Навоий вилоятида қурилиш майдончасида яшовчи жониворлар қутқарилди

Навоий вилоятидаги қуёш фотоэлектр станцияси қурилиш ҳақидаги мақолани ўқишимиз биланоқ майдондаги ҳайвонот ва ўсимлик дунёси бизни ташвишга солди. Аниқланишича, лойиҳа қурилиш майдонида тошбақалар яшаши аниқланган ва “Тошбақаларни қутқариш” операцияси муваффақиятли ўтказилган. Лойиҳа инвестори БAAнинг “Masdar” компанияси ҳисобланади. Белгиланган қоидаларга риоя қилган ҳолда, худуддаги ишларни бажаришдан аввал, қурилиш майдони вақтинчалик тўсиқлар, маркировка ленталари ва бошқа чоралар ёрдамида аниқ белгиланган. Сўнгра тупроқни экологик жиҳатдан ўрганиш босқичи амалга оширилган. Бу ҳудудда Марказий Осиё тошбақаларининг қишлаши учун мос чуқурчалар аниқланган, шу муносабат билан 2020 йилнинг октабрь-ноябрь ойларида экологлар тупроқнинг юқори қатламларини синчиклаб очиб, қишлаётган тошбақаларни йиғишган.

Қидирув натижасида топилган 29 та тошбақа экологлар ва Давлат экология қўмитасининг вилоят ҳудудий бўлими билан келишилган баённомага асосан ҳарорат режимида назорат қилинадиган инкубаторга кўчирилган. Ўрта Осиё тошбақасининг ушбу тури март ойидан май ойигача фаол ҳаётда бўлиб, май ойининг охиридан бошлаб улар чуқурчаларда ухлашаётган бўлишади, шунинг учун тошбақалар айнан чуқурчалардан қидирилган. Хусусан, 2020 йил июнь ойида биринчи тадқиқот ишлари давомида ушбу ҳудудда ҳайвонлар топилмаган, чунки бу вақт тошбақалар учун ёзги уйқу даври ҳисобланади.Тошбақалар уясининг сони ва зичлигини аниқлашнинг асосий усулларидан бири сифатида тошбақалар чуқурлари қўлланилади. Бунда ҳар бир тошбақа алоҳида ҳудудда бир нечта чуқурчалар қазиши мумкинлиги ҳисобга олинади, шунинг учун баҳолашнинг бу усули фақат таклиф этилаётган лойиҳа ҳудудидаги тошбақалар сонини таҳминий аниқлашга олиб келиши мумкин, лекин кўпинча ортиқча баҳоланади.

 

Биз Ўрта Осиё чўл тошбақаси Ўзбекистон Қизил китобига ҳамда СИТЕСнинг II Иловасига киритилганини эслатиб ўтмоқчимиз. Шу ўринда бизни бир савол ўйлантиради. Қуёш фотоэлектр станцияси қурилиши режалаштирилган майдонда тошбақалардан бошқа ҳайвонлар учратилмаганми? Масалан Ўзбекистон Қизил китобида судралиб юрувчиларга кирувчи капча илон, кўндаланг йўлли бўритиш илон, шарқ буғма илонлари ва бошқа бир нечта тур ҳайвонлар Навоий вилоятида учратилади ва улар муҳофазага олинган. Бизга лойиҳадан олдин ҳудуднинг экологик ҳолатини ўрганган ишчи гуруҳи аъзосининг маълум қилишича ҳудудда бошқа тур ҳайвонлар ва ўсимликлар учратилмаган. Ҳарорат режимида назорат қилинадиган инкубаторга кўчирилган тошбақалар кўпайгач, улар яна очиқ табиатга қўйиб юборилган.

 

 

“БAAнинг “Masdar” компанияси қуёш фотоэлектр станциясини (ОТБ) Осиё тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан қураётганини билдирди. Осиё тараққиёт банки лойиҳаларга пул ажратишдан олдин, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсига зарар етказилмаслигига алоҳида эътибор беради. Бу талаб уларнинг биринчи ўриндаги шартларидан бири, шу сабабли лойиҳадан олдин ҳайвонот ва ўсимлик дунёси экологик норматив ҳужжатлар асосида ўрганилди дейди” ишчи гуруҳи аъзоси бўлган мутахассис.

Биламизки, Ўзбекистонда бир қатор катта – катта лойиҳалар амалга оширилмоқда. Аммо яна қайси қурилиш компаниялари қурулиш ҳудудидаги ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини экологик норматив ҳужжатлар асосида ўрганиб чиқяпти? Қурилиш майдонларида яшаётган жониворларни хавфсиз жойга кўчираяпти? Ўзини ҳурмат қилган ҳар қандай компания,экологлар албатта фақатгина кабинетда ўтирибгина, норматив ҳужжатларни тўлдирмай, оз бўлсада жонивор ва ўсимликларнинг тақдиридан хавотирга ҳам тушади. Ўйлаймизки, саволимизга тегишли ташкилотлар расмий муносабат билдирган ҳолда жавоб қайтаришади.

Ферузбек Сайфуллаев