Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси 1-декабрь куни барча экологияга бефарқ бўлмаган юртдошларимиз учун “Очиқ эшиклар” кунини ўтказди. Айтиш жоизки ниҳоят Қўмита замонавий услубда таъмирланган ўз биносига эга бўлди (Манзили: Тошкент ш. Бунёдкор кўчаси, 7-а уй. Шундоққина Новза масжиди ёнида). Соҳа вакиллари Очиқ эшиклар кунида Қўмита фаолияти билан таништириш билан биргаликда, журналист ва блогерлар, ташриф буюрган депутат ва бошқа соҳа вакилларининг барча саволларига жавоб беришга ҳаракат қилишди.
“Очиқ эшиклар куни” ни Қўмитаси раиси ўринбосари (Раис лавозими ҳали ҳам вакант) олиб борди. Унда кўплаб муаммолар кўтарилди. Булар экоинспекторларнинг маошларини ошириш, ноқонуний чиқинди полигонларини бартараф этиш, Бўстонлиқ туманидаги маргимуш конини зарарлантириш, Наманган вилояти Норин дарёсининг бир қисми бўлган Уйчи каналига оқова сувларнинг ташланиши натижасида сув ва қирғоқбўйи ҳайвонот ва ўсимлик дунёсига етказилган зарар, тизимдаги коррупция ҳолатларини бартараф этиш, давлат бюджетидан соҳага ажратиладиган маблағларнинг оқилона фойдаланиши тизимини назорат қилиш ва бошқалардир.
Экология соҳасида олиб борилаётган ишларнинг аста-секинлик билан бўлсада шаффофлашаётгани ва очиқланаётгани албатта одамни хурсанд қилади. Яна бир табиатимизга бефарқ бўлмаганларни хурсанд қиладиган жиҳат Қўмитанинг табиат кушандаларини топиш, уларни жаримага тортишда замонавий техникага эга бўлаётганидир. Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Исломбек Боқижоновнинг таъкидлашича, мазкур техникалар келгусида муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларга ўрнатилиб, аксарият ҳолатда экологик муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади. Шу билан биргаликда Қўмитада ташкил этилган замонавий мониторинг хонаси ҳам марказлаштирилган ҳолатда жойларда содир бўлаётган экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ва йўл қўйилиши мумкин бўлган коррупция ҳолатлариининг олдини олинишига хизмат қилади.
Ўйлаймизки, Қўмитанинг очиқлик борсидаги мазкур ташаббуси барча вилоят бошқармалари ҳам қўллаб-қўвватлашади. Шу билан биргаликда, Қўмитадан Алишер Мақсудов даврида ишдан бўшатилган тажрибали экологлар Собирхон Машрабов, Умиджон Абдужалилов, Жахонгир Толипов, ўша пайтдаги ахборот хизмати раҳбари Бунёд Абдуллаевлар ҳам албатта ўзларининг розилиги билан ишга қайтарилса яхши бўларди. Чунки ҳар қандай соҳа албатта тажрибали ва билимли мутахассислар ҳисобига ривожланади.
Наргис Қосимова