[:UZ]Дунёни олтмиш йилдан буён зарарлаётган чиқинди[:]

[:UZ]Кун бўйи ёмғир ёғди. Гоҳ шивалаб, гоҳ томчилаб, базан эса шаррос қуйиб, атроф оламни чангу-ғуборлардан поклади гўё. Қуруқ жойни ўзи қолмади. Ўт- ўлан, гулу- гиёҳлар, дов-дарахтлар ёмғир сувидан чанқоғини қондирди. Нима бўлса ҳам баҳор ёмғири яхши-да. Ҳаво тоза ва мусаффо бўлади. Нафас олиб, кишининг баҳри- дили яйрайди. Инсоният Яратганга шукроналар айтади. Ёмғирдан тоза бўлган ҳавони уйимиз ойнасидан кузатар эеанмиз, шаҳар ва маҳалла ўзгача кўриниб кетади. Аммо маҳалламиз кўчаларида ёмғирдан аввал бўлиб ўтган шамолдан учиб келиб қолган целлофан паеетлар лойга қоришиб, ерда тўзиб ётганига кўзимиз тушади. Ҳар ерда қизил, кўк, қора пакетлар гоҳ лойга қоришиб ётгани, гоҳ дарахт шохларига илиниб, кўркам дарахтлар ҳуснини бузиб турганини кўрамиз. Бу ҳолат табиатга ҳам инсониятга ҳам жиддий салбий таъсирини кўрсатишини англаб қоламиз.

Дарҳақиқат, бугун политилиен пакетлари кунлик ҳаётимизда шу қадар кўпки, уларни уйда ҳам, кўча куйда ҳам учратамиз. Бозор- ўчарда ҳам, дўконларда ҳам ошхона-ю, супермаркетларда ҳам ҳаражатларимиз учун полителиен пакетларини олиб келамиз. Кўп олиб келинаверганидан улар хонадонларимизга тўлиб кетади. Кимлардир уларни чиқиндига ташлар, яна кимлардир шундоғича ёқибгина юбориб қутулади. Аслида ҳар иккала ҳолат ҳам табиат учун ҳам ўзимиз учун ҳам зарарли эканини яхши билсакда, амал қилмаймиз. Бунинг оқибатида инсоният, айниқса, болалар ўртасида турли касалликлар кўпаяди. Атроф- муҳит ифлосланади. Табиат зарар кўради.

Маълумот учун айтиш керакки, ерга кўмилган полителиен пакетлари орадан 400 йил ўтсада чиримайди. Полителиен пакетлари 60 йил аввал пайдо бўлган бўлсада, орадан шунча узоқ вақт ўтишига қармасдан табиий шароитда чириш жараёни кузатилмаган. Статистик маълумотларга еўра, пластик пакетларнинг табиий шароитда чириши 400 йилни ташкил этар экан. Бугун чиқиндилар ташланадиган ҳудудлар, чиқинди полигонларида ҳам целлофан пакетларни уюм- уюм турганини кўрамиз. Демак, улар билан табиат қаттиқ зарарланмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Президентимиз қарорига кўра, 2019 -йил 1 -январидан полимер плёнкадан тайёрланган пластик пакетларни бепул тарқатиш тақиқланди. Ҳаттоки Корзинка, Макро каби супер маркетларда пакетларни сотиш билан бир қаторда матодан тикилган халталар ҳам сотуви йўлга қўйилган. Бу ўз ўрнида елим халталаридан фойдаланиш кўрсаткичларини ошганини кўрсатади. Шу ўринда таъкидаш керакки, Европа мамлакатларида ерга чиқинди ташлагани учун 20 -30 еврогача жарима тўланади. Сингапурда эса қоғоз, сигарет қолдиқларини ерга ташлаган фуқаро 300 доллардан 1000 долларгача жарима тўлайди. Юртимизда ҳам чиқиндилардан фойдаланишни тартибга солиш бўйича амалий ҳаракатлар бажарилмоқда. Ҳудудларда чиқиндиларни қайта ишловчи корхоналар қурилиб, аҳоли бандлиги ҳам таъминланмоқда. Аммо одамларимизда барибир экологик маданиятнинг сустлиги сабаб, чиқиндиларни ҳар ерга улоқтириш, атроф муҳитни ифлослантириш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу эса барчамизни бирдек ташвишга солади. Бунинг учун экологик тарбия оиладан, боғчадан, мактабдан олиб борилса, бу каби салбий ҳолатлар кузатилмасди.

-Болалигимизда кўча ва маҳаллаларимиз тоза ва озода турарди. Ариқларда ва сойларда оқаётган сувлар шунчалар тиниқ эдики, уларни кафтимизда олиб бемалол ичардик. Бугунчи ундай эмас -дейди, 75 ёшлик Робахон ая Сайдумарова.- Афсуски базилар чиқиндиларни саралашни унутадилар. Биз хаттоки мол ёки қўй озорланмасин дея пўчоқларни ҳам саралаб берардик. Бугунчи ҳатто чиқиндихоналарга нон бўлаклари ташлаб кетилади. Ноннинг ушоғи увоғидан ҳам қўрқмай кетганлар кўп. Ҳар бир нарсанинг жавоби бор ахир.

Ҳа, онахон жон куйдирганчалик бор. Негадир бугун чиқинди ташлаб, табиатни ифлослантиришдан асло чўчимаяпмиз. Полителин пакетларидан фойдаланиш тақиқланишига қармай уларнинг сотуви авж палласида. Ҳаттоки полителин, селефан паекетлари рекламаси ижтимоий тармоқларда ҳам кўпайиб кетди. Энг машхурлари ҳам бор Айген, оскар, ва бошқа номдаги пакетлар ранги ва кўриниши билан жалб қилади ўзига. Ҳозир эса ўзимизни миллий номларда ҳам пакетлар ишлаб чиқарилаётганига нима дейсиз.

Шунча ҳаракатларга қарамасдан селефан пакетларни ишлаб чиқариш тўхтатилмаяпти. Ушбу ҳолатга бепарво қараб бўлмайди. Биз ўзимизнинг ҳаракатимиз билан ўзимизни соғлигимизни ёмонлаштирмаяпмизми. Биз тарғиботдан тўхтамаймиз. Албатта тез орада ушбу муаммо бартараф этилади.

Фотима ЎКТАМОВА

[:]