Ўзбекистонда сув масаласи: муаммо ва ечим

Ўзбекистондан сув танқислиги глобал иқлим ўзгариши оқибатида тобора долзарблашиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Сув ва энергетика ресурслари – Марказий Осиё давлатларини бирлаштирувчи омилдир. Дарёлар ирмоғида жойлашган тоғли мамлакатлар (Қирғизистон ва Тожикистон) жуда катта чучук сув захиралари ва улкан гидроэнергетик салоҳиятга эга. Дарёларнинг ўрта ва қуйи оқими мамлакатлари (Ўзбекистон, Қозоғистон ва, айниқса, Туркманистон) қазиб олинадиган ёқилғининг катта захираларига эга. Аммо сув ва суғориладиган деҳқончилик билан бевосита ёки билвосита боғлиқ аҳолининг ҳаётини таъминлаш борасида “юқоридаги қўшниларига” боғланиб қолган. Марказий Осиё давлатлари аҳолисининг сувга бўлган талаби асосан трансчегаравий дарёлар – Амударё ва Сирдарё ҳисобига қондирилади. Кузатишларга қараганда, 2025 йилга бориб иқлим ўзгариши, глобал ҳароратнинг ошиши туфайли мазкур дарёларни сув билан таъминлаётган музликлар захирасининг 15–20 фоизга камайиши кутилмоқда. Тоғ музликлари ҳажми йилига 0,2–1 фоиз атрофида камайиб бораётгани, тоғ дарёлари ҳавзаларида қор захиралари тобора қисқараётгани фикримизнинг исботидир. Иқлим ўзгариши туфайли минтақамизда ёз фаслига хос давр чўзилади. Ўз навбатида, қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш меъёри 2030 йилга бориб 5 фоизга, 2050 йилга бориб 7–10 фоизга ва ниҳоят 2080 йилга бориб ҳозиргидан 12–16 фоизга ошади[1].       Минтақадаги ер ости сувлари ҳажми тахминан 43,49 км[2] дир. Сув ресурсларининг 80 фоизидан қишлоқ хўжалигида, деярли 7 – 8 фоизидан эса саноатда, қолган қисмидан эса рўзғорда, хизмат кўрсатиш соҳасида ва бошқа мақсадларда фойдаланилади. Минтаадаги  сув муносабатлари ҳуқуқий жиҳатдан 5 та республика ўртасида қабул қилинган «Давлатлараро манбаларнинг сув ресурсларидан биргаликда фойдаланишни бошқариш ва қўриқлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида»ги келишувга асосан тартибга солинади. Давлатлараро мувофиқлаштирувчи сув хўжалиги комиссияси (ДМСХК) фаолият юритади. У 1992 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг таркибига котибият, Сирдарё ва Амударёнинг иккита ҳавза ташкилоти ва илмий-ахборот маркази (ДМСХК ИАМ) киради. Комиссия кенгашлари йиғилиши йилига икки марта ёки ундан кўпроқ ўтказиб турилади. Қарорлар ўзаро муроса асосида қабул қилинади[3]. Шунга қарамасдан сувга эҳтиёжи баланд бўлган  Ўзбекистонда сув муаммолари тобора кўпайиб, уларни бир қанча турга бўлиш мумкин. Булар:

  1. Иқлим ўзгариши оқибатида ичимлик суви танқислигининг юзага келиши;
  1. Ичимлик сувини аҳоли томонидан тежалмасдан,  исроф қилиниши;
  2. Ичмлик сувини тегишли корхоналар томонидан  аҳолига етказиб беришдаги муаммолар;
  3. Ўрта ва кичик аҳоли пунктларидаги канализация  ва оқава сувларни тозалаш муаммоси;
  4. Сувнинг аҳоли ва корхоналар томонидан ифлосланиши;
  5. Сизот сувлари ва ернинг шўрланиш муаммоси;
  6. Трансчегаравий дарёлар сувини асраш ва улардан оқилона фойдаланиш муаммоси;
  7. Қишлоқ хўжалигида сувни тежаш муаммоси (сўғоришдаги янги технологиялардан фойдаланиш);
  8. Виртуал сув ва унинг табиат, жамият ҳаётидаги ўрни;
  9. Сув изи  тушунчаси ва муаммоси;
  10. Сувдан фойдаланишда аҳолининг экологик маданиятининг пастлиги;
  11. Сувдан оқилона фойдаланиш борасида қонунчиликни такомиллаштириш зарурати.

