Фарғона ҳайвонот боғида Қозоғистондан келтирилган Максим лақабли жирафа нобуд бўлди. У аномал совуқ кунларда шамоллаб қолган. Бундай совуқ сабабли бошқа майда жонзотлар, хусусан, қушлар ҳам нобуд бўлган.
Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоятидаги ҳайвонот боғида Қозоғистондан олиб келинган Максим лақабли жирафа нобуд бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу маълумотни «Газета.uz»га зоопарк директори Турсунали Мамажонов тасдиқлади.
Боғ директори ҳолатга изоҳ берар экан, жирафанинг ўлимига аномал совуқ сабаб бўлганини айтди.
«Хонаси кичиклиги учун ташқарига — тоза ҳавога, шамоллатишга олиб чиқиб турардик. Охирги пайт кўп ётадиган бўлиб қолганди. Аномал совуқ кунларида ташқарига чиқарганимизда шамоллаб қолибди, буни ўлгандан кейин билдик. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси, Табиат вазирлиги вилоят бошқармаси ва бошқа ташкилотлардан мутахассиларни чақиртириб, жасадини текширтирдик, ўшанда шамоллагани маълум бўлди. Гўштини эса ҳайвонларга тарқатдик», — деди Турсунали Мамажонов.
Унинг сўзларига кўра, аномал совуқда бошқа майда жонзотлар, хусусан, қушлар ҳам нобуд бўлган, бироқ бошқа йирик ҳайвонларга зарар етмаган.
Турсунали Мамажонов президентнинг Фарғонага ташрифи давомида ҳайвонот боғини реконструкция қилишга ва уни янги жонзотлар билан бойитишга маблағ ажратилиши белгиланганини таъкидлади.