Ижтимоий тармоқларда пушти сақоқуш овланиб, шафқатсизларча ўлдирилган тасвир тарқалди. Табиат вазирлиги инспекторлари ва “Экологик патруль” гуруҳи ҳолат содир бўлган манзилни ва фуқаронинг шахсини аниқлади.
Вазирликнинг «Айдар-Арнасой» кўллар тизими бўлими давлат инспекторлари ҳамда ички ишлар ходимлари ҳамкорлигида олиб борилган тезкор тадбирда ҳолат Жиззах вилоятининг Арнасой туманида жойлашган кўлда содир бўлгани ва фуқаро E.Д. бир бош сақоқуш (пеликан)ни қармоқ ёрдамида ушлаб, нобуд қилгани аниқланди.
Мазкур ҳолатда “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги ҳамда “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги қонунлари бузилган.
Сақоқуш (пеликан) Ўзбекистон Қизил китобига киритилган тур бўлгани сабабли ҳуқуқбузарга нисбатан қонуний чора кўриш ва ҳайвонот дунёсига етказилган зарарни ундириш мақсадида тўпланган ҳужжатлар тегишли прокуратура органларига тақдим этилди.
Пушти сақоқуш Ўзбекистон Қизил китобига заиф, қисқариб бораётган учиб ўтувчи-уяловчи тур мақоми билан киритилган. У, шунингдек, ТМХИ (Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи) Қизил рўйхатига ҳам киритилган.