ОМОНХОНАНИНГ МЎЖИЗАКОР БУЛОҒИ

Сурхондарё вилоятидаги Омонхона қишлоғи Бойсун туман марказидан 16 километр узоқликда жойлашган. Унинг атрофи бир-бири билан елка тирашган қир-адирликлар билан ўралган. Табиати сўлим. Тоғдан эсиб турадиган шабада киши қалбига ором бахш этади. Бу ерда минг нафардан ортиқроқ аҳоли, 150 хўжаликда умргузаронлик қилишади.

Гапнинг сарасини айтганда, Омонхонага Оллоҳнинг назари тушган. Кекса одамларнинг нақл қилишларича, ўтроқ аҳоли ҳозиргача ўткир юқумли касалликларга чалинмаган. Улар сариқ касаллиги у ёқда турсин, ҳатто ошқозон ичак касаллиги билан ҳам оғримаган, хатто бу ерда ҳеч ким шу пайтгача юқумли касалликлар билан оғриб, шифокорга мурожаат қилмаган. Аксинча, сариқ касаллигига чалинган, ёхуд жигар церрози ҳаётига чанг солган кишилар Омонхонадан нажот излашади. Узоқ манзиллардан йўл юриб, ана шу қадимий, айни пайтда яшариб, яшнаб бораётган кўркам қишлоқ томон ошиқишади.

— Қозоғистондан келдим, Нукус шаҳрида яшайман. Катта ерим бор, фермерман, — дейди Нуринбек Қоллибеков. — Бундан 15 йил илгари сариқ касаллиги билан оғриган эдим. Жигарим катталашиб, церрозга айлана бошлаганди. Омонхона суви бу дардга даво деб эшитгач, йўлга чиқдим. Дастлабки кунларданоқ менда ижобий ўзгаришлар юз бераётганлигини ҳис этдим. Ўшандан буён Омонхона менинг иккинчи қўноқ масканимга айланган. Бу мўжизага бой сув менга яна жўшқин ҳаёт бахш этди.

Бу муболаға эмас, омонхона суви мўжизанинг ўзгинаси. Киши ўйга толади. Қишлоқ чағатлар ўнгирида жойлашган. Унинг замини тоба, яъни йирик ясси тошлар билан қопланган. Ана шу қаттиқ жисмни ёриб булоқлар кўз очган. Бу буюк Яратгувчининг қудрати эмасми? Чашманинг суви магний-сулфад ва бошқа турли фойдали минерал моддаларга бойлиги билан дунёга машхур шифобахш маъданли сувларданда афзалроқ эканлиги тан олинган. Сув киши танасидаги ўтни суриш, уни суюлтириш, пешобни ҳайдаш, қабзиятни бўшатиш, қон босимини пасайтириш каби турли хил хасталикларни даволашга ижобий таъсир этади. Омонхона сувини истеъмол қилган кишида ошқозон-ичак, сариқ ва жигар церрози каби ўткир юқумли касалликлар учрамайди.

— Республикамизнинг турли касалхоналарида бўлганман. Шифокорлар даволашнинг иложи йўқ, бунга ҳозирча тиббиёт ожиз, деган хулосага келган пайтда мен Омонхона муқаддас булоғи сувидан нажод изладим, — дейди Абдурауф Ғофуров. — Унинг қудратли кучи таъсирида жигар церрози ривожланмади, оёққа турдим. Бу масканнинг суви менга қайта умр бахш этди. Тўшакка михланиб қолган мажолсиз киши эдим. Оиламга, болаларим бағрига шод омон қайтдим.

Ҳа, Омонхона  суви ҳаётбахш неъмат. Унинг довруғи узоқ-уғоқларга бориб етган. Республиканинг барча вилоятларидан ҳатто қўшни давлатлардан дардига даво излаган кишилар бу ерга келишади. Оллоҳнинг инояти билан орадан кўп ўтмай улар соғайиб, юртига қайтишади.

Омонхона сувининг шифобахш хусусияти Юртбошимизнинг ҳам назарига тушди. У кишининг ташаббуси билан Омонхона бальнеологик даволаш маскани барпо этилди. Ҳозир шифохона “Ўзбекистон темир йўллари” ДУК тасарруфида. Санаторияда компания темир йўлчилари ҳам дам олишади, даволанишади, соғлиғини мустахкамлашади. Бунинг учун соғломлаштириш масканида барча шароитлар бор.

— Бу ерда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди, — дейди сиҳатгоҳ директори Бахтиёр Жўраев. — Юз ўринли қўш қаватли янги иморат қурилди. Ҳар бир хонада юмшоқ гиламлар тўшалган. Диван кроват, шкаф, стол ва курсилар ўрнатилган. Ободонлаштириш ишлари ҳам намунали ташкил этилди. Ҳамма жой ранго-ранг гулзор, кўкаламзор. Манзарали дарахтларни парвариш қилишга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Шифохона баланд тепалик бағрида жойлашганлиги боис беморлар пиллапоялардан иборат бетон йўлакчалардан юқорига кўтарилиб боради. Атроф кўркам қиёфа касб этган. Мусаффо тоғ ҳавосидан баҳра олаётган одамларнинг кайфи чоғ, руҳи тетик. Дарвоқе, дардига дармон излаган кишилар учун манзилининг яқин узоғи бўлмайди. Буни сиҳатгоҳда мамлакатимизнинг шимолий минтақаси Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларидан ҳар куни ўнлаб беморлар қабул қилинаётганлиги мисолида ҳам билиш мумкин.

Яна бир гап, илгари даволаш маскани йилнинг май, июн, июл, август, сентябрь октябрь ойлари давомида олиб бориларди. Қиш фаслида эса беморларни қабул қилишнинг иложи йўқ эди. Бунинг сабаби бор. Биринчидан сув совуқ, хоналарни иситиш йўлга қўйилмаганди. Боз устига оромгоҳ бинолари тоғ ён бағрида жойлашганлиги сабабли мавсумда минг нафарга яқин беморни қабул қилиш имкониятига эга эди. Энди йил ўн икки ой иш юритиш йўлга қўйилди. Муассаса томонидан “Кексаларни эъзозлаш йили”да алоҳида тадбир тузилган.  Унга асосан жорий йилда 450 нафар қариянинг соғлиғини мустаҳкамлаш режалаштирилган.

Яқинда янги 100 ўринга эга бўган замонавий бино ишга тушди. Уларга намунали хизмат кўрсатувчи тиббиёт ходимлари ҳам кўпайди. Музаффар Жалилов, Қўшоқ Отамуродов, Иброхим Мажидов сингари билимдон, тажрибали шифокорлар, Нилуфар Умарова, Дилдора Зиёдова каби ўрта тиббиёт ходимлари барчанинг хурматига сазовор бўлмоқда. Дам олувчи кишилар томонидан уларнинг шаънига ёзиб қолдирилаётган миннатдорлик сўзларининг чеки йўқ.

Омонхона йил давомида мамлакатимизнинг турли минтақаларида моддий неъмат ишлаб чиқараётган, пахта ва ғалла етиштиришда фидокорлик намуналарини кўрсатаётган фермерларнинг ҳам севимли сиҳатгоҳига айланди. Буни биргина ўтган йили 150 нафарга яқин фермер сиҳатгоҳда соғлиғини мустаҳкамлаганлигидан ҳам билсак бўлади.

   Омон ШУКУРОВ