Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан: “Мен Қорақалпоғистонда ижодкорлик ва инновациялар учун кўплаб имкониятларни кўрмоқдаман”.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2020-йил сентабр ойида БМТда сўзлаган нутқида Орол денгизининг қуриши натижасида Оролбўйи ҳудуди “экологик фожиа эпицентрига” айланганини эслатди. Ва бу муаммони биргаликда, жумладан, икки миллион гектар майдонда янги ландшафт, ўрмонлар ва тупроқ қопламини шакллантириш орқали ҳал қилишни таклиф қилди. Ўзбекистон Президентининг ушбу таклифи БМТ Бош Ассамблеясида бир овозда маъқулланди ва резолюция имзоланди ва шу орқали Оролбўйи ҳудуди “Экологик инновациялар ва технологиялар зонаси” деб эълон қилинди.

2020-йилда Ўзбекистон ҳукумати ва молиявий ҳамжамият, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, халқаро донорларнинг кўп шериклик молиявий ва ривожланиш воситаси бўлган БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фонди (кейинги ўринларда Траст фонд деб юритилади) Ўзбекистонда одамларга эътибор қаратган холда экологик фожиа оқибатларини бартараф этиш учун ўз фаолиятини кенгайтирди. Шунда Ўзбекистон ҳукумати, Финляндия, Корея Республикаси ва Европа Иттифоқи (ЕИ) томонидан мақсадли жамғармага жами 9 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағ ажратилди.

2022-йил апрел ойида Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси ноодатий ташаббус билан чиқди ва Европа Иттифоқига аъзо давлатлар дипломатик ваколатхоналари ва Ўзбекистон давлат муассасалари раҳбарларини аҳоли, халқаро ҳамжамият, Европа Иттифоқига аъзо давлатлар Орол денгизи ҳалокати, бу ерда амалга оширилаётган лойиҳалар ва келажакдаги инвестициялар истиқболлари ҳақида хабардорлигини ошириш мақсадида Оролбўйи минтақасига маърифий сафарга таклиф қилди.

“Мен учун Қорақалпоғистонга келиш, Нукус ва Мўйноқ, яна чекка шаҳар ва аҳоли пунктлари ўртасида саёҳат қилиш, ҳудуд қандай ўзгараётгани, яшил майдонлар тобора кўпайиб бораётганини кўриш доим қизиқ. Европа Иттифоқи ва унинг алоҳида аъзо давлатлари Оролбўйи минтақасини ривожлантириш учун катта миқдорда маблағ ажратмоқда ва бу сафардан мақсад Европа Иттифоқига аъзо давлатларга, шунингдек, Ўзбекистондаги ҳамкорларимизга минтақада айнан қандай ишлар юритаётганимизни, маблағларни нимага сарф қилаётганимизни кўрсатиш эди. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришига қарши кураш, “яшил” тикланиш – буларнинг барчаси биз учун Европа Иттифоқи доирасида ҳам, Ўзбекистонда ҳам устувор вазифалардир. Бу ерда ижодкорлик ва инновациялар учун жуда кўп имкониятлар кўрмоқдаман. Бунга очиқ бўлишимиз барчамиз учун муҳим ва Европа Иттифоқи бундан буён ҳам қўллаб-қувватлаш, тажриба ва янги технологияларни алмашишга тайёр”, — деди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан.

Европа Иттифоқи делегацияси бундай маърифий саёҳатни ташкил қилганидан жуда мамнунман. Тахтакўпир – инновацияларимизнинг асосий йўналишларидан бири. Бу ерда сув, транспорт, алоқа йўқ эди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Траст фонди туфайли биз ирригация тизимини тиклашга муваффақ бўлдик. Биз маҳаллий аҳоли турмушини яхшилашни, муносиб келажакка пойдевор қўймоқчимиз. Ўзбекистон илғор тажрибаларни қўллаш ва маҳаллий аҳоли турмуш сифатини яхшилаш учун янада кўпроқ ҳамкорлар ва сармояларни жалб қилишни режалаштирмоқда. Орол денгизининг қуриши оқибатларини бир томонлама ҳал қилиб бўлмайди ва биртомонлама ҳал қилмаслик керак. Халқаро ҳамкорлик ва саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш жуда муҳим. Оролбўйи минтақасини ривожлантиришда фаол иштирок этаётган барчага ўз миннатдорчилигимни билдираман”, – деди тақдимотлардан бирида Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Бадриддин Обидов.

2019-2021 йилларда Траст фонд донорлар ҳамжамияти томонидан молиялаштирилган қўшма дастурни амалга ошириш давомида Тахтакўпир туманида кенг кўламли ишлар амалга оширилди:

  • Тумандаги 5 та маҳалла фуқаролар йиғинини ривожлантириш режалари ишлаб чиқилди
  • 3491 нафар қишлоқ аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ишлари амалга оширилди
  • Тахтакўпир давлат ўрмон хўжалигига катта техник ёрдам кўрсатилди, бу Орол денгизининг қуриган тубидаги 3000 гектардан ортиқ майдонга саксовул экиш ва 49 гектар ерда ҳамда 58 гектар яйловларда қурғоқчиликка чидамли ўсимлик кўчатларини етиштириш учун кўчатхоналар ташкил этиш имконини берди
  • 3 та перинатал марказ таъмирланди
  • Қишлоқ аҳолисининг ижтимоий-иқтисодий фаровонлигини ошириш, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоятда 13 та бизнес лойиҳаси (сутни қайта ишлаш сехи, нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш, устахона, ширинликлар, паррандачиликни ривожлантириш лойиҳалари ва бошқалар) доирасида 40 га яқин (бундан 43 % аёллар) иш ўрни яратилди.

Бундан ташқари, Орол денгизининг қуриган тубида 2 та илмий экспедиция ўтказилиб, улар давомида қуриган тубига экиш учун 30 дан ортиқ ўсимлик турлари аниқланди.

Траст фонд донорлар ҳамжамияти глобал Орол фожиасидан жабр кўрган аҳолининг экологик, иқтисодий, озиқ-овқат ва ижтимоий хавфсизлигини таъминлаш мақсадига биргаликда эришишимиз учун барчани ушбу саъй-ҳаракатларга қўшилишга чақиради.

Материал Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида тайёрланган. Унинг мазмуни фақат CAPA EEIG бошчилигидаги консорциумнинг жавобгарлиги ҳисобланади ва Европа Иттифоқи нуқтаи назарини акс эттириши шарт эмас.