Қорақалпоғистонда қаттиқ маиший чиқиндиларни утилизация қилиш лойиҳаси амалга оширилади

Қорақалпоғистонда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) томонидан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси таcсарруфидаги Қорақалпоғистоннинг “Тоза ҳудуд” унитар корхонасига 70 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилди.

Ҳужжатга кўра, маблағлар Европа Иттифоқи стандартларига жавоб берадиган янги санитария полигонлари, чиқиндиларни саралаш  ва қайта ишлаш заводлари ҳамда  чиқиндиларни кўчириш станциялари қурилишини молиялаштириш, шунингдек, махсус техника ва автотранспорт воситаларини етказиб беришга йўналтирилади.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Экологик ҳаракати ва Yahav Hamias Group компанияси (Исроил давлати) ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.  

“ Yahav Hamias Group ” компанияси вакили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш қўмитаси раҳбари Б.Алихонов ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати Л.Сеитова, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Қорақалпоғистон Республикаси “Тоза ҳудуд” бўлими вакиллари билан биргаликда  республикадаги мавжуд чиқиндихоналар ҳамда ичимлик суви муаммо бўлган аҳоли пунктларида  бўлиб, аҳволни ўрганишди. Мазкур лойиҳа инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга катта фойда келтириши ҳамда иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиришга ҳисса қўшиши кутилмоқда. Бундан ташқари, лойиҳа минтақада чиқиндиларни барқарор бошқариш амалиётини жорий этиш орқали ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини оширади. Исроиллик ҳамкорлар томонидан Қорақалпоғистон Республикасига амалга оширган ишчи сафари давомида тўпланган маълумотлар асосида Қорақалпоғистонда қаттиқ маиший чиқиндиларни утилизация қилиш бўйича комплекс ёндашув ишлаб чиқилади.

 

☘️ Каналимизга уланинг https://t.me/ekologuz

Каналимизга савол ва экомуаммолар учун мурожаат @eklguz_bot