  Биринчи муаммони қолган муаммолар келтириб чиқаради. Нега дейсизми? Чунки  иқлим ўзгариши билан мангу музликлар заҳирасининг камайиб бориши, аҳоли сонининг ўсиши ҳамда уларни тоза ичимлик суви, кийим-кечак ва озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда иш билан таъминлаш зарурлиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга кўп миқдорда сув ажратишга мажбурлигимиз, шунингдек, атроф-муҳит флора ва фаунасининг ўзгариши ҳамда бошқа турли сабаблар бизни, яъни мамлакатдаги барча сув истеъмолчиларини сувдан самарали фойдаланишга, уни асраб-авайлашга, сув тақчиллиги сабаб юзага келадиган шароитга мослашишга ундайди. Мутахассислар фикрича, иқлим ўзгариши дунёнинг бошқа минтақалари қаторида Марказий Осиёда ҳам аниқ сезилмоқда. Ўзбекистон гидрометеорологлари фикрича, кейинги юз йил ичида ҳавонинг ўртача ҳарорати 1C0 дан ошган, яъни 1C0 исиган. Қозоғистонлик иқлимшунос-мутахассислар ҳисоби бўйича ўртача йиллик ҳарорат 1,4C0 ошган, ёғин миқдори 17 мм камайган. Уларнинг фикрича, Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ҳам ҳаво ҳарорати кўтарилиши ва ёғин миқдорида камайиши шу миқдорларда кузатилмоқда. Мутахассис олимларнинг ҳисоблари бўйича Марказий Осиёда 2100 йилга қадар ҳаво ҳарорати 20 дан 70 (С) га қадар ошиши ва ёғин миқдори 8-17 фоиз камайиши тахмин қилинмоқда[4]. Глобал иқлим ўзгариши натижасида 2050 йилларда Сирдарё ҳавзасида оқим ҳажми 6-10 фоиз, Амударё ҳавзасида 10-15 фоиз камайиши мумкин. Аҳолининг жон бошига сув билан таъминланганлик бир йилга Ўзбекистонда 1646 м3 ни ташкил қилади. Таққослаш учун қуйидаги рақамларни келтирамиз: аҳолини жон бошига бир йилда сув билан таъминланганлик Осиё материгида 5600 м3 ни, дунё бўйича ўртача 5996 м3 ни ташкил қилади. Бу рақамлардан ҳам кўриниб турибдики, Ўзбекистонда сув билан аҳоли жон бошига таъминланганлик дунё кўрсаткичидан 3,5 баравар паст[5]. Келажакда мамлакатимизнинг сувга бўлган эҳтиёжини қондириб бориш ва аҳолини сифатли ичимлик сув билан таъминлаш учун ҳозирдан сувдан оқилона фойдаланиш, ифлосланган оқава сувларни тозалаб қайта ишлатиш бўйича ривожланган давлатлар тажрибасини амалиётда қўллаш бўйича комплекс тадбирларни амалга ошириш зарур.

