Дунё миқёсида чиқиндилар муаммоси энг долзарб экологик масалалардан бирига айланиб бормоқда. Аммо халқимизга бу қизиқ эмас. Уларни қайсидир хонанда ҳаёти, шахсий муносабатлари кўпроқ қизиқтиради…
Лекин бизни хонандаларнинг шахсий ҳаёти эмас, балки хонадонимиздан, иш жойимиздан, ўқиш ва дам олиш масканларимиздан чиқаётган маиший чиқиндилар қаерга кетаётганлиги кўпроқ ташвишлантирди. Орангизда маиший чиқиндилар нима ва улар қаерга кетади, деб савол берувчилар албатта топилади. Одамларнинг ҳар кунлик фаолияти натижасида ҳосил бўлувчи органик ва ноорганик чиқиндилар, шунингдек уларнинг ҳудудида ва ободонлаштириш объектларидаги табиий жараёнлар натижасида ҳосил бўлувчи чиқиндилар (озиқ-овқат ва ўсимлик чиқиндилари, тўқимачилик маҳсулотлари, ўраш-жойлаш (қадоқлаш) материаллари, шиша, резина, қоғоз, пластмасса, ёғоч чиқиндилари, ўзининг фойдаланиш хусусиятларини йўқотган уй-рўзғор буюмлари) маиший чиқиндилар деб аталади. Маиший чиқиндилар ҳақида маълумотга эга бўлган шахс албатта юқоридаги саволимизга, маиший чиқиндилар чиқинди полигонларига олиб кетиляпти, деган жавобни беради.
Лекин ўзингиз бир ўйлаб кўринг Ўзбекистонда замонавий, атроф-муҳитга зарар етказмайдиган чиқинди полигонлари борми? Албатта йўқ! Борлари эса шунчаки ахлатхоналар. Чунки ҳақиқий чиқинди полигонида ерости сувларини заҳарламаслиги учун махсус изоляция қатламлари бўлади. Бундан ташқари чиқиндиларнинг қуёш нури таъсирида чириши оқибатида ундан биогазлар ажралиб чиқади. Натижада, айниқса иссиқ кунлари улар ўз-ўзидан ёниб, атрофга заҳарли ҳид ва тутун тарқатади. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси маълумотига кўра, Ўзбекистонда 20-30 фоиз чиқинди қайта ишланади. Қолганлари чиқинди полигонларига олиб кетилади. Чиқиндиларни қайта ишлаш заводлари фаолиятини ўрганиш мақсадида Бухоро вилоятидаги сараланган маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ва маҳсулот чиқариш МЧЖ “AHOLITRANS” кластерига ташриф буюрдик.
Кластерга Бухоро вилоят Когон туман ҳокимининг қарорига асосан Когон туман “Беклар” ҚФЙ ҳудудидаги “Etalon building service” МЧЖга тегишли 20,82 гектар майдон, шундан қурилиш майдони 42857,0 м2 дан иборат собиқ “Когон чўчқачилик комплекси” бино-иншоотлари ости ва атрофидаги ер майдонлари доимий фойдаланишга бириктириб берилган. Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 10-11 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи чоғида Когон туманида чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш кластери қуриш лойиҳаси билан танишган эди. Кластерда Хитойдан бир кеча-кундузда 450 тонна чиқиндини қабул қилиш қувватига эга технологиялар келтириб, ўрнатилган. Бу ерда металл, тош, шиша, яроқсиз резина ва автошиналар, пластмасса, ёғоч-тахта бўлаклари, шох-шаббалар, макалатура, қурилиш материаллари, матолар чиқиндиси сараланади. Улардан брикет, синтетик тола, қоғоз картон, тўқимачилик матоси, қурилиш блоклари, биогумус ва бошқа тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.
Технологияларни келтириб, ўрнатишда хитойлик мутахассислар билан бирга ишладик. Бугунга келиб ўзимиздаги мутахасисслар техникаларни яхши ўрганишди. Заводда умумий ҳисобда 140 та транспорт воситаси бор. Ёнилғи-мойлаш материалларини тежаш мақсадида барча транспорт метан гази асосида юради. Бундан ташқари, ҳар бир машинанинг қатъий жадвал асосида ишлашини назорат қилиб туриш мақсадида уларга GPS тизими ўрнатилган. Ушбу тизим орқали машиналаримизни онлайн назорат қилиб борамиз. Улар қайси ҳудудлардаги чиқиндиларни олиб бўлганини ҳам шу орқали билсак бўлади. GPS тизими фуқаролар билан мулоқот қилишимизда ҳам катта аҳамиятга эга. Аксарият фуқаролар ишчиларингиз чиқиндимни олиб кетмади деб, Истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларига ёзма аризалар ёзиб, бизни судга беришади. Буларнинг барчаси чиқинди пули тўламаслиги учун. Лекин бизда GPS тизими бор экан, судда фуқаронинг чиқиндиси қачон ва қайси куни соат нечида олиб кетилганини исботлаб бера оламиз. Коронавирус пандемияси сабаб жуда ҳам кўп тиббиёт чиқиндилари ҳосил бўлмоқда. Мамлакатимизда ҳеч қачон бу қадар кўп дока ниқоблар, резина қўлқоплар, ҳимоя воситалари ишлатилмаган. Уларни ишлатиб бўлгандан кейин маиший чиқиндиларга аралаштириш асло мумкин эмас. Аммо фуқаролар хонадонидан чиқадиган тиббий чиқиндиларни ҳам маиший чиқиндиларга аралаштириб ташлашади. Бу ишчиларимиз учун ҳам хавфли ҳисобланади. Иш давомида юқумли касаллик юқтириб олмасликлари учун уларни кўрикдан ўтказиб турамиз. Шанба куни Бухоро шаҳар тиббиёт клиникалари ва давлат шифохоналаридан чиқадиган чиқиндиларни муфельни печда 1200 градусда қиздириб йўқотиб юборамиз.
