[:UZ]ТОШКЕНТ ҲАЙВОНОТ БОҒИДА ҲАЙВОНЛАР НИМА ЕЙДИ?[:]

[:UZ]Ҳайвонот боғи деганида кўзимиз олдига оч қолган, очликдан силласи қуриган жониворлар келади. Чунки вилоятларнинг аксарият ҳайвонот боғларида аҳвол шундай. Аммо Тошкент ҳайвонот боғига Ўзбекистон  давлат жаҳон тиллари университети Медиа ва коммуникация факультети ва Ўзбекистон  журналистика ва оммавий коммуникация  университети Интернет журналистика факультетининг талабалари билан бўлган экскурсиямиз бу фикрлар Тошкент ҳайвонот боғига тегишли эмаслигини кўрсатди. Ҳайвонот боғида бугунги кунда 336 турдаги ҳайвонлар ва 6 минг турдаги балиқлар билан биргаликда  8 мингга яқин жониворлар яшашади. Тошкент ҳайвонот боғининг илмий ходими Фируза Мирсолихова талабаларга  боғнинг, жониворларнинг келиб чиқиши тарихи ва бугунги куни ҳақида сўзлаб берди.

 

-Яқинда иккита қўнғир айиқлар Зузу ва Машани таништирдик, дейди Ф.Мирсолихова. -Тўй келин “никоҳ кечасига” тайёр бўлганда бўлиб ўтади. Чунки ҳайвонот дунёсида жониворлар фақатгина бола бўлиши мумкин бўлган кундагина қўшилишади. Айиқларда бу баҳорнинг охирида юз беради. Танишув эса тинчгина ўтди, айиқлар бир бирига ёққишди, улар хаттоки бола каби бирга ўйнашди ҳам. Ёки мана  бу кондор Сандра. У 47 ёшда, унинг ўғли Ковбой ҳозир 36 ёшда.

Бегемотларнинг олдига келар эканмиз, талабалар митти бегемот Жудининг ухлаб ётганини кўришди. Феруза опанинг айтишича, Жуди 35 ешда ва ҳозир қарилик гаштини сурмоқда.

Махсусу талаблар учун «Wildlife care» Ҳайвонот боғининг бош директорининг ўринбосари Акмал Қурбонов жирафагача бўлган икки тўсиқдан бирини очиб бериб, йигит ва қизларга уни   овқат билан сийлашга рухсат берди. Жирафа билан бирга бир вольерда яшаётган иккита туя ҳам албатта насибадан қуруқ қолишмади.

Кейинги танишув, виварий, яъни илонлар, йиртқич қушлар учун махсус боқиладиган сичқон ва денгиз чўчқаларининг биноси бўлди. Ҳайвонот боғи Ахборот хизматининг раҳбари Динара Чиркованинг айтишича, бу ерга бегона одамлар қўйилмайди. Аммо ҳайвонот боғининг ҳаёти билан танишишга келган бўлажак журналистлар учун бир маротаба истисно қилинди.

Акмал Қурбонов ёшларга ҳар чоршанба куни  ҳайвон ва қушлар учун олиб келинадиган озиқ-овқат маҳсулотлари билан таништирди.

-Ҳар чоршанба ҳайвонлар учун Қўйлиқ бозоридан сара мева ва сабзавотлар, апельсин, банан, киви, қулупнай, нок, анордан тортиб, корейс турпи -дайкон, кабачки, помидор ва бошқа сабзавотлар сотиб олинади. Гўшт ва балиқ маҳсулотлари шартнома билан харид қилинади. Энди айиқлар учун асал ҳам сотиб оламиз. Вақти етиб келди, дейди Акмал ака. -Мева ва қулупнайлар қушлар, маймунлар, айиқларга ҳам берилади.  Битта шерга бир кунда 10 кг гача гўшт берилади.

Тошкент ҳайвонот боғи 1924 йилда ташкил этилган бўлиб, икки йилдан кейин 100 йиллигини нишонлайди. Бугунги кунда  бу ерда илмий -тадқиқот ишлари ҳам олиб борилади. Энг асосийси браконьерлар қўлидан тортиб олинган жониворларнинг аксарияти шу ерда, меҳрли инсонлар қарамоғида боқилмоқда. Самарқанд вилоятида браконьерлар томонидан ташлаб қочилган, оёғи ва боши лат еган шер, чегарада ноқонуний равишда олиб ўтилаётганда олинган орангутан Цезарь, меҳр кўрсатиб, онаси ташлаб юборган қизалоққа тегмаган айиқ Зузу.. Қизил китобга киритилган, юртимизда саноқли қолган морхур Виталик…

 Бу ерда яшаётган ҳар бир жониворнинг ўз қисмати, ўз тақдири бор. Энг қизиғи ҳайвонот боғи ходимлари уларни эркалаб чақиришганида хаттоки шер Алекс ҳам эркаланиб, овоз чиқариб қўйди. Демакки, меҳр кўраётган жониворлар ана шу илиқликни сезишади, унга жавоб қайтаришга ҳаракат қилишади. Ахир қаҳрамон, бутун Ўзбекистонга қафасига ташланган қизчага меҳр кўрсатган Зузу айиғини эсланг… Афсуски, аксарият инсонлар ана шу ҳайвончалик ҳам бўла олишмаетгани қайғулидир. Бунга Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида  2 ойлик айиқчани ўлдирилиши ёрқин мисолдир.

Ҳайвонот боғидан қайтар эканмиз,  вилоятлардаги ҳайвонот боғларни ёпиш ёки ҳеч бўлмаганида Тошкент боғи даражасига келтириш ҳақида фикрлашдик. Насиб, шу кунлар ҳам келиб қолар…

Наргис Қосимова[:]