Ўзбекистонлик журналистлар АҚШда бўлишди

Қишлоқ хўжалиги деярли барча мамлакатларнинг иқтисодиётини асосий таркибий қисми ҳисобланади. Жумладан, юқори қийматли қишлоқ хўжалиги махсулотлари ишлаб чиқариш ҳосилдор ерлар улушини талаб қилади. Шунингдек, яхши ҳосил кўтариш катта миқдорда сув ва ишчи кучи меҳнатини талаб қилади. Бу борадаги тараққиётнинг қатор мамлакатларда йўқлиги эса ахолининг қашшоқликда ҳаёт кечиришига олиб келаяпти. Хусусан, Африка мамлакатларида  сув муаммоси, очиқ ва ёпиқ дренажларни йўқлиги ёки улардан етарли даражада фойдалана олмаслик ерлардан кам хосил етиштирилишига ёки умуман экинни қўриб қолишига сабаб бўлмоқда. Марказий Осиё давлатлари хам қурғоқчилик туфайли мавжуд экинлардан қийин ҳосил оладиган давлатлар сирасига киради. Айниқса, Орол денгизини қуриб бориши ушбу худудда  5 миллион гектар қум ва тузли майдонларни очилиб қолишига сабаб бўлди. Бу эса туз ва қумларни шамол орқали бошқа ҳудудларга кўчишига, пировардида унумдор ерларни  шўрланишига сабаб бўлаяпти. АҚШ  Давлат департаменти қошидаги Хориж матбуот маркази ва  АҚШнинг  Ўзбекистондаги элчихонаси хамда Вашингтондаги Меридиан Халқаро маркази томонидан ўзбекистонлик журналистлар учун АҚШнинг Калифорния штатига ўтказилган медиатурда бу борада фикр-алмашувлар алмашилиб, тажрибаларни оммалаштириш бўйича сухбатлар  ташкил этилди. Ушбу 11 кунлик «Media Co-op — 2022» дастурида “Ўзбекистон 24” телерадиоканали, “Фермер” журнали хамда “Қалампир.уз” сайти журналистлари иштирок этиб, Океанорти мамлакатида экология, қишлоқ хўжалиги ва сув муаммолари, шамол энергетикасидан самарали фойдаланиш йўналишидаги илғор тажрибалар билан яқиндан танишдилар. Умуман, АҚШга сафар чоғида  ўзбек журналистлари 17 та нодавлат ташкилотлари ва фермер хўжаликлари хамда Берклидаги Калифорния Университетида бўлиб ижодий мулоқотлар икки томон учун хам манфаатли бўлди. Ушбу ўтказилган мулоқотлар жараёнида АҚШда  нодавлат ташкилотлари ва волонтёрлик гуруҳлари жамоатчилик назоратини ташкил этган ҳолда мавжуд экологик ва ижтимоий муаммоларга махаллий Хукумат эътиборини қаратиш, шу орқали муаммоларни амалий ҳал этиш масалалари билан бирга олимлар томонидан олиб борилаётган изланишлар атрофлича тахлил этилди. Жумладан, Climate Reality ташкилотининг иқлим бўйича бизнес ишчи гуруҳи раҳбари Эндрю Эллис фикрича, 2017 йилда ташкил этилган ташкилот  Лос-Анжелес шахридаги энг йирик нодавлат харакат ҳисобланади. Сув ва қайта тикланадиган энергия борасида маҳаллий аҳоли ва ҳукумат билан ишлашда ташкилотимиз волонтёрларни ўзига бирлаштирган.  Хозирда ташкилотимиз ўз теварагига  она-табиатга, атроф-муҳитга меҳри бўлакча 700 дан ортиқ аъзоларни жамлаган.

-Биз ҳар куни фуқаролармиз, ўқитувчилар, олимлар, фаоллар, рассомлар, ижодкорлар умуман барча кўнгиллилар билан Иқлим ўзгаришини келиб чиқиши ва оқибатлари хамда уни қандай ҳал қилишимиз бўйича фикр-алмашувлар ўтказамиз. Шунингдек, экологияни ўнглаш ҳамда қишлоқ хўжалиги жабҳасида сифатли маҳсулот етиштиришда деҳқон, фермерларга қандай кўмак беришни мухокама этамиз. Яна бошқа мақсадларимиз корхоналарда энергия тежамкорлигини йўлга қўйиш, қайта тикланадиган энергияга ўтиш ва иқлим ўзгариши оқибатларини бартараф этишга кўмаклашишдир. Бундан ташқари Лос Анжелесдаги 13 гектарли Десконса Миллий Парки холатини яхшилашга, флора ва фаунасини асрашга хам ҳисса қўшиб келаяпмиз,-дейди Эндрю Эллис сухбат давомида.

