши мумкинлиги башорат қилинмоқда. Олимларнинг бундай хулосага келишига музликлар майдони ҳар йили бир фоизга қисқараётгани сабаб сифатида кўрсатилган. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: ҳақиқатдан ҳам 20-30 йилдан кейин минтақамизда ана шундай жиддий муаммо кузатиладими?
Албатта, дунё олимларининг прогнозлари бугунги кундаги ёғинлар миқдори, табиий музликларҳажмининг ўзгариб бориш динамикаси, мавжуд экологик ҳолат ва сув истеъмоли асосида ҳисоб-китоб қилинган. Демак, минтақа, умуман олганда эса, дунё мамлакатлари айни пайтдан бошлаб вазиятни ўнглаш, яъни атмосферага зарарни камайтириш орқали экология барқарорлигига эришиш, сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш чораларини кўрмаса, бу прогнозлар маълум маънода ўзини оқлаши мантиқан тўғри бўлади. Шу боисдан ҳам эртанги куни, келажакни ўйлаган барча давлатлар бунга жиддий киришмоқда.
Ўзбекистонда ҳам экологик табиий мувозанатни тиклашдан тортиб сувдан тежамкорлик билан фойдаланишга бўлган барча йўналишларда тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Буни “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида табиатни яшиллаштириш мақсадида барпо этилаётган янгидан янги боғлар, сув йўқотилишининг олдини олиш мақсадида ариқ ва каналларнинг бетонлаштирилиши, қор ва ёмғир сувларидан самарали фойдаланиш мақсадида бунёд этилаётган сув омборлари мисолида кўриш мумкин.
Айни пайтга келиб қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда кенг жорий этилаётган биргина сув тежовчи технологияларни олайлик. Мамлакатимиз аграр секторида бундай технологияларни қўллаш нафақат сувни сезиларли даражада тежаши, балки ҳосилдорликни ошириши, сарф-харажатларни кескин камайтириши билан аҳамиятли бўлмоқда. Экинларни замонавий ёндашувлар – томчилатиб, ёмғирлатиб, умуман олганда, сув тежовчи технологиялар ёрдамида суғоришнинг самарали жиҳатлари ҳақида қуйироқда фермерларимиз қўлга киритаётган аниқ натижалар мисолида тўхталиб ўтамиз.
Гап сув сарфини тежаш, унинг ҳар томчисидан самарали фойдаланиш тўғрисида борар экан, бу борада Президентимизнинг 2022 йил 1 мартдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз.
Негаки, ушбу қарорга асосан 2022 йилда республика бўйича 89,8 минг гектарда томчилатиб, 16,2 минг гектарда ёмғирлатиб, 5,7 минг гектарда дискрет, 72,9 минг гектар майдонда эгилувчан қувурлар орқали ва 36 минг гектар майдонда эгатга плёнка тўшаб суғориш тизимлари жорий қилинди.Қарийб 243 минг гектар экин майдони лазер ускунаси ёрдамида текисланди. Натижада сув сарфи тежаладиган майдонлар 1 миллион гектардан ошиб,қишлоқ хўжалиги умумий экин майдонининг 25фоизи қамраб олинди.
Ушбу тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш учун сув хўжалиги тизим ташкилотларининг 6 минг нафардан ортиқ ишчи-ходимларидан иборат 300 та сервис-монтаж гуруҳи ташкил қилиниб, улар технологияларни монтаж қилиш ва фойдаланиш бўйича фермер ва деҳқонларимизга яқиндан амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда.
Қишлоқ хўжалиги экинлари етиштиришда сув тежовчи технологиялар жорий қилинган майдонларда минерал ўғитлар, ёқилғи—мойлаш материаллари ва механизация харажатлари билан бир қаторда, 2022 йилда 1,6 миллиард сув иқтисод қилинди. Ҳосилдорлик ўртача 30-35 фоизга ошишига эришилди. Жумладан, Тўрткўл туманидаги “Қўшназар Пахтакор” фермер хўжалиги 10,6 гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш орқали 81 центнер, Касби туманидаги “Эргаш бобо Бекбодов” фермер хўжалиги эса 22 гектар пахта майдонидан ушбу технология орқали биринчи теримнинг ўзида 50центнердан ҳосил олишга эришди.
