Унутилмас тўрт кун…. ёхуд қорақалпоқ экоинспекторларининг хавфли фаолияти билан танишув

Мен журналист сифатида жуда ҳам кўплаб медиатурларда қатнашганман. Аммо  бу медиатур ўзгача бўлди. Нега дейсизми?   Экология ва атроф- муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, “Қорақалпоғистон экологияси” газетаси ва  Ekolog.uz газетаси ҳамкорлигида Жанубий Устюрт миллий табиат боғи  ва Судочье -Акпетки буюртма қўриқхоналарига уюштирилган медиатур республикамизнинг ўзига хос табиати,Ўзбекистон Қизил китобига киритилиб, йўқ бўлиб бораётган ноёб жониворларни табиат бағрида кўриш, экоинспекторларнинг табиатни муҳофаза қилиш борасидаги машаққатли меҳнати ва хавфли фаолиятини ҳис қилиш имконини берди.

2022 йил 6 май куни республика ОАВ вакиллари, блогерлар Нукус аэропортига келиб тушгач, қорақалпоғистонлик ҳамкасблар билан кўришиб, дарҳол йўлга тушдик. Биринчи манзил “Борса келмас” туз кони.

Бешта “Нива” машинасида йўлга тушдик.  Устюрт кенгликлари чегарасиздек гуё. Уфққача туташган дашт сукунати фақатгина экоинспекторлар ва биз кетаётган “Нива”ларнинг овози бузади. Тақирликдан сакраб кетаётган машиналарнинг ғуруллаши қушларни, юмронқозиқларни чўчитади.

-Ана тошбақа, тўхтанг. Орқадагилар босиб кетмасин…

Жанубий Устюрт миллий табиат боғи директор ўринбосари, биз ўтирган машинани йўлсизликдан моҳирона бошқариб кетаётган  Азамат Айдарбеков иккинчи марта тошбақани кўрганимизда, машинани айтмасимдан тўхтатади. Югуриб олдига яқинлашганим билан бошини косаси ичига тртган каттагина тошбақани  кўтариб, четга оламан.  Устюртда ҳам афсуски чўл тошбақалари жуда кам қолишган. Шу даражада камки, улар 2019 йили Ўзбекистон Қизил китобига киритилган. Шуни ўйлаб  этим жимирлаб кетади. Наҳотки, табиатга нисбатан бўлган ёвуз муносабатимиз оқибатида ана шу беозор жониворларни келгуси авлод фақатгина китоб  саҳифалари ва ТВ архивларида кўрса? Бу орада орқамиздан етиб келган қолган  тўртта машинадан тушгана журналист ва блогерлар тошбақани суратга олиб бошлашди.

Ажойиб удум…

Бирданига “юлдузга” айланган тошбақа бироз бошини косасидан чиқармай турдида, кейин жуфтакни ростлаш учун, бизни ҳайрон қолдирадиган тезликда ўрмалаб кетди.  Энг қизиғи эса  қорақалпоқлик ҳамкасбимиз Есимхон Қаноатов машинадан қатиқ олиб, “югуриб” кетаётган тошбақанинг устидан қуйди. Унга савол назари билан қараб турганимизни кўргач,  Есимхон оға жилмайиб, гап бошлади:

-Қорақалпоғистонда қадимдан шундай удум бор. Агарда хонадонингизга судралиб юрувчи жонивор кириб қолса, унинг бошидан қатиқ ёки сут қуйилади. Айтишларича, уни ўлдирмай,  оқлиқ билан сийлаган хонадонни судралувчи тарк этиб, қайтиб келмас экан. Бу ҳам ўзига хос табиат билан уйғунликда кун кечиришдир. Чунки сайёрамиздаги ҳар бир жониворнинг  у хоҳ илон бўлсин, хоҳ пашша  табиатда ўз ўрни бор. Бирортаси йўқолса, орқасидан камида тўртта тур йўқолиб кетади.