Communities for a Better Environment ташкилоти ходими Баҳром Фазели қайд этганидек, унинг ташкилоти 1978-йилда ташкил этилган бўлиб, мамлакатдаги энг нуфузли экологик харакатдир. Маҳаллий даражада экологик муаммоларни ҳал қилиш, айниқса, кам таъминланганлар учун кўпинча номутаносиб таъсир кўрсатадиган жамоалар ҳаракатини бу ташкилот самарали йўлга қўйишга эътибор қаратади. Жумладан, Калифорния штатидагида кучли ифлосланган шаҳарлар ҳавоси ташкилотни энг ўйлантирадиган масалалардан биридир. Ўтган 18 йил давомида ташкилот аъзолари бир қатор тадқиқотлар олиб бориб, ижтимоий лойиҳаларни режалаштириш ва турли кампаниялар учун техник ёрдам кўрсатиш учун юридик ёрдамлар кўрсатиб келаяпти. Жумладан, аҳоли худудларида нефт қазиб олишни хавфсиз ташкил этиш бўйича кенг қамровли ҳаракат олиб бораяпмиз. Айниқса, нефт олиш жараёнида ҳавони ифлослантирмаслик, аҳоли саломатлиги учун мухофаза қўрғонини яратиш бу йўналишда асосий ўрин тутади.

Sierra Club – Los Angeles Chapter марказининг Иқлим бўйича ҳаракатлар қўмитаси раиси Аура Васкес Маълумотига кўра, 1892 йилда Сан-Францискода асос солган ташкилот 1911-йил 1-ноябрда Лос-Анжелесда хам иш бошлаган. Аура Васкес бошчилигидаги қўмита ўн йилдан ортиқ вақтдан бери Лос-Анжелесда тоза ҳаво учун корхоналар фаолиятини ўрганиб, уларни бу борадаги камчиликларини тузатишга эътибор қаратиб келади. 2014 йил март ойида бутун шаҳар коалициясининг саъй-ҳаракатлари билан 2025 йилдан бошлаб Лож Анжелес кўмирсиз худуд бўлиши эълон қилинди. Бу борада айни пайтда «Тоза — ҳаво» лойиҳаси амалга оширилиб, ҳамкорлари бўлган деҳқон, фермерлардан тортиб, йирик корхона эгалари билан бирга уни хаётга тадбиқ этишга эътибор қаратилаяпти.

Миллий ресурсларни ҳимоя қилиш кенгаши  National Resources Defense Council -NRDC  ташкилоти ходими Ароҳи Шарма қайд этганидек,  Санта  Моника шаҳридаги Тинч океани қирғоқларига яқин манзилда фаолият юритиб келаётган NRDC ташкилоти  ўсимлик ва ҳайвонлар хамда табиатни ҳимоя қилиш учун ишлайдиган тизимларга эгадир. Яъни ташкилот аъзолари регенератив усулда қишлоқ хўжалигини рағбатлантирадиган сиёсат юритиш иқлим ўзгариши, тупроқ унумдорлигини муҳофаза қилиш, сувдан фойдаланишни камайтириш, биологик хилма-хилликни тиклашга ёрдам беради. Ташкилотни кўзлаган режалари улкан. Булар сирасига қишлоқ хўжалигини юксалтириш, қуёш панелларидан расамади билан фойдаланиш каби йирик масалаларни хам қўшиш мумкин.

Lyle Center for Regenerative Studies яъни Лайл Регенератив тадқиқотлар маркази агроэкологи Жиллиан Гомез таъкидлаганидек, Мазкур марказ Калифорния Политехника университети кампусида 16 акр (6,5 га) майдонда жойлашган бўлиб, ходимлар ўсимликлар дунёсини ўрганиш борасида иш олиб боришади. Асосан, марказ аъзолари Регенератив тадқиқотлар билан банд. Жумладан, уйлар томида резавор ва бошқа махсулотлар етиштириш бўйича иш олиб борилаяпти. Талабалар бўш вақтларида буерда амалий машғулотларда қатнашади. Умуман, илмий-тадқиқотлар ўтказиладиган марказ очиқ далада, қалин дарахтлар билан қопланган сўлим бир масканда жойлашган. Бу ерда 10 дан ортиқ турдаги турли ўсимлик ҳамда қишлоқ хўжалиги экинлари устида тўлоқонли тажриба ўтказиб борилаяпти.