Деярли бирорта тиббиёт чиқиндиси қолмайди печда. Печда фақат тиббиёт чиқиндилари утилизацияси амалга оширилади. Печни ишлатишда 3 та ходим ишлайди уларнинг иши хавфли бўлгани боис, ойлик маошларига 20 фоиз қўшимча қўшиб берилади. Завод ишга тушганида унда тўрт юздан зиёд ишчи меҳнат қилаётган эди. Ҳозирда корхонамизда юз нафар ишчи доимий фаолият юритмоқда. Чунки биз ишлайдиган маҳсулотларни йўлда бизгача етиб келмасдан, уларни лўлилар олиб қолмоқда, дейди завод раҳбари Насриддин Рашидов. -Аслида бизнинг заводга Бухородаги учта туман Бухоро, Когон шаҳарлари, Когон туманидан маиший чиқиндилар ташиб келтирилади. Бухоро ва Когон шаҳарларидан 350-400 тонна чиқинди чиқади. Учта тумандан эса Бухоро, Когон, Қоровулбозор туманларидан ҳам худди шундай кунига 250-300 тонна чиқинди чиқади. Бир йилда бу 120 минг тонна чиқинди дегани. Аммо ташиб келтирилган ахлатлар орасида биз қайта ишлайдиган маҳсулотлар деярли йўқ. Шу сабабли иш ўринлари ва чиқиндини қайта ишлаш ҳажми ҳам камайиб кетди. Аслида чиқиндини биздан бошқа биров ишлатишига ҳақи йўқ. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 29.09.2020 йилдаги ПҚ-4845-сонли қарорига асосан маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматини кўрсатиш жараёнида, шунингдек, маиший чиқиндиларни тўплаш шохобчалари ва саралаш пунктларидан маиший чиқиндилар таркибидаги иккиламчи хом ашёни маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида хизмат кўрсатишга ихтисослашган ташкилотларнинг розилигисиз ажратиб олиш ва ўзлаштириш тақиқланади, дейилган. Чунки чиқинди вирус тарқатувчи ҳисобланади. Чиқиндиларни қайта ишлаш учун зарур қонун ва қонуности ҳужжатлар яратилган, аммо уларни амалга татбиқ этиш механизми йўқ. Шунинг натижасида кластерлар кўп ишламай туриб, ёпилаяпти. Мен кластерни Президент ишонч билдирганлари учун ишлатяпман. Ишчиларимнинг меҳнати оғир, аммо лўли- қароқчилар бор экан, мен ишчиларимга яхши ойлик маош тўлолмаслигимдан қўрқаман. Бошқа бизнесларим орқасидан келаётган даромадларим ҳисобидан кластердаги фаолиятимни давом эттириб турибман. Фуқароларга хизмат кўрсатилган бўлсада миллион рақамлардан ортиқ қарздорлик фуқароларимиз томонидан тўланмай келинмоқда. Ўз вақтида тўланмаган тўловлар ва кластернинг умумий фойдасидан тўланиши керак бўлган айрим ноаниқ солиқ фоизлари учун кластер 20-25 миллион газ таъминотидан, 200 миллион электр таъминотидан қарздор. Корхонанинг умумий фойдасидан 5 фоизидан кўп бўлмаган миқдори ҳар йили тасдиқланадиган харажатлар сметаси доирасида Санитар тозалаш бўйича ихтисослаштирилган корхоналар республика бирлашмаси фаолиятини молиялаштиришга, шунингдек, чиқиндилар билан боғлиқ инфратузилмани ривожлантириш тадбирларини амалга оширишга тўлаймиз. Аслида бу фоизлар бизга чиқиндини қайта ишлаб республикадаги катта муаммони бартараф қилаётганлигимиз учун тўланиши керак эмасми? Биз экологияни яхшилаш учун ҳам чиқиндини қайта ишлаймиз ҳам ўз даромадимиздан ўзимиз бошқа тўловлардан қарз бўлсакда, Экология қўмитасига пул тўлаймиз. Ўзингиз бир ўйланг бу қанчалик тўғри?
