[:UZ]Мазкур мавзуда ўтказилган давра суҳбати Ўзбекистон нодавлат нотижорат Экофоруми томонидан ўтказилди. Мазкур онлайн форумнинг асосий мақсади — Европа Иттифоқининг кўмагида амалга оширилган “Инновацион Ўзбекистон” лойиҳаси доирасида маҳаллий ҳамжамият даражасида арзон “яшил” технологияларни тарғиб қилишдир.
Экофорумда сўзга чиққанлар, хусусан “Сувчи” нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Тоҳир Мажидов, “Орол денгизи ва Амударёни муҳофаза қилиш иттифоқи” раҳбари Юсуп Камолов, Навоий вилояти “Тумарис” аёллар ёшлар маркази директори Наталя Нарбекова, “КРАСС” нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Лилиана Син ва бошқалар Экофорум аъзолари томонидан нашр этилган “Ўзбекистонда маҳаллий ҳамжамиятлар учун арзон “яшил” технологиялар” тўпламининг тақдимотини ўтказиб, бугунги кунда “яшил” технологиялар Ўзбекистондаги мавжуд долзарб экомуаммоларни бартараф қилиш, иқлим ўзгаришининг кичик фермер хўжаликларига таъсирини юмшатишда қўл келадиган арзон технологиялар эканлигини таъкидлашди.
Тўпламнинг “Иқлим ўзгариши ва маҳаллий жамоалар” деб номланган биринчи бобида иқлим ўзгариши муаммоси йил сайин долзарблашиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти башоратига кўра, 2030 йилга бориб сайёрамизда сув ресурслари тақчиллиги 40 фоизга ошиши мумкинлиги қайд этилганлиги, Ўзбекистонда сўнгги 15 йил ичида аҳоли жон бошига сув таъминоти икки баробар камайганлиги, мазкур муаммоларни маҳаллий, минтақавий ва халқаро миқёсда ҳал этиш бўйича қандай тизимли чора-тадбирлар кўрилаётганлигига асосли жавоблар мавжуд. Иккинчи бобда эса бевосита Ўзбекистонда маҳаллий ҳамжамиятларнинг арзон “яшил” технологияларга бўлган эҳтиёжлари ўз аксини топган. Тўпламни бошқа бобларида мазкур йўналишда хориж тажрибаси, технологиялар ва дизайнларни жорий этиш учун донорлар ва бошқа молиялаштириш имкониятларидан фойдаланиш масалалари, маҳаллий имкониятлар ва ташаббуслари таҳлил қилинган.
2020-йилдан бошлаб мамлакатимизда Европа Иттифоқи кўмагида “Инновацион Ўзбекистон” 2020-2022” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Унинг асосий мақсади маҳаллий ҳамжамиятларга ва нодавлат нотижорат ташкилотларига “яшил” иқтисодиётни ривожлантиришга ҳисса қўшиш ҳамда Ўзбекистонда янада экологик тоза ва тежамкор технологиялар ва амалиётларни жорий этишга имкон беришдан иборат.
Наргис Қосимова.[:]