Яна бир муаммо бу виртуал сув ва ундан самарасиз фойдаланишдир. Proceedings of the National Academies of Science нашрида чоп этилган тадқиқотларда жаҳонда сув истеъмоли борасида маълумотлар келтирилган[6].   Дунёда 92%  ишлатиладиган сув ҳажми қишлоқ хўжалигига тўғри келади. Сув кўп истеъмол қиладиган ғалла, шоли ва маккажўхори етиштиришга жаҳондаги чучук сувнинг  27 %и сарфланади.  Тадқиқот натижасига кўра,  гўшт ишлаб чиқаришга 22%, сутга–7  сув сарфланади. Шунингдек, тадқиқотчилар “виртуал сув”нинг мамлакатлар ўртасидаги айланишини ҳам  ўрганишган, яъни Осиёда сув сарфлаб ўстирилган шоли Африкага экспорт қилинади. Дунёдаги сувнинг бешдан бир қисми айнан виртуал сув сифатида ишлатилади, яъни мамлакатлар ўз ҳудудида сувни камроқ сарф қилиш ва сув таъминотининг ифлосланишини олдини олиш мақсадида амалга оширилади. Бугунги кунда виртуал сувнинг асосий экспортёрлари бу Шимолий ва Жанубий Корея, Жанубий Осиё, Австралиядир. Импортёрларга эса Шимолий Африка, Шарқий Осиё, Европа, Япониядир[7]. Виртуал сув биз ҳар куни истеъмол қилаётган озиқ-овқат маҳсулотларни етиштириш учун кетган сувнинг ҳажмидир. Масалан, бир килограмм бўғдой етиштириш учун (лалми бўлмаган)1000 литрга яқин сув сарфланади. Яъни мазкур бир килограмм бўғдой учун виртуал сув бу 1000 литрдир Бир килограмм гўшт учун эса 1,5 млн. литрга яқин сув сарфланади, демак бир истеъмол қилаётган гўштнинг нархи 1,5 млн. литр виртуал сувнинг нархига тенг. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига  кўра битта одамнинг виртуал сувни истеъмол қилиш ҳажми  бир кунда 1 мяшаб қолиш учун,  2,6 м3ва ундан кўпроғи эса кўп гўшт истеъмол қиладиганлар учун ташкил этади. Албатта, сув танқис мамлакатлар маҳсулотлар, товарларни харид қилишганида, уларни ишлаб чиқарган мамлакатдан харид қилинган мамлакатга виртуал сув ўтади. Бу эса мамлакатдаги сув ресурсларини тежаш имконини беради. Глобал даражада эса  виртуал сувни сотиш геосиёсий аҳамиятга эгадир: у  мамлакатларни бир бирига боғлайди. У ҳамкорлик ва тинчлик асоси ёхуд турли хил зиддиятлар манбаси бўлиши мумкин. Айтиш жоизки, ўртача экспорт қилинадиган маҳсулотлар юзадаги ва ер ости сувларини ички бозорда истеъмол қилинадиганларга нисбатан кўпроқ ифлослантиради.

Виртуал сув ҳақида гап кетганда албатта яна бир атама “сув изи” ни тилга олмоқ жоиз.  Сув изи[8] – бу маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизматлар учун кетадиган умумий сув ҳажми тушинилади. Сув изи  маълум бир вақт ичида  ишлатилган ёки ифлослантирилган сув ҳажми бўлиб, сувни нафақат тўғридан тўғри, балки билвосита ишлатилиш  ҳам тушунилади. Сув изи концепцияси 2002 йилда, Голландия университетининг мутахассислари Твенте Эриен Хокстр ва  Месфин Меконнен томонидан  ишлаб чиқилган бўлиб, бугунги кунда ишлаб чиқаришга кетадиган ва истеъмол учун сарфланадиган сув изи фарқланади. Истеъмол учун сарфланадиган сув изи барча истеъмолдаги маҳсулотлар ва хизматлардан қоладиган сув изини ўз ичига олади. У ўз навбатида  ички, яъни давлатнинг ўз сув заҳираларидан фойдаланишни назарда тутса,  ташқи-экспорт қилинадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришига кетадиган сув ҳажмидир. Сув изи битта ёки бир гуруҳ одамлар, конкрет маҳсулот ёки хизмат, корхона ёки иқтисоднинг  бутун бир тармоғи, ҳудуд ёки давлат миқёсида ҳисобланиши мумкин.

  • Бир инсоннинг сув изи – бир киши томонидан истеъмол қилинадиган ва фойдаланиладиган маҳсулот ва хизматлар учун кетадиган сув ҳажми (бунга уй-коммунал хўжалиги учун кетадиган сув ҳам киради);
  • Маҳсулот ёки  хизматнинг сув изи –маҳсулотни тайёрлаш ёки хизматни амалга ошириш учун кетадиган сув;
  • Корпоратив сув изи – тижорат фаолиятини олиб бориш учун кетадиган сув ҳажми. Бунга  маҳсулотни тайёрлаш, хизматни амалга ошириш учун кетадиган, шунингдек таъминот, логистика ва бошқа нарсалар учун сарфланадиган билвосита сув сарфи ҳам киради.
  • Ҳудуднинг сув изи (давлат, вилоят) давлатдаги ишлаб чиқариш, саноат, жамият эҳтиёжи, иқтисодиёт, хуллас давлатнинг фаолияти учун кетадиган сув сарфига айтилади.