Sky’s the Limit Observatory яъни Осмон чегаравий расадхонаси рахбари Энн Конгдон билан учрашувимизда Обсерватория бу амалий машғулотларни ўтказадиган нотижорат ташкилоти эканлигини билиб олдик. Буерда  Ердаги энг кичик объектларни кўриш ёки улкан дисплейларни кузатиш учун бир неча телескоплар бор. Wоnder Электрик ва Эли компаниялари томонидан ҳадя қилинган саккизта қуёш панеллари туфайли ёритиш қурилмалари ва компютерлар мунтазам ишлайди ва проекторлар ўзи учун қувват олади. Шунингдек, буердаги майдонда куёш орбитасидаги планеталарни мунтазам жойлашуви бўйича 1х300000 хажмда олинган нусхаси барпо этилган. Худуд яқинидаги мактаблар ўқувчилари астрономия фанларининг очиқ машғулотларини ушбу масканда ўтказишади. Майкл Конгдон ҳамда Майкл Шмит каби кекса ёшдаги волонтёрлар хам ушбу расадхонани самарали ишлашига ҳисса қўшиб келмоқда. Майкл Конгдон ўз сўзида бундан 15 йиллар муқаддам Ўзбекистонга борганини, Самарқанддаги Мирзо Улуғбек Обсерваторясини кўрганини гапириб берди. Ўзбекистондаги мехмондўстлик, миллий таомларнинг ўзига хослиги унда катта таассурот қолдирганини хали хануз эслар экан.

Morongo Basin Conservation Association Моронго ҳавзасини муҳофаза қилиш уюшмаси вакили Стив Бардwелл айтишича Ташкилот Табиатни муҳофаза қилиш ва экотуризмни ривожлантириш билан шуғулланади. Хусусан,  Моронго ҳавзасидаги чўлни ҳимоя қилади. Бу борада Айтиш лозимки, Моронго ҳавзасининг иқтисодий ва экологик эксплуатацияси худуд фаровонлигини ҳимоя қилиш ва ёндош худуд аҳолисининг манфаатларига мос келмайди. Шу боис Катта Моронго ҳавзаси деб номланувчи бутун ҳудуд учун бош режа тузиш ғояси илгари сурилмоқда. Жумладан, Ташкилот томонидан 1969 йилда аҳоли билан бирга  Моронго хавзасида электр узатиш тармоғини қуришни тўхтатишга эришилган.

Center for Biological Diversity -Биологик хилма-хиллик марказининг   табиатни муҳофаза қилиш бўйича директори Брендан Каммингс қайд этганидек, Ташкилот Табиатни муҳофаза қилиш ва экотуризм сохаси ривожи йўлида иш юритади. Жамоа Биологик хилма-хиллик инсон фаровонлигини асосий кўриниши деб хисоблайди. Чунки табиат билан чамбарчас дунёмизда ёввойи ҳайвонларнинг хилма-хиллиги ва ўсимликлар бойлиги жамият ютуғидир. Уларнинг йўқолишига йўл қўймаслик эса барчани бурчидир. Шу боис илм-фан, ҳуқуқ ва оммавий ахборот воситалари орқали ерларни, сувларни, флора ва фаунани ҳимоя қилишга қаратилган лойихаларни амалга оширамиз. Ташкилот аъзолари Қонун лойихаларини такомиллаштириш бўйича йўқолиб кетиш хавфи остидаги турлар тўғрисидаги ўнлаб таклифларни илгари суриб, Денгиз сутэмизувчиларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун, Тоза сув қонуни ва бошқа кўплаб штат ва федерал низомларни  қабул қилишда фаоллик кўрсатди. Бренден Каммингисни табиат қўриқчиси сифатида хаётида учраган ҳодисалар ва худуд тарихига оид қатор мисоллар келтирди.

