[:UZ]Ўзбекистон Республикаси Президентининг 04.07.2018 йилдаги ПҚ-3837-сонли “ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ ҲУЗУРИДА ЖАМОАТЧИЛИК КЕНГАШЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА”ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат экология қўмитаси раисининг 2022 йил “13” январдаги 12-сон буйруғига асосан Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши тўғрисида НИЗОМ тасдиқланди.
Ушбу низомга асосан 20.01.2022 йилда давлат экология қўмитаси ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Жамоатчилик кенгашининг 23 нафардан иборат янги таркиби сайланди. Кенгаш аъзолари таркибидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати Камол Жуманиёзов Кенгаш раиси, “Экомактаб” ННТ директори Наталья Шивалдова унинг ўринбосари этиб сайланди.
ОАВ ларда Жамоатчилик кенгаши тузилганлиги ҳақида кети узилмас мақолалар ва ахборотлар эълон қилинди. Мана бугун кенгашнинг янги таркиби тасдиқланганига 40 кун бўлди. Аммо ҳалигача Жамоатчилик кенгаши бирор маротаба ҳам қайсидир экологик муаммони ҳал қилиш бўйича йиғилиш ўтказгани йўқ. Мазкур кенгашнинг вазифалари ва улар нимага кераклигини фуқаролар тўлиқ билмайди. Кенгаш ўз ишини жамоатчилик асосида олиб борадиган, доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаши органи ҳисобланади. Юқорида биз номини келтириб ўтган Низомга асосан Кенгаш Давлат экология қўмитасининг Марказий аппарати ҳузурида ташкил этилади ва унинг фаолияти мазкур давлат органининг барча ҳудудий бўлинмалари ҳамда тасарруфидаги ташкилотларига татбиқ этилади дейилган.
Шунга қарамасдан ҳалигача вилоятлардаги экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари таркибида ҳудудий жамоатчилик кенгашлари тузилмаган. Бизга кенгаш нечи йил фаолият юритади? деган бир хил мазмундаги кўплаб саволлар келиб тушди. Кенгашнинг таркиби Жамоатчилик палатаси билан келишилгандан сўнг давлат органи раҳбарининг қарори билан ҳар 2 йилда тасдиқланади. Кенгаш ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ҳамда қўмита томонидан тасдиқланган Низомга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.
Қўмита томонидан тасдиқланган Жамоатчилик кенгаши Низоми 3-бобида “Жамоатчилик кенгашининг таркибини шакллантириш ва ишини ташкил этиш тартиби” белгиланган ҳамда ушбу бобнинг 19 бандида Жамоатчилик кенгашининг раиси жамоатчилик кенгашининг фаолиятига умумий раҳбарлик қилиши, жамоатчилик кенгашининг мажлисларини чақириши ва кун тартибини белгилаши, жамоатчилик кенгашининг мажлисларида раислик қилиши, жамоатчилик кенгашининг иш режасини, мажлиси баённомасини ва бошқа ҳужжатларини тасдиқлаши, жамоатчилик кенгаши қарорларининг ижросини назорат қилши, жамоатчилик кенгаши аъзоларининг зиммасига юклатилган вазифаларнинг бажарилишини мувофиқлаштириши каби бир қатор вазифалари белгиланган. Вазифалар аниқ белгиланган бўлсада шу пайтга қадар кенгаш бирор маротаба ҳам йиғилиш чақирмаётгани ажабланарли.
Бизнингча кенгаш иж режаси тасдиқлаб, вазифаларни аниқ белгилаш учун йиғилиш чақириш вақти келди назаримизда. Йиғилишнинг кун тартибидаги асосий масалалар рўйхатида қўмитанинг тизимдаги ходимлари ойлик маоши билан боғлиқ муаммоларнинг биринчи навбатда кўриб чиқишни таклиф берамиз. Уйлаймизки, Жамоатчилик кенгаши таклифларимизни ва эътирозларимизни ижобий қабул қилишади.[:]