БМТ бош ассамблеяси Стокгольмда 2-3 июнь кунлари ўтказиладиган Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни олдидан «Стокгольм+50: умумжаҳон фаровонлик учун соғлом сайёра – бизнинг масъулият, бизнинг имкониятимиз» номи остидаги халқаро учрашувларга таклиф қилади.
1972 йилда ўтказилган Стокгольм анжуманидан эллик йил ўтганидан сўнг Швеция ҳукумати Кения ҳукумати кўмаги ёрдамида 2022 йилда БМТнинг атроф-муҳит муаммолари ва унинг якуний ҳужжатлари бўйича анжуманлари 50 йиллигига бағишланган, шунингдек, барқарор ривожланиш бўйича ўн йиллик ҳаракатлар контекстида мавжуд мажбуриятларни амалга оширишни тезлаштириш, жумладан, коронавирус пандемиясидан сўнг мустаҳкам тикланиш учун барқарор ривожланишнинг экологик жиҳатларига ҳисса қўшиш мақсадида «Стокгольм +50» халқаро учрашувларини ўтказмоқда.
«Стокгольм +50» халқаро учрашувларига тайёргарлик кўриш доирасида Ўзбекистондаги БМТ Тараққиёт дастури томонидан халқаро ва маҳаллий ҳамкорлар билан биргаликда бир қатор миллий маслаҳатлашувлар ўтказилмоқда.
Миллий маслаҳатлашувлардан мақсад – халқаро учрашувларининг асосий мавзулари бўйича жамият ва ҳукумат ўртасидаги мулоқотни рағбатлантиришдир. Мамлакатимизга ўз позициясини кўрсатиш ва Ўзбекистоннинг экологик муаммоларини халқаро миқёсга олиб чиқиш, табиат, унинг ресурсларини асраб-авайлаш бўйича эришган муваффақиятлари ҳамда давлат чора-тадбирлари йўналишларини, шунингдек, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатишга қўшаётган ҳиссасини намоён этиш имконияти берилади. Миллий маслаҳатлашувлар натижасида халқаро учрашувларга хисса қўшиш сифатида мамлакатни ривожлантириш дастурларининг истиқболлари шакллантирилади.
Ҳукумат ва ривожланиш бўйича Ўзбекистон бўйлаб ҳамкорлар билан биргаликда кенг қамровли ва масъулиятли жараён сифатида тўртта миллий маслаҳатлашувлар ўтказилади:
✅ Яшил ўсиш стратегик асосини муҳокама қилиш ва Ўзбекистонда «Green Hub» ишга туширилиши – Ўзбекистон Республилкаси Иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги –2022 йил 29 апрель;
✅ Оролбўйи минтақасининг барқарор ривожланишини мустаҳкамлаш (Оролбўйи минтақаси учун комплекс йўл харитаси атрофида) – Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, 2022 йил 6 май Нукусда;
✅ Давлат миқёсида белгиланган ҳисса ва иқлим ўзгаришига мослашиш – Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази, 2022 йил 11 май;
✅ Ўзбекистонда биохилма-хилликни сақлаш ва табиий ресурслардан фойдаланишда жамоатчилик иштироки билан боғлиқ экологик муаммоларни ҳал этиш – Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, 2022 йил 12 май
2022 йил 29 апрель куни Ўзбекистон Республилкаси Иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан ҳамкорликда биринчи консультация ташкил этилди ва у Яшил ўсишнинг асосий шартларини муҳокама қилишга бағишланди. Давра суҳбати муҳокамаларида турли давлат вазирликлари ва идоралари, халқаро ташкилотлари вакиллари, шунингдек, фуқаролик жамияти, илмий доиралар ва жамоатчилик гуруҳлари аъзолари иштирок этишди.
Мазкур «Стратегик асослар» Ўзбекистонга халқаро тажриба ва таклифлар асосида яшил ўсишнинг олтита йўналиши бўйича иқтисодий ривожланишнинг барқарор йўлини ва муайян соҳавий устуворликларга эга асосий ўзаро боғлиқ мавзуларни белгилаб ўтиш имконини беради. Яшил иқтисодиётга ўтиш стратегиясини амалга оширишга қаратишган янги эътибор нуқтаи назаридан, БМТ ТД ўзаро ҳамкорликдаги маслаҳатлашувлар ва сўнгги янгиликларни улашиш орқали Ҳукуматни яшил ўсиш стратегик асосларини ишлаб чиқишида фаол қўллаб-қувватлашда давом этади.
Матильда Димовска, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили ўз нутқида қуйидагиларни қайд этиб ўтди: «Бугун биз яшил ўсиш стратегик асосларини ишлаб чиқишда ўз иштирокимиз ва қўллаб-қувватлашимизни давом эттиришга тайёрлигимизни билдирамиз. Рамзий маънода, маслаҳатлашувлар ғояларни шакллантириш, билимларни тўплаш ва уларни ўзаро алмашиш орқали «яшил» иқтисодиётга ўтишга ҳисса қўшиш учун мўлжалланган «Green Hub» ишга туширилиши билан бир вақтга тўғри келди. «Стокгольм+50» халқаро учрашувлари доирасидаги дастлабки миллий консультацияга мана шундай асос солинганидан жуда мамнунмиз».
Мазкур маслахатлашув билан қаторда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги қошидаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институтида ғояларни шакллантириш, билимларни йиғиш ва уларни ўзаро алмашиш орқали мамлакатда “яшил” иқтисодиётга ўтиш жараёнига янада кўмаклашиш, шунингдек, экспертлар, илмий-тадқиқот ташкилотлари, халқаро молия институтларини жалб қилиш, бирлаштириш ҳамда биргаликдаги ишларни ташкил этишни мақсад қилган «Green Hub» Республика марказини ишга туширилиши маросими бўлиб ўтди.