Marin Agricultural Land Trust- Марин қишлоқ хўжалиги ерлари трести ходими СКОТ ДИНБАР Маълумотига кўра, 1980 йилда икки аёл — чорвадор Эллен Страус ва ботаник Филлис Фабер оилавий фермаларни ҳимоя қилиш учун маҳаллий чорвадорлар ва табиатни муҳофаза қилувчиларни бирлаштириб, ушбу трестга асос солган. Ташкилот Қишлоқ хўжалигида сув муаммолари, уруғчилик ва экинларни алмашлаб экишни тарғиб этиш билан шуғулланишни бош мақсад қилган. Ўтган йиллар давомида ташкилот Марин округида 55 минг акрдан ортиқ майдонни ҳимоя қилиб, сармоя киритилишига эришди. Жумладан, тупроқ унумдорлигини яхшилаш, сув сифатини ҳимоя қилиш ва кўпайтиришга қаратилган лойиҳаларга 1,8 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратилди. Бу лойихалар асосида 13 та чучук сув булоқлари қайта қурилди, 61 350 фут суғориш қувурлари ўрнатилди. 46 та сув сақлаш идиши ўрнатилди, жами бу идишларда 169 300 галлонмиқдорида сув сақланади. Шунингдек, ўрнатилган 20 та сув насосларининг кўпчилиги қуёш энергияси билан ишлайди. Марин округидаги барча фермерлар ва фермерлар грант олиш ҳуқуқига эга. Узоқ муддатли сув инфратузилмаси лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун 15 000 доллар олишлари мумкин. 2022 йил апрел ойида Ташкилот Кенгаши молиялаштириш учун қўшимча 250 000 доллар ажратишни маъқуллади. янада кўпроқ таъсир кўрсатиш учун ДРАWС учун жами 750 000 АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтирилди.

Fibershed Фибершед компанияси асосчиси Ребекка Бургесс билан учрашувимиз хам қизиқ ўтди. Унинг Маълумотига кўра, Фибершед — бу минтақавий толали тизимларни ишлаб чиқадиган нотижорат ташкилот хисобланади. Ташкилотни фаолияти иқлимни амалга ошириш имкониятларини кенгайтиради, қишлоқ хўжалигига фойда келтириш, минтақавий ишлаб чиқаришни кенгайтирувчилар ва охирги фойдаланувчиларни етарли маълумотлар билан таъминлаб боради. Ребекка Бургесс худудда энг кўп сотилган «Ҳарвестинг Cолор» китобининг муаллифи. Китоб Фермерлар, мода саноати ва янги тўқимачилик иқтисодиёти учун 2019-йилда чоп этилган. Умуман, мазкур ташкилот пахта толаси ва қўй жуни етиштирувчилар билан уни қайта ишловчилар ўртасида илмий асосда воситачилик ишларини ташкил этиб боради. Шу ерда АҚШда сариқ, яшил ва қизил пахта етиштирилишини билиб олиб, бевосита уларнинг хосилини кўришга эришдик.

Берклидаги Калифорния Университети профессори Девид Зилберман билан учрашувимиз унинг уйида ташкил этилди. Профессор қайд этганидек, Университетнинг қишлоқ хўжалиги ва ресурслар иқтисодиёти факультети дунёдаги қишлоқ хўжалиги ва ресурс иқтисодиёти бўйича энг юқори даражали дастурлар асосида дарс ўтилишига эришиб келмоқда. Хусусан, Факултет профессор-ўқитувчилари ва магистратура талабалари Глобал озиқ-овқат ишлаб чиқариш,  Озиқланиш ва саломатлик, Ривожланиш иқтисодиёти,  Иқлим ўзгариши, Атроф-муҳит иқтисодиёти,  Амалий эконометрия, Сиёсатни баҳолаш,  Энергия иқтисодиёти, Табиий ресурслар иқтисодиёти хамда  Халқаро савдо йўналишларида илғор тадқиқотлар олиб боради. Шунингдек, Университет олимлари Атроф-муҳит иқтисодиёти ва сиёсати бўйича бакалавриат йўналишида мутахассислар тайёрлайди. Талабалар атроф-муҳит муаммоларига қўлланиладиган микроиқтисодиёт асосларини ўрганади; табиий ресурслар ва халқаро ривожланиш бўйича малакага эга бўлишади. Профессор Девид Зилберман қишлоқ хўжалиги ва ресурс иқтисодиёти бўйича кўплаб китоблар ёзиб, профессионал журналларда мақолалар чиқарган.

