Ўзбекистонда экологик партия ташкил этилди

2019 йил 24 январда Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Экологик партияси давлат рўйхатидан ўтказилди. Янги партиянинг асосий мақсади барқарор ривожланишга, экологик хавфсизликка эришиш, ҳозирги ва келажак авлод учун табиий ресурсларни сақлаш ва қулай атроф муҳитни яратишга йўналтирилган давлат сиёсатини рўёбга чиқаришни таъминлаш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурсларни сақлаш давлат, жамият ва мамлакат ҳар бир фуқаросининг вазифаси бўлишига эришишга кўмаклашишга қаратилган.

Айтиш жоизки,  дунёда экология йўналишидаги қарийб 100 та сиёсий партия фаолият юритади. Одатда “яшиллар” номи билан юритилувчи бу партиялар, парламент орқали экология соҳасидаги давлат сиёсати ғояларини илгари суради.  Мазкур партияларнинг юзага келишининг асосий сабабларидан бири глобал экологик муаммоларнинг долзарблашуви ва сонининг ошишидир. Ўзбекистонда экологик партияни ташкил этиш ҳаётий заруратдир. Шу сабабли 2019 йилнинг 8 январь куни Ўзбекистон экологик партияси таъсис съезди бўлиб ўтди. Таъсис съездида 2018 йилнинг 1-17 декабрь кунлари Ўзбекистон экологик партияси таъсис съездига Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан делегатлар сайлаш бўйича ўтказилган конференцияларда экологик сиёсий партия тузиш бўйича ташаббускорлар, экология ва соғлиқни сақлаш соҳасида фаолият олиб бораётган жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар ва экспертлар, таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, талабалар, ОАВ ва кенг жамоатчилик вакиллари орасидан муқобиллик асосида сайлаб олинган 250 нафар делегатлар, яъни оммавий ахборот воситалари ва умуман кенг жамоатчилик вакиллари  иштирок этишди.

Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонунининг 6-моддасига асосан экологик партия ташкил этиш бўйича мамлакат фуқароларидан иборат ташаббускорлар гуруҳи шаклланди.

Бугунги кунда мамлакатда 4та сиёсий партия – Ўзбекистон Халқ-демократик партияси, «Миллий тикланиш» демократик партияси, «Адолат» социал-демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати фаолият юритмоқда.  Уларнинг сафи яна биттага кенгайгани қувонарли ҳол.

Н.ҚОСИМОВА