БМТ Тараққиёт Дастури ва БМТ Европа иқтисодиёт комиссияси Яшил макон ташаббусини қўллаб-қувватлаш учун олға қадам қўйди

БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси (УНДП), Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда БМТ Европа иқтисодиёт комиссияси (UNECE) ўзаро ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикасининг Яшил макон ташаббуси амалга оширилишини қўллаб-қувватлаш учун мастер-режалаштириш ва инновацион молиявий ечимлар” қўшма лойиҳасини ишга туширмоқда.

Ушбу лойиҳани ўтказишдан кўзланган асосий мақсад — узоқ муддатли инновацион молиялаштириш, мувофиқлаштириш ва салоҳиятни мустаҳкамлаш таклифи орқали Яшил макон ташаббуси барқарорлиги ва иқлимга чидамлилигини таъминлашда Ўзбекистон ҳукуматини қўллаб-қувватлашдан иборат. Лойиҳа ҳар уч ташкилот: БМТТД, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда БМТ европа иқтисодиёт комиссияси томонидан молиялаштирилади. У миллий ҳамкор ташкилотлар, жумалдан, Молия вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Ўзгидромет, Сув хўжалиги вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва бошқа фуқаролик жамияти ташкилотлари билан яқин ҳамкорликда амалга оширилади.

Шу муносабат билан жорий йилнинг 22 июнь куни Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси биносида янги лойиҳа доирасида билдирги хатини имзолаш маросими ўтказилди. Маросимда БМТТД Европа ва МДҲ бўйича минтақавий директори ўринбосари Марина Уолтер иштирок этди.

“Яшил макон ташаббуси мамлакатнинг иқлим ўзгариш ҳолатини юмшатиш ва иқлим таъсирига мослашиш бўйича Париж келишуви доирасидаги мажбуриятларини бажаришга имкон беради. Мамлакатнинг айрим ҳудудларида дарахтлар тупроқ сифатини яхшилашга, чўлланишнинг олдини олишга, ҳаттоки уни қайтаришга ҳам ёрдам беради. Чанг бўронлари катта хавф-хатарни англатади ва уларни бартараф этиш маҳаллий ва халқаро миқёсда мустаҳкам шерикчилик алоқалари ва ҳамкорликни талаб қилади” дея қайд этди Марина Уолтер ўз нутқида. “Ушбу ташаббус тобора ривожланиб бормоқда ва биз БМТТД сифатида кутилган натижаларга эришиш учун узоқ муддатли молиявий инвестицияларни сафарбар қилиш орқали лойиҳани қўллаб-қувватлашга интиламиз”, дея қўшимча қилди у.

Қўшма лойиҳа бир-бирини тўлдирувчи иккита ўзаро боғлиқ ва интеграциялашган асосий фаолият натижаларга эришиш мақсадида амалга оширилади:

1. Ўрмонзорлаштириш ташаббусини молиялаштириш ҳамда самарали мониторинг ва назорат тизимини йўлга қўйиш учун инновацион молиявий воситалар билан молиявий режаларни ишлаб чиқиш.

2. Ўзбекистон ландшафтлари ва шаҳарларини кўкаламзорлашитирш: Барқарор келажак учун Мастер-режалаштириш ва ишлаш

БМТТД томонидан тақдим этилаётган молиялаштириш лойиҳаси мамлакатни ихтиёрий углерод савдоси бозорларига олиб чиқади ва шу билан бир қаторда ўрмонзорлаштириш натижасида ҳосил бўлган углерод балансига қайтишни таъминлаган ҳолда кўкаламзорлаштириш билан боғлиқ молиявий ҳаражатларни камайтиришга ёрдам беради.

Шунингдек, мазкур қўшма лойиҳа яшил ва барқарор иш ўринларини яратиш орқали барча учун айниқса, қишлоқ аёллари учун муносиб иш ўринларини очиб беришга ҳам ҳисса қўшади.

Маълумот ўрнида: Ўзбекистондаги иқлим ўзгаришлари, жумладан чўлланиш, сув танқислиги, қурғоқчилик ва Ороль денгизининг қуриши сабаб бўлган катта муаммоларга дуч келмоқда. Мамлакатдаги ҳароратнинг қўтарилиши ва ичимлик сувининг муҳим манбаи бўлган тоғ музликларининг глобал ўртача кўрсаткичлардан тезроқ эриётгани иқлим хавф-хатарларини янада кучайтирмоқда. Жаҳон Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг маълумотларига кўра, ўрмонлар Ўзбекистон ҳудудининг бор-йўғи 7,7фоизини (халқаро кўрсаткичларга нисбатан анча пастроқ) ташкил этса ҳам, улар чўлланишни бартараф этиш, биологик хилма-хиллик ва ландшафтларни муҳофаза қилишда жуда муҳим роль ўйнайди.

Иқлим ўзгаришининг салбий таъсирига қарши курашиш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати 2021 йил ноябрь ойида Яшил макон/Греeн Натион деб ном олган ўрмонзорларни кўпайтириш ташаббусини илгари сурди. Мазкур умумдавлат дастури 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси қаторига киритилди ва у ўзида йилига 200 миллион дарахтлар экиш орқали мамлакатда ўрмон кўламини кенгайтиришни назарда тутади.