Сув изининг учта  тури фарқланади[9]:

  • Яшил из– ўсимликларни зарур оби ҳаёт манбаи билан  таъминлайдиган, тупроқда ёмғир, қор натижасида тўпланадиган сув;
  • Мовий из– турли хил ер юзаси ва ер ости сув объектларидан олиниб, сарфланадиган сув изи. Бунда ишлаб чиқаришда  фойдаланиладиган  сув бир сув ҳавзасидан олиниб,  фойдаланилгач, иккинчи сув ҳавзасига маълум муддат ўтгач, ташланади;
  • Кулранг из– ишлаб чиқаришдаги оқава сувлардаги ифлослантирувчи моддаларни эритиш учун ўрнатилган стандартларгача сув сифатини оширишга қаратилган ва ишлатилган,  сув объектларига ташланадиган сув.

Масалан,  Россия Федерациясининг бир йиллик сув изи 400 млрд. м3,   мамлакатимизда 1990 йилгача турли мақсадлар учун ишлатилаётган сув 64 миллиард кубни ташкил этган, 2008 йилдан сўнг бу кўрсаткич 51 миллиардгача қисқарган. 1985 йилгача 1 гектар майдонни суғориш учун 22,4 минг метр куб сув сарфланган бўлса, замонавий тежамкор технологиялардан фойдаланиш туфайли 2015 йилга келиб бу миқдор 6-10 минг метр кубгача қисқарди[10]. Албатта бутун дунёда хусусан Марказий Осиёда  тобора долзарблашиб бораётган сув муаммосига Ўзбекистон катта эътибор қаратиб келмоқда. Мамлакатимиз 2007 йили БМТнинг “Трансчегаравий очиқ сув оқимлари ва халқаро кўлларни муҳофаза қилиш ҳамда фойдаланиш бўйича” ва “Хал­қаро очиқ сув оқимларидан кемалар қатнамайдиган турда фойдаланиш тўғрисида”ги конвенцияларига аъзо бўлган. Ушбу ҳужжатларда барча давлатларнинг манфаатлари бирдай ҳисобга олинган бўлиб, уларнинг асосий тамойилларидан бири трансчегаравий сув ресурсларидан адолатли ва оқилона фойдаланиш ҳамда қўшни давлатларга зарар етказмасликдир. Шунингдек, 1966 йилги Халқаро дарё сувларидан фойдаланишнинг норматив қоидалари ва 1992 йилги Чегаралараро сув оқимлари ва давлатлараро дарёлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш конвенцияси ҳам бу борадаги муҳим халқаро ҳужжатлар ҳисобланади.  Бундан ташқари республикада “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонун[11] қабул қилинган.

Маълумотсиз оддий бир одамга чучук сув муаммоси унчалик катта ёки инсоният учун хавфли кўринмаслиги мумкин. Мамлакат айни кунларда сув етишмаслиги, сув манбаларининг қуриши ва ифлосланиши билан боғлиқ айрим муаммоларга дуч келмоқда. Шаҳар ва қишлоқларда сувга оид муаммоларнинг асосий сабаби сув қимматбаҳо ресурс эканини тан олмасликдан иборат. Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида суғориш учун ишлатиладиган сувга кўпроқ эҳтиёж сезадиган мамлакатдир. Негаки унинг суғориладиган майдони катта, қишлоқ аҳолиси кўпчиликни ташкил этади ва зич жойлашган. Сувнинг катта қисмидан, айниқса қишлоқ хўжалигида фойдаланилаётганини эътиборга оладиган бўлсак, суғориладиган деҳқончиликнинг экологияга салбий таъсир кўрсатаётганини кўришимиз мумкин. Бундан ташқари, ишлаб чиқариш корхоналарининг очиқдан очиқ чучук сув ҳавзаларини ифлослантириши, ишлатилган заҳарли сувни дарёларга оқизишига кўплаб мисоллар мавжуд. Биргина 2021 йил  сентябрь ойида   Зарафшон дарёсининг Кармана туманидан оқиб ўтувчи қисмига “Навоиазот” томонидан чиқинди сувларнинг ташланиши оқибатида[12], 2021 йил октябрь ойида Норин дарёсига оқова сувларнинг тўкилиши натижасида минглаб сув жониворлари, балиқлар, шу даредан сув ичган қорамол, ит мушуклар ҳам қирилиб кетган[13].  Жорий йилнинг 10 декабрь куни тахминан соат 20.10 да “Ангреннефтебазаси” ҳудудида 5000 м(куб)  ҳажмдаги 20-сонли сиғим (резервуар) сифонининг жўмрагида ҳаво ҳарорати пасайиши муносабати билан музлаб ёрилиш юз берган. Натижада сиғимда бўлган АИ-80 бензин ёқилғи маҳсулоти (11 500 литр) тўкилган. Натижада бензин ҳудуддан оқиб ўтувчи Дукентсойга сизиб ўтган. Айни пайтда сойдаги балиқларнинг ўлими кузатилмоқда[14].