Худди шундай, Сайхунобод туманидаги“Шомирзабой” фермер хўжалиги 2020-2021 йиллар давомида жами 100 гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиб, ҳосилдорликни 25 центнердан 35 центнергаоширишга эришган бўлса, Каттақўрғон туманидаги “Дил Алишер” фермер хўжалиги 2021 йилда 14гектар пахта даласида томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш орқали биринчи йилда 44 центнер, 2022 йилда эса 61 центнер ҳосил олди.
Сувни тежайдиган технологияларни жорий қилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга субсидиялар бериш тизими такомиллаштирилиб, “Agro-subsidiya” ягона ахборот тизими ишга туширилди ва бугунги кунда кластер ва фермер хўжаликларига субсидия ушбу тизим орқали онлайн тарзда ажратиб берилмоқда.
2023 йилда ҳам бу борадаги ишлар тизимли давом эттирилиб, сув тежовчи технологиялар қўлланилган майдонлар ҳажми ва унинг ижобий самаралари кўламини янада ошириш мақсад қилинган. Жумладан, жорий йилда 1,9 миллиард куб метр сув, 100 минг тонна минерал ўғит, 13 минг тонна ёқилғи мойлаш материаллари иқтисод қилиниши режалаштирилган, ўз навбатида, ҳосилдорлик ўртача 15–20 центнерга ошиши кутиляпти.
Сув тежовчи технологиялардан фойдаланишни оммалаштириш кўп жиҳатдан ушбу ускуналар ишлаб чиқарилишини маҳаллийлаштиришни тақазо этади. Негаки, биринчидан, импорт технологиялар қимматга тушади. Иккинчидан, яхлит тизимнинг бирор қисми ишдан чиқса, бутловчи қисмини чет элга буюртма қилиш ва кутишга тўғри келиши мумкин. Бу эса, ўз навбатида, ҳар саоати бутун мавсум самарадорлигига боғлиқ бўлган қишлоқ хўжалиги соҳаси учун тўғри келмайди. Шунинг учун ҳам бундай қурилмаларни ўзимизда ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг амалий натижаси ўлароқ, бугунги кунда республикамизда сувни тежайдиган суғориш технологияларининг ускуна ва бутловчи қисмларини маҳаллий шароитда ишлаб чиқарувчи корхоналар сони 50 тага етказилди.
Маҳаллий ишлаб чиқариш саноати кенгайиши натижасида технологиянинг нархи 15-20 фоизгаарзонлашиши билан бир қаторда, ҳудудларда ўтган йилларда томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинган майдонларда фойдаланилган бир йиллик томизғичли шлангларни утилизация қилиш ҳамда бундай технология жорий қилинган майдонларга сервис хизмат кўрсатиш марказлари ва савдо шохобчалари ташкил қилинди.
Сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенг жорий қилиш, улардан фойдаланиш бўйича туманлараро тажриба алмашиш ҳамда белгиланган имтиёзлар билан фермерларни яқиндан таништириш мақсадида вазирлик томонидан жойларда амалий кўргазмали семинарлар ташкил қилиниб,жамоатчилик ўртасида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.
Жойларда олиб борилган тарғибот-ташвиқотлар ва ўқитиш курслари давомида фермер хўжаликлари томонидан шўрланган тупроқларда пахта етиштиришда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш бўйича кўплаб мурожаатлар ва эътирозлар юзага келди. Шу боис, 2022 йилда шўрланган, турли механик таркибли тупроқларшароитида ғўзанинг “Бухоро-102” навини томчилатиб суғоришда мақбул суғориш техникаси элементларини аниқлаш, уларнинг ғўзани ўсиши, ривожланиши ва ҳосилдорлиги ҳамда пахта толасининг сифат кўрсаткичларига таъсирини баҳолаш ҳамда ғўзани томчилатиб суғоришнинг суғориладиган ерларнинг мелиоратив режимига таъсирини аниқлаш бўйича дала майдонида кузатувлар олиб борилди.
