ТУРОН ЙЎЛБАРСИ НЕГА ЙЎҚОЛГАН?

Самарқанднинг машҳур Шердор мадрасаси пештоқида, қадимий гиламларда, хаттоки Ўзбекистоннинг миллий валютасида тасвирланган йўлбарс расми қадимдан Турон заминида йўлбарслар яшаганидан дарак беради.

Александр Македонский ҳақидаги асарларда ёзилишича, Ўрта Осиёни истило қилган  ва Сирдарё бўйида Александрия Эсхата (ҳозирги Хўжанд) шаҳрини қуриганидан кейин Сирдарё ортидаги кам аҳолили жойга юриш қилиб, ҳозирги Тошкент шаҳри атрофларида йўлбарсларни овлаган.

XIX  асрда Турон йўлбарсининг сони 10 мингга яқин бўлган бўлса, XX асрнинг иккинчи ярмига келиб эса у бутунлай қириб ташланди. Ўрта Осиёда йўлбарслар популяциясининг кескин камайиб кетиши Чор Россияси томонидан бу ерга қўшинларнинг жўнатилганидан кейин кучайган. Масалан 1883-йилнинг 27- февраль куни Туркистон ҳарбий округи қўшинларининг штаб бошлиғи маҳаллий аҳолининг илтимосига биноан Тошкент билан Чиноз ўртасида пайдо бўлиб қолган йўлбарсларга қуршов уюштириш буйруғини берган. Бу буйруқни бажариш учун доимий ҳарбий қисмлардан, аниқроғи 12-чи Туркистон батальонидан фойдаланилган. Асоссий сабаблардан яна бири тўқайзоралрнинг кесилиб, ўрнига пахта экилиши бўлди. Натижада Йўлбарснинг асосий озуқаси бўлган туёқлилар сони кескин камайди. Айнан деҳқонларнинг ҳавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўлбарслар ўлдирила бошланди.

Дунёда 7 та йўлбарс тури мавжуд: амур, хитой, суматра, ява, баш, ҳинд (бенгал) ва турон. Турон йўлбарси Амур йўлбарсидан кейин иккинчи ўринда турадиган энг йирик йиртқичдир. Унинг  узунлиги 180-280 см, думи 90 см, оғирлиги эса 220-300 кг. Ҳаракатчанлиги оқшом тушиши билан тонггача бўлган. Турон йўлбарси асосан Амударё дельтасидаги тўқайзорларда, чангалзорларда, баландлиги 4-7 метр келадиган қалин қамишзорлар орасида яшаган.

Туркистонда  йўлбарс мардлик, жасурлик рамзи сифатида эъзозланган.

Аслида Турон йўлбарси ҳеч қачон биринчи бўлиб одамга ташланмаган. Фақат қувғинга учраганда. Яраланганда ҳимояланиш мақсадида ҳужум қилган. Сувда яхши сузган, фақатгина  қоронғу тушганда овга чиққан.  Йўлбарс бир йилда  икки марта болалаб, одатда 2-4 бола туққан. Йўлбарсчалар  туғилганда 1,3-1,5 кг бўлиб, 6-8 кундан кейингина  кўзи очилган.

1948 йилда чоп этилган «Охота и рыбалка» журналида қайд этилишича, Қорақалпоғистоннинг Караул-Қум туманида  охирги йўлбарс 1947 йилда овчи  С.Мякишев  томонидан отиб ўлдирилган.

Ҳозирда Турон йўлбарсини инсон айби билан йўқ бўлиб кетган жониворларнинг рўйхатдан иборат бўлган Қора қитобда ва  қотирилган нусхадарини эса  Қорақалпоғистон маданияти ва тарихи музейи, Тошкентдаги Табиат музейи ҳамда Самарқанд давлат университети зоология музейларидагина кўриш мумкин.

2017  йили Қозоғистонда  йўлбарсни қайта тиклаш учун реинтродукция дастури ишга туширилиб, бунинг учун   2018 йили  Алмати вилоятининг Балхаш туманида «Иле-Балхаш» табиий резервати  очилди. Йўлбарсни унинг ДНКси ва Амур йўлбарси чатишмасидан “тирилтириш” кўзда тутилган.   Умид қиламизки,  олимларнинг саъй ҳаракати билан Турон йўлбарси яна Турон заминига қайтади.

Наргис ҚОСИМОВА