 “Борса келмас”дан қайтиб…

Салкам 2 соат йўл юргач, “Борса келмас” туз конига яқинлашамиз.  Узоқдан оқариб турган, бир пайтлар кўл бўлган, туз билан қопланган тақирликлар қуёш нурида жимирлаб кўринади. “Борса келмас” га иккинчи маротаба келишим. Қотиб қолган тўлқинлардек оқариб турган кўл одамнинг ҳаёлини узоқ ўтмишга етаклайди. Тинмай эсаётган шамолнинг саси узоқ узоқлардан ўтаётган карвоннингшовқини, нортуя бўйнига осилган қўнғироқ сасини олиб келгандек, бўлади гуё.

Айтишларича, бу ер бундан 30 млн. йил илгари мавжуд бўлган Қорақум, Қизилқум ва Устюрт платосини қоплаган Тетис уммонининг тубидир. Ҳозирда қуриган кўлнинг тубининг узунлиги 50 км. кенглиги 35 км.ни ташкил этади.

Кул тубида эҳтиёткорлик билан юриш керак. Усти худди муз сингари ялтираб турган тузларнинг таги бўш бўлиши ҳам мумкин. Бу ернинг айнан “Бораса келмас” деб талишига сабаб эса, айнан шу ерда бутун карвонлар йўқолган, туя, от ва эшаклар, араваларни туз ютган, дейишади.

Бу ерда туз шу даражада кўпки, баъзи жойларда тўпланиб қолган сув буғланмай, кичик-кичик туз кўлчаларини ҳосил қилади.

Айнан шу ердан туз қазиб олинади. Туз Қўнғирот сода заводи учун асосий хом-ашё заҳираси бўлиб хизмат қилади. Бу сафар биз кўлнинг тубигача етиб бормадик. Уни узоқдан томоша қилиб, йўлга тушдик.  Бахтимизга кун салқин эди. Ҳали ўт-ўланлар жазирама қуёш нурида қовжираб улгургани йўқ.  Ҳар ерда тошбақаларнинг тўнкарилиб ётган оқарган косаси кўзга ташланади. Юмронқозиқлар, машиналарнинг овозини эшитиши билан инларига кириб, ғойиб бўлишади. Бироз дам олиш учун тўхтаганимизда эса чўл калтакесаги бизларга мунчоқдек кўзларини тикади, чаён эса чақирилмаган меҳмонлардан чўчиб, ковагини излай бошлайди.

 

Жанубий Устюрт миллий табиат боғини ким қўриқлайди?

Яна йўлга тушамиз. Кейинги манзилимиз Сариқамиш кўли. У 2020 йилда ташкил этилган Жанубий Устюрт миллий табиат боғи ҳудудида жойлашган. Яна тақирликдан сакраб-сакраб кетар эканмиз,  Жанубий Устюртмиллий табиат боғининг директор ўринбосари Азамат Айдарбековни  суҳбатга тортдик:

— Вазирлар Маҳкамаси 11.11.2020 йилдаги “Жанубий Устюрт” миллий табиат боғини ташкил қилиш тўғрисида” 707-сон қарорни қабул қилиниб, Президентнинг «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 20 мартдаги ПҚ-4247-сон қарорига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида янги муҳофаза қилинадиган «Жанубий Устюрт» миллий табиат боғи ташкил этилди.

Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот туманида давлат табиатни муҳофаза қилиш муассасаси шаклида умумий майдони 1 447 143 гектар.  Боғда бугунги кунда  боғда ўсимликларнинг 66 та, судралиб юрувчиларнинг 9 та, қушларнинг 56 та, сут эмизувчиларнинг 19 та тури мавжуд. Шулардан миллий табиат боғи ҳудудида ўсадиган 30 дан ортиқ ўсимлик турлари доривор ва озуқавий бўлган ўсимликлардир. Судралиб юрувчилар ичида Қизил китобга киритилган чўл тошбақаси, бундан ташқари ўқ илон, агама,  қулон, жайрон, тулки, бургут, шахин, турли хил ўрдаклар учрайди.  Аммо шундай катта ҳудудни қўриқлашни ўзи бўлмайди.  Салкам 1,5 миллион гектар ерни атиги 21 нафар инспектор қўриқлайди. Браконьерлик ҳолати ҳам учраб туради…

(Давоми бор)

Наргис Қосимова,

Тошкент-Нукус- Жанубий Устюрт миллий боғи, Судочье -Акпетки буюртма қўриқхонаси-Нукус- Тошкент