Ўзбекистон иқлим ўзгариши соҳасида халқаро ҳамжамият билан фаол ҳамкорлик қилишга тайёр ва Минтақавий иқлим кенгашини тузиш тарафдори. Бу ҳақда Сенат раиси Танзила Нарбаева Мисрнинг Шарм ал-Шайх шаҳрида БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси (СОР-27) томонларининг 27-конференциясидаги нутқида айтиб ўтди.
«Ўзбекистоннинг асосий мақсади — амалга оширилаётган таркибий ислоҳотларга „яшил“ иқтисодиёт тамойилларини жорий этиш орқали иқтисодий тараққиётга эришишдир. Бу йўналишда иқтисодиётнинг барча секторларида углероддан камроқ фойдаланишга ўтиш ва ресурсларни тежаш, самарали ва экологик тоза технологияларни жорий этиш устувор йўналиш ҳисобланади», — деди Танзила Нарбаева.
Париж битими доирасида Ўзбекистон 2030 йилгача ЯИМ бирлигига иссиқхона газларини чиқаришни 35 фоизга камайтириш мажбуриятини яна бир бор тасдиқлайди. Ушбу мақсадларга эришиш учун қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этиш бўйича кенг кўламли дастурлар амалга ошириш бошланди.
Шунингдек, у ҳар йили 200 млн туп дарахт ва бута экишни назарда тутувчи «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси ҳақида гапирди. Унинг натижасида беш йилдан сўнг шаҳарлардаги кўкаламзор майдонлар ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга ошишини таъкидлади.
Ўзбекистон Орол денгизи инқирози билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш бўйича қатъий чоралар кўрмоқда. Сўнгги беш йилда Орол денгизининг қуриган тубида 1,7 млн гектардан ортиқ ўрмон плантациялари барпо этилган бўлса, 2026 йилга келиб бу кўрсаткич 2,5 млн гектаргача ёки ҳудуднинг қарийб 80 фоизини ташкил этади. БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюцияси билан Оролбўйи минтақаси экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилинди.
«Кейинги йилда Ўзбекистонда чўлланишга қарши курашиш ва ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш бўйича БМТнинг иккита йирик тадбирини ўтказиш режалаштирилмоқда», — деди Танзила Нарбаева. У барча халқаро ҳамкорларни ушбу форумлар ишида иштирок этиш таклифини билдирди.