Ҳўш, юқорида санаб ўтилган  муаммоларнинг ечими борми? Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси сув билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишга ўзининг қандай ҳиссасини қўша олади?

Сувни асрашнинг 10 та осон йўли

  • Хожатхонадаги унсурдан “ахлат челак” сифатида фойдаланманг ёки ундаги сувни заруратсиз туширманг. Хожатхона сув таъминотининг тўртдан бирини, хамда керагидан 40 фоиз ортиқ сув истеъмол қилади.
  • Тишингизни ювётганингизда ёки идиш-товоқни совунлаётганингизда крандаги сувни ўчириб туринг. 2 дақиқа тиш ювиш давомида канализацияга 18 литр тоза сув оқиб кетади.
  • Ичиш учун бир шиша сувни совутгичда сақланг. Кранда совуқ сувни бекордан бекорга ёқманг.
  • Идиш-товоқ ювгич ва кир машинани фақат тўлгандагина ишлатинг.
  • Кран ва қувурларни оқяптими ёки йўқми текширинг ва созланг. Кўп уйларда овқат қилиш ёки бошқа эҳтиёжларга сарфланадиган сувга қараганда қувурлардан сув оқиши ҳисобига кўпроқ сув сарф бўлади.
  • Хаммомга кам сарфли душ мосламасини ва кранларга сув оқишини олдини оладиган қурилмалар ўрнатинг. Оддий душ мосламасидан 5 дақиқада 100 литр сув оқади, вахоланки кам сарфли душ мосламаси 35 литр сув сарф қилади.
  • Мева ва сабзавотларни оқар сувда эмас,  чуқур идишда  ювинг. Ишлатилган сув билан хонаки ўсимликларни сўғориш мумкин.
  • Газон (ўт)ни хар уч кунда салқин тушганда суғоринг.
  • Газонга сув сарфини камайтириш мақсадида пестицидларни камроқ солинг.
  • Шахсий автомобилни челакка сув олиб, ювинг. Шлангдан фойдаланманг.
  • Кўчалар, махалларда оқиб  ётган кранларни ёпиб юриш, бошқаларни назорат қилишни ўрганинг.
  • Автомобилдан камроқ фойдаланинг! Биласизми, 1 литр ёнилғи ишлаб чиқариш учун 10 литр сув сарф бўлади.

Наргис Қосимова
[1] Полвон М. Сув-ҳаёт манбаи. http://huquqburch.uz/uz/view/761

[2] Ибодинов У. Марказий Осиё мислсиз қурғоқчилик бўсағасидами? https://teletype.in/@mahalladosh_uz/qurgochilik

[3] Ибодинов У. Марказий Осиё мислсиз қурғоқчилик бўсағасидами? https://teletype.in/@mahalladosh_uz/qurgochilik

[4] “Марказий Осиё тоғларидаги кўп йиллик сув захираси кескин камаймоқда” — эксперт билан суҳбат. https://kun.uz/news/2022/08/12/markaziy-osiyo-toglaridagi-kop-yillik-suv-zaxirasi-keskin-kamaymoqda-ekspert-bilan-suhbat

 

[5] Қосимова Н. Битта ноннинг таннархи 30 минг сўмми ёки виртуал сувни еганмисиз? http://old.ekolog.uz?p=173

[6] http://www.vigorconsult.ru/resources_category/2016/

[7] Раҳматуллаев О., Аббосов С.  Сув-Марказий Осиё давлатлари учун муҳим стратегик ресурсдир. http://uzbekistonovozi.uz/articles/index.php?SECTION_ID=221&ELEMENT_ID=57708

[8] http://www.priroda.su/item/1283

[9] http://www.priroda.su/item/1283

[10] http://www.priroda.su/item/1283

[11] http://lex.uz/acts/12328

[12] «Навоийазот»га қарашли қудуқдан дарёга ҳаёт учун хавфли моддалар чиқарилган. https://www.gazeta.uz/uz/2021/10/09/pollution/

[13] Норин дарёсида минглаб балиқлар қирилди. http://old.ekolog.uz?p=3090

[14] Ангренда 11 тонна бензин оқиб кетди. https://xabar.uz/post/angrenda-11-tonna-benzin-oqib-ketdi