Clean Water Action -Тоза сув аксияси маркази вакили Нгодоо Атуме билан учрашувимизда қайд этилганидек, Ташкилот 1972 йилда муҳим тоза сув қонунини қабул қилиш кампанияси давомида ташкил этилган хамда тоза сув орқали соғлиқни сақлаш ва атроф-муҳит муҳофазасига эришишни мақсад қилган. Асосий шиори атроф-муҳитни, саломатлигини, иқтисодий фаровонлигини ва жамиятнинг ҳаёт сифатини ҳимоя қилишдир. Ташкилот кучли бошланғич гуруҳларга эга бўлиб, атроф-муҳит ва жамият муаммоларини ҳал қилишдан уларнинг аъзолари кучидан фойдаланади. Хусусан, Нгодоо Атуме — Окленд штатидаги ушбу ташкилотнинг сув сиёсати бўйича таҳлилчиси сифатида, ер ости сувларини бошқариш ва нитрат ифлосланишини назорат қилишда катта кучга эга. Хозирда ташкилот аъзолари Барқарор ер ости сувларини бошқариш тўғрисидаги қонунни амалга ошириш хамда, Марказий водийнинг шўрланиши оқибатларини камайтириш бўйича иш юритмоқда. Маълумот ўрнида айтиш керакки, ҳозирда Калифорния штатида бир ярим мингга яқин қудуқлар қуриб қолган, 800 га яқин аҳоли пунктлари аҳолисига тоза ичимлик  суви маҳаллий Хукумат ва қатор ташкилотлар кўмагида беғараз етказиб берилмоқда.

СIZBAY-Сизбай  компанияси директори Кетрин Франсуз айтишича Сан Хосе шаҳрида фаолият олиб бораётган ташкилот тупроқ унумдорлигини тиклаш ва микроблардан фойдаланадиган биоинновацион компания хисобланади. Компания ерларни унумдорлигини ошириш ва чиқинди сувни фойдали сувга айлантириш бўйича инновацион ғояларни амалиётга тадбиқ этиб боради. Кўп йиллар давомида компания ифлосланиш экотизимларга қандай таъсир қилишини ва ифлосланган организмларни қандай яхшилайдиган микроб моддаларни яратиш бўйича иш олиб борган. Дастлабки иш бактериялар ва ўсимликларни ривожлантиришга қаратилган эди ва унда хом нефтни тезда парчалашга эришилган. Компания жамоаси асосан биологлардан иборат, генетик муҳандислар, кимёгарлар, экологлар хам фаолият кўрсатади. Силикон водийсида асос солинган Гисбай компанияси қисқа вақт ичида 11 та давлатга кириб бора олди. Жумладан, Ҳиндистон, АҚШ, Сингапурлик фермерлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Компания Бир нечта университетларнинг олимлари ва тадқиқотчилари билан ҳамкорлик қилиб, хамкор давлатлардаги тадқиқот марказларида компания маҳсулотларини мижозларга тақдим этиб келади. Маълум бирикмалар асосида олинган табиий микроблар тупроқнинг тириклигини таъминлайди. Ўн йиллик тадқиқотлар натижасида, тупроқни ёшартиришга ёрдам берадиган ноёб микробиал профилларни олишга эришилгани олимлар тарафидан эътироф этилмоқда. Бу ютуқлар микроблар даврининг бошланиши ва микробларни оптималлаштиришни давом эттириш орқали экинларга солинадиган кимёвий ўғитлар, гербицидлар ва пестицидларни сезиларли даражада камайтиришга эришилмоқда.

Alemany Farm-Алеманй фермер хўжалиги асосчиларидан бўлган Жон Стокес билан учрашувимиз хам самарали бўлди. Сан Франсисконинг жануби-шарқидаги 3,5 акр майдонда жойлашган Алеманй Фарм фермер хўжалиги Органик ферма хисобланиб, унда экотизимдаги қатор йўналишларда таълим дастурлари хам амалга оширилади. Фермер хўжалигида 10 га яқин турдаги резаворлар, сабзавотлар хамда мевалар етиштирилади. Етиштирилган хосиллар эхтиёжманд оилаларга хамда хўжаликда ишлаётганларга бепул тарқатилади. Буерда Болалар ва катталарни экологик билимини ошириш,  боғдорчилик сирлар, экинларни экиш, парваришлаш хамда хосилни йиғиб олиш бўйича кўникмалари оширилиб, амалий ишларда қатнашишга рухсат берилади. Фермер хўжалигида кичик теплица хам мавжуд бўлиб, уерда уруғдан кўчат олиш йўлга қўйилган. Фермер хўжалигида томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизими йўлга қўйилган. Умуман, Эколог Девид Брауер томонидан асос солинган фермер хўжаликда 30 йилдан ортиқ вақт мобайнида 75 дан ортиқ лойиҳалар амалга оширилиб, уларга молиявий ҳомийлик ишлари кўрсатиб келинади.

