Лолалар “Қизил китоб”га киритилган, уларни илтимос терманг!

Ўзим Самарқанд шаҳрида яшасам ҳам барча қариндош-уруғларим Қашқадарё вилояти билан чегарадош қишлоқда яшашади. Тоғли жойлар бўлганлиги боис баҳорда бориб, дам олишга арзийди. Бир гал дадамдан тоққа, лола теришга олиб боришларини сўрадим. Шунда дадам лолалар ўсадиган жойларгача мен етиб боролмаслигимни айтганида ишонмадим. Бола эдим. Опаларим синифдошлари билан тоққа лола теришга кетаётганини айтганида, зўр қизиқиш билан мен ҳам уларга эргашдим. Тоғлар оралаб кетавердик- кетавердик, лоладан эса дарак йуқ. Ҳавонинг авзойи бузуқ, сел келадиган бўлиб турибди.

Бир маҳал қишлоқдан анча олислаб кетганимизда, дадам ортимиздан етиб келди ва ҳамроҳларим саёҳатни менсиз давом эттирадиган бўлишди. Рости жуда алам қилди. Чунки ҳали лолага етмаган эдим. Дадам мени кўтарганича ҳаллослаб борар эдик. Уйга етгунча туман қуюқлашиб, шаррос ёмғир қуйди. Aмаллаб уйга кирдик. Дадам қизим, сен лолагача боролмайсан. Улар жуда олисга кетиб қолган, деди. Илгари шу яқин атрофда ҳам ўсарди. Биз дўстларимиз билан қучоқ- қучоқ териб келардик. Лолалар уруғини тўкишга ҳам улгурмасди. Шунинг учун улар бу ерларда ортиқ ўсмай қўйишди. Мен бу ишимдан қаттиқ афсусланаман, деганида лолаларга ачиниб кетдим. Уларни ортиқ тергим келмай қолди.

Улғайгач, лолаларнинг кўп тури Қизил китобга киритилганлигини билиб олдим. Ҳозирги кунда лоланинг 20 та тури Қизил китобга киритилган бўлиб, шундан 6 тури Қашқадарё ҳудудида ўсар экан. Демак, бизнинг қишлоқ тоғларидаги лолалар ҳам Қизил китобга киритилган. Ўсимликларни асраб қолиш фақатгина бир турни намуна учун сақлаш дегани эмас. Оилада 10 та фарзанднинг ўрни бошқа бўлганидек, она табиат учун ҳам бағридаги ҳар бир гиёҳнинг қадри бўлак. Лоларни йиғлатиб узманг, уларнинг чиройидан завқланиб, томоша қилиб, баҳра олинг!

 

Наима Хуррамова

 

☘️Каналимизга уланинг 👇

Присоединяйтесь к нашему каналу

👇 https://t.me/ekologuz