Бугун инсоният иқлим ўзгариши ва у билан боғлиқ қатор экологик таҳдидларга рўбарў келмоқда. Экологик инфратузилмаси заиф шаҳарлар учун бу жиддий синов ҳисобланади.
Урбанизация шароитида шаҳар аҳолисининг муттасил ўсиб бориши инобатга олинадиган бўлса, бу шаҳардаги барча бино-иншоотлар ва бошқа инфратузилма объектларига қўшимча юклама ҳисобланади. Шаҳарлар Ер сайёрасининг атиги 3 фоизини эгалласада, энергиянинг 60-80 фоизи айнан шаҳарларда истеъмол қилиниб, атмосферага чиқариладиган углерод газининг 75 фоизи шаҳарлар ҳиссасига тўғри келади.[i]
Шаҳарда жойлашган яшил ҳудудлар ва инфратузилма объектлари, ўсимлик дунёси ва дарахтлар шу ерда истиқомат қилувчи инсонлар учун энг асосий ҳаёт манбаи бўлиб, юқоридаги хавф-хатарларни фақат шаҳар эко-тизими ёрдамида юмшатиш мумкин.
Хўш, яшил ҳудуд деганда ўзи нима тушунилади? Яшил ҳудуд аҳолининг оммавий дам олишини ташкил этиш учун мўлжалланган кўкаламзорлар ҳудудлар ва объектлар (шаҳар ўрмонлари, ўрмон-боғлар, истироҳат боғлари, хиёбонлар, боғлар, сайилгоҳлар), ҳовузлар, пляжлар, соҳилбўйи объектлари ва бошқа рекреация объектларини ўз ичига олади. Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, яшил ҳудудга фақат барча учун эркин кириш имконияти бўлган майдонлар киради. Бунда жамоатчилик учун ёпиқ бўлган ҳудудлар, шу жумладан корхона ва ташкилотлар, хусусий секторга қарашли бўлган аҳолининг эркин кириш имконияти чекланган майдонлар, ёхуд қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ер ва далалар кирмайди.
Яшил майдон ва хиёбонлар экологик хавфларни юмшатиш ва аҳоли саломатлигини яхшилаш билан бирга ижтимоий-иқтисодий, руҳий, эстетик, маданий ва бошқа вазифаларни ҳам бажаради.
Тадқиқотларга кўра, шаҳардаги иссиқликни ўзига тортувчи сатҳлар ҳисобига шаҳарнинг ҳаво ҳарорати 5°С даражагача кўтарилади.[ii] Айни пайтда шаҳардаги дарахт билан қопланган майдонни 10 фоизга ошириш, иситиш ёки совутиш учун энергия сарфини 5-10 фоизга камайтириш[iii] имконини беради. Шу билан бирга, яшил хиёбонлар ҳаво ифлосланишининг 85 фоизини фильтрлаш имкониятига эга.[iv]
Сўнгги йилларда шаҳар ҳудудидаги бўш майдон ва яшил зоналардаги қурилиш ишлари, реклама баннерларини жойлаштириш, аҳоли турар-жой мажмуаларида бундай майдонларда бетон қопламали автомобил тўхташ жойлари ташкил этиш, умумий овқатланиш хизматлари кўрсатувчи ташкилотларнинг ўзига туташ майдондаги яшил зоналарни “эгаллаб олиши”, йўл ва кўприклар бунёд этиш ёки уларни кенгайтириш орқали яшил қопламали майдонлар ва дарахтзорлар қисқариб бормоқда.
Бу ўз навбатида шаҳарлардаги ҳаво ҳароратининг меъёридан ортиқ ошишига олиб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази томонидан олиб борилган кузатишларга кўра, 2020 йилда Тошкент, Гулистон, Андижон, Наманган, Фарғона шаҳарлари билан бирга Бухоро шаҳрида ҳам ҳаво ҳароратининг меъёридан 1.0-1.4°С даражагача юқори бўлганлигини кўрсатади.[v] Глобал исиш ҳамда шаҳар ҳудудидаги “иссиқ орол” (“heat island”) ҳодисаси (қишлоқ жойларига қараганда шаҳардаги ҳаво ҳароратининг юқори бўлиши) бу ерда истиқомат қилувчи инсонлар соғлиғига жиддий хавф ҳисобланади.
Шаҳар ҳудудидаги яшил майдон (хиёбон)ларнинг ижобий жиҳатларини эътиборга олиб, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларда шаҳар эко-тизими барқарорлигини таъминлашга оид минимал стандартлар белгиланган. Хусусан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ҳар бир шаҳар унда истиқомат қилувчи ҳар бир инсонни камида 9 квадрат метр (кв.м.) яшил майдон билан таъминлаши тавсия этилган.[vi]
Айрим давлатларда мазкур кўрсаткичлардан ҳам юқорироқ стандартлар белгиланган. Жумладан, яшил майдон киши бошига Лос-Анжелесда 48.5 кв.м., Кембрижда 46 кв.м., Вашингтонда 38 кв.м., Малайзияда 20 кв.м. этиб белгиланган.[vii] Индонезия қонунчилиги шаҳар ҳудудининг 30 фоизини яшил майдонларга ажратишни талаб этса, Малайзияда янги ҳудудларни ривожлантириш лойиҳаларида 10 фоиз майдонни яшил ҳудудга ажратишни назарда тутади. Сингапур дунёдаги энг кичик давлатлардан бири бўлишига қарамай, майдонининг 46.5 фоизида[viii] яшил майдонлар ташкил этилган.
Буюк Британия стандартларида нафақат яшил майдон ҳудуди, балки яшил зоналарнинг шаҳар ҳудуди бўйлаб мутаносиб тақсимланишига қаратилган стандартлар ҳам мавжуд. Унга кўра яшил майдонгача бўлган масофа уйдан 300 метрдан ошмаслиги, икки километрлик масофада 20 гектарлик, 5 километрлик масофада 100 гектарлик ва 10 километрлик масофада 500 гектарлик яшил майдонлар бўлиши белгиланган.[ix]
Шаҳар ҳудудидаги яшил майдонлар бўйича Европа шаҳарлари етакчи ҳисобланиб, Европа Иттифоқи мамлакатларида ўртача яшил майдонлар киши бошига 18.2 кв.м.ни ташкил этади ва 44 фоиз аҳоли яшил майдонлардан 300 метрлик (пиёда 5 дақиқалик) масофада истиқомат қилади.[x] Ўзбекистонда эса маданият ва истироҳат боғларининг майдони шаҳар аҳолисининг жон бошига 1.03 кв.м.ни (2019 йил)[xi] ташкил этади холос.
Мазкур тадқиқот доирасида қадимий шаҳарлардан бири бўлган Бухоро шаҳрига тўхталиб ўтамиз. Статистик рақамларга кўра, Бухоро шаҳрида жами 280,2 минг аҳоли (шундан шаҳар аҳолиси 255,4 минг; қишлоқ аҳолиси 24,8 минг) истиқомат қилади. Шаҳарнинг жами майдони 0,07 минг кв.км.ни (7 минг гектар атрофида)[xii] ташкил этади. Табиий-иқлим шароитига кўра шаҳар чўл минтақасида жойлашган бўлиб, иқлими кескин континентал ҳисобланади. Узоқ давом этадиган, иссиқ ва қуруқ ёз мавсумида шаҳар аҳолисининг соя-салқин яшил ҳудудларