Наманган вилояти Чортоқ туманидаги тадбиркор Жаҳонгир Абдураимовга қарашли «FUJOZE TEKS» МЧЖ йирик молиявий инқирозга юз тутгани айтилмоқда (1), (2). Хабарда МЧЖнинг паррандачилик корпусида 32 минг дона бройлер жўжалар совуқдан ўлгани айтилади.
Ekolog.uz ушбу хабарларнинг қанчалик ҳақиқатга яқинлигини аниқлаш мақсадида маълумотларни текширди.
Вердикт: Ўзгартирилган ҳақиқат
Хабарларда FUJOZE TEKS” МЧЖдаги ҳолат, деб тарқатилаётган расмга этибор билан қаралса, унда “@mombasa_poultry_solution” сувли белгиси мавжуд эканлиги кўзга ташланади.
Шунингдек, фирма таъсисчиси ва раҳбари Жаҳонгир Абдураимовнинг айтишича, корхонада юнон ғозлари, филиппин ўрдаклари етиштирилади. Бройлер паррандалари эса боқилмаган. “Бизда бундай муаммолар мавжуд эмас. Шунинг учун фейк хабарларга ишониб қолмаслигингизни илтимос қиламан”, дейди у.
Эълон қилинган сурат эса Жанубий Африканинг Колиньи шаҳарчасида олинган. Mail Guardian нашрининг ёзишича, 15 январь куни тунда ҳудуддаги шимолий-ғарбий фермер хўжалигида паст кучланишли электр токи сабабли ҳаво алмаштириш тизимининг ишламаслиги оқибатида 40 минг жўжа нобуд бўлган.