Ёсемит миллий боғи жамоатчилик билан алоқалар бўлими ходими ва парк матбуот котиби Скотт Гедиман билан учрашувга бир соатлар кечикиб бордик. Чунки тоғ йўлида харакатланган автомашинамиз йўл четидаги қорга ботиб қолди. 4 кишилик гурухимиз саъй-харакати орқали  ярим соатдан ошиқ вақтда машинани йўлни ўртасига чиқариб олдик ва манзилга йўл олдик. Скотт Гедиман таъкидлаганидек, қарийб 4 минг метр баландликда жойлашган ва 300 минг акрдан ортиқ  жойни эгаллаган Йосимети Миллий Парки илк марта 1864 йилда мухофазага олинган. 1890 йилдан буён миллий қўриқхона сифатида муҳофаза этиладиган Ёсемит миллий боғи тоғлари, ноёб табиати, қоялари, секвойя каби гигант дарахтлари, шаршара, дарёлари, айиқ, тоғ шери, лочинлари билан машҳур. Шунингдек, қарийб 1200 квадрат миляни ўз ичига олган чуқур водийлар, катта ўтлоқлар,  кенг чўл ҳудуди келувчиларнинг эьтиборини ўзига тортади. Ёсемит миллий боғи Калифорнияда жойлашган Сиерра Невада тоғларини хам ўз ичига олган. У ўзининг улкан туннел кўриниши билан машҳур. Баланд Бридалвеил шаршарасининг рамзий манзараси ва Эл Капитан ва Ярим гумбазнинг гранит қоялари барчада катта таассурот қолдиради.

Жошуа Три Миллий Парки ходими Родди Маккаллей маълумотига кўра,  Joshua Tree National Park — Америка Қўшма Штатларидаги Калифорния  штатининг жанубий-шарқида жойлашган миллий боғ бўлиб, мазкур Паркнинг майдони 3196 км квадратни ташкил этади. 1936 йилдан — АҚШнинг миллий ёдгорлиги сифатида тан олинган. 1994 йил 31 октябрда АҚШ президенти Билл Клинтон уни мамлакат миллий боғи деб эълон қилди. Жошуа Трее Парк Америка Қўшма Штатларининг жануби-ғарбий қисмида, Мохаве чўли ва Соноран чўлининг кесишмасида жойлашган. Боғнинг марказий қисмида жойлашган ажойиб тош мажмуалари туфайли сайёҳлар орасида шуҳрат қозонди. Мохаве чўли паркнинг шимолий қисмини эгаллайди, унинг ҳудудида Юccа бревифолиа яъни Юccа жинсидан дарахтга ўхшаш ширали — «Жошуа дарахти»  ўсади, шу боис парк умумий номи шу дарахт номи билан аталган. Боғнинг шарқий ва жанубий қисмлари креозот буталари ва сакрош холия каби ўсимликлар туфайли Соноран чўлини эслатади. Миллий боғда сут эмизувчиларнинг 57 тури, судралиб юрувчиларнинг 49 тури ва қушларнинг 250 дан ортиқ тури яшайди. Энг кўп учрайдиган турлари ер синcаплари, кенгурулар, антилопалар, коётлар, калтакесаклар, қарғалар ва бошқалардир. Бир вақтлар Миллий Парк худудида аҳоли пунктлари бўлган. Хозирда улар сони жуда кам. Лекин ўша пайтларда аҳоли яшаган хонадонлар бугунги кунда асл холича сақланиб келмоқда. Махсус табиат қўриқчилари уларни хавфсиз холда табиатдан бахра олишига кўмаклашиб, Боғнинг ўзига хос жихатлари тўғрисида билимларини оширишга хам кўмаклашмоқда. Умуман, Жошуа Паркида 300 дан ортиқ экотуризм бўйича йўналишлар мавжуд бўлиб, уерларда тоза сув, хожатхона, чиқинди ташлаш жойлари етарлича мавжуд қилинган. Бундан ташқари Жошуа Три Миллий Паркида спортнинг алпинизм тури бўйича турли мусобақалар ташкил этилиб, тоғ ва қояларга чиқиш бўйича беллашувлар ташкил этиб борилади.   Умуман АҚШнинг Калифорния штатига 11 кун давомида ташкил қилинган медиатур барча иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Абдувоҳид Ачилов.