Яна бир масала аҳолининг экологик маданияти пастлиги муаммосидир. Буни қўрқмай айта оламан. Аксарият ҳолатда одамлар махсус чиқинди қутиларигача боришга эринишади. Ота-боболаримиз “Қуш инида кўрганини қилади” деб бежиз айтишмаган. Кўп қаватли уй-жойларда яшовчи аҳолининг аксарияти чиқиндини дерасазидан улоқтиради. Улар дарахт шоҳларига илиниб, қолганлари ерга сочилиб ётади. Бугун одамларимиз диний уламоларимизнинг гапларига кўпроқ қулоқ соладигандек туйилади менга. Менимча жамоат намзолари ва бошқа давра суҳбатларида одамларга бу муаммонинг оқибати ва асл ҳолат ҳақида кўпроқ маърузалар қилиш керак. Шунингдек, чиқинди билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида мактаб дарсликларига маълумотлар киритиш керак. Эко партия ва Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари ўқувчилар учун чиқиндини қайта ишлаш кластерларига саёҳатлар уюштириб, чиқиндининг қайта ишлаш жараёнларини ёшларга кўрсатиш керак. Бундай саёҳатларни биз доим қўллаб – қувватлаймиз. Эшикларимиз ҳам доим очиқ. Ёшлар чиқиндини қайта ишлашнинг заҳматини кўриб, бундан хулоса қилишса, хурсанд бўламиз.
Чиқиндини саралаш жараёнлари онлайн кузатиб борилади. Ускунага катта буюм ёки нарса тиқилиб қолса онлай назорат орқали саралаш ускуналари тўхтатилади
Суҳбатимизга заводнинг иш бошқарувчиси Алишер Назаров қўшилиб, у корхонадаги цехлар фаолияти билан таништирди. Кластердаги цехларда балон ва пластик чиқиндилардан РДФ ёқилғиси, баллон ва резина чиқиндиларидан резина брусчаткалари, шох шабба чиқиндиларидан кўмир брикетлари, қоғоз чиқиндиларидан картон маҳсулотлари, пластик чиқиндилардан полиэфир толаси, озиқ-овқат чиқиндиларидан ўғит (компост), металл чиқиндиларидан пресланган металл, қурилиш чиқиндиларидан пишган ғишт ва шлакаблок, органик чиқиндилардан биогаз, иккиламчи пластик гранулалардан турли пластик маҳсулотлар ишлаб чиқарилишига гувоҳ бўлдик. Ўрганишларимиз давомида фақатгина кластер фолияти эмас, балки ишчи ходимларга яратилган қулайликлар билан ҳам танишдик.
Шох шаббалардан кўмир брикет ишлаб чиқариш жараёни
–Ишчиларимизнинг уйига кетолмайдиганлар учун ётоқхоналар, душлар, ошхона, тиббиёт хонаси, дам олиш хоналари ташкил қилганмиз. Ҳар куни иш бошлашдан олдин ходимларимиз тиббий кўрикдан ўтишади. Ишчилар икки маҳал корхона ҳисобидан овқат билан таъминланган. Кечда тунаб қоладиганлар учун тонги нонушта ҳам берилади. Ходимларнинг соғлиғи ва кайфиятини доимий ўрганиб борамиз. Ишчилар учун ишга келиб – кетишлари учун автобуслар қўйилган. Корхонада иш пайтида телефондан фойдаланиши мумкин эмас ва биз буни қаттиқ назорат қиламиз. Чунки барча ишчиларимиз ускуналар билан ишлашади, шу сабабли чалғиб қолиб бирор зарар кўрмасликлари учун телефондан фойдаланишни таъқиқлаганмиз, — дейди корхона иш бошқарувчиси Алишер Назаров
Қурилиш чиқиндиларидан пишган ғишт ва шлакаблок ишлаб чиқариш жараёни
Гранулалар тайёрлаш жараёни
Пластик чиқиндилардан полиэфир толаси тайёрлаш жараёни
Кластерни ўрганиш давомида биз чиқинди полигонларини айландик — гектарлаб майдонлар чиқиндига тўлиб ётганлигининг гувоҳи бўлдик. Чириётган чиқинди чиқараётган заҳарли моддалар ерости сувларига етиб бориб, инсонларни заҳарлаши мумкин. Бунинг олдини олишга барчамиз масъулмиз. Чиқиндини кўпайтирмаслик учун аввало ўзингиз билан матодан тикилган халта олиб юринг, чунки сизга бозорда, дўконда товар солиб берилган целлофан пакет ерда 400 йилда чирийди, бир марталик идишларни ишлатманг, чунки уларни ерда хаттоки эварангиз ҳам кўриши мумкин, уйда чиқиндини саралашни ўрганинг, файта ишлаш осон бўлади, озиқ-овқат маҳсулотларини молингиз бўлмаса, алоҳида идишда чиқиндихонанинг бир чеккасига қўйинг. Батарейкаларни ерга ташламанг, чунки улардаги кимёвий моддалар 1 кв.метр жойни 20 йилга заҳарлаб, у ердаги барча микроорганизмларни ўлдиради. Хуллас, ўз тоза маҳалламиз, туманимиз, шаҳримиз, Ватанимизда яшаш учун ҳар куни тонг саҳарда сиз ва биз ташлаб кетган чиқиндиларни тозалаётган опа-акаларимизни меҳнатини қадрланг!
Ферузбек Сайфуллаев