Ноёб қўнғир айиқнинг боласи сақлаб қолинди

2023-йилнинг 24-январ куни Сурхондарё вилоятида жойлашган “Узун” давлат ўрмон хўжалиги ҳудудидан ушбу хўжалик ходимлари томонидан ёлғиз юрган бир бош айиқ боласи топилган, Табиат ресурслари вазирлиги матбуот хизматининг сайтимизга хабар беришича.

Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган Тян-шан қўнғир айиқ турига мансуб бўлган ушбу айиқ боласи онаси уйқуга кетишдан олдин адашиб қолгани тахмин қилинмоқда.

Қишнинг ҳозирги совуқ кунларида унинг ёввойи табиатда озуқа тополмай нобуд бўлиши ҳамда браконйерлар томонидан овланиши эҳтимоли юқори эканлиги инобатга олиниб, Табиат ресурслари вазирлиги томонидан айиқ боласи ветеринария кўригидан ўтказиш ва вақтинча сақлаб туриш мақсадида Тошкент ҳайвонот боғи қошидаги реабилитация марказига топширилмоқда.

Вазирлик ҳамда Тошкент ҳайвонот боғи мутахассислари баҳор фасли бошида ушбу айиқ боласини “Узун” давлат ўрмон хўжалигидаги табиат бағрига қўйиб юборишни режалаштирмоқда.

Даврон Эргашев