Тажриба майдонида январь – февраль ойларининг биринчи ва иккинчи ўн кунликларида шўр ювиш тадбирлари ўтказилди. Март ойининг иккинчи ўн кунлигида тупроқдаги намлик захирасини сақлаш мақсадида икки томонлама борона ўтказилди.
Апрелнинг бошида ер юзаси бўйлаб ҳар гектар майдон ҳисобига 100 килограммдан аммофос ўғити солиниб, борона-мола босилди. 7 апрел куни эса Бухоро вилояти шароити учун районлаштирилган “Бухоро-102” ғўза нави экилди. Чигит аниқ уяларга махсус экиш сеялкалари ёрдамида экилиб, экиш меъёри 28 килограмм/гектарни ташкил этди. Чигит экилгандан 8-9 кун ўтиб, уруғлар тўлиқ униб чиқди.
Ғўза қатор ораларига биринчи марта чигит униб чиққандан 10-12 кун ўтиб биринчи ишлов берилди. Культивациядан сўнг биринчи марта бегона ўтларга қарши чопиқ қилинди.
Тажриба далаларида чигит аниқ уяларга махсус сеялкалар ёрдамида экилгани сабабли ягона қилиш талаб қилинмади, лекин шунга қарамасдан ҳар бир даладаги ортиқча кўчатлар олиб ташланди. Натижада тажриба даласида гектарига 95-100 минг туп ғўза кўчати ундирилди. Бу кўчатлар сони Бухоро вилояти шароити учун “Бухоро-102” навида мақбул ҳисобланади.
Ғўзани озиқлантириш тажриба майдонида азотли ўғитлар 2 марта берилиб, далага бериш муддати экишдан олдин ва шоналаш фазаларида амалга оширилди. Фосфорли ўғитлардан эса аммофос ўғити қўлланилиб, бунда ўғитнинг йиллик меъёри гектарига 175 килограммни ташкил қилди.
Тажрибалар давомида механик таркиби оғир қумоқ тупроқларда томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинганда томизғичнинг сув сарфи 1,8 ҳамда 2 литр/соатни, томизғичлар орасидаги масофа 20 сантиметрни ташкил қилди.
Тажриба натижалари таҳлилидан шундай хулосага келиш мумкинки, турли механик таркибли тупроқларда ғўзани етиштиришда томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинганда даладан олинадиган ҳосилдорлик анъанавий усулда эгат орқали суғорилган майдонларга нисбатан юқори бўлади.
Ҳосилдорликнинг ошишига асосий сабаблардан бири бу ўсимликка ўз муддатларида сув ва озуқа моддаларини етказиб бериш бўлса, иккинчи томондан, техникаларнинг эгатлаб суғорилган далаларга нисбатан камроқ кириши ҳисобига тупроқнинг зичлашишининг олди олинади. Натижада ўсимликнинг илдизига ҳеч қандай шикаст етказилмайди, яхши ривожланади. Бу эса, ўз навбатида, ғўза туплари сони тўлиқлиги ва юқори ҳосилдорликни таъминлайди.
Умуман олганда, мамлакатимизда қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни ошириш, бу борада ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашдан тортиб соҳага энг сўнгги илм-фан ютуқлари, хусусан, сув тежовчи технологияларни жорий этишгача бўлган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Биргина айни мавзу – сувни тежаш масаласини оладиган бўлсак, ушбу неъматдан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилаётгани, хусусан, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида 7 миллиард куб метр сувни тежаш вазифаси белгиланганидиққатга сазовордир.
Зеро, ушбу турдаги технологиялар манзилли озиқлантириш, яъни сувнинг барча ўсимликларга тенг ва бир хил миқдорда оқиши ҳисобига буғланиш, шимилиш туфайли кузатилиши мумкин бўлган катта йўқотишларнинг олди олиш, бошқача айтганда, сувсарфини 70 фоизгача тежаш, қолаверса, минерал ўғит, ишчи кучи, ёқилғи сарфини ҳам сезиларли даражада қисқартиришга замин яратиши билан янада аҳамиятлидир. Энг асосийси эса, ҳосилдорликни икки баравар оширишга имкон яратишидир.
Фарҳод ҚУЗИЕВ,
Сув хўжалиги вазирлиги
Ахборот—таҳлил ва ресурс
маркази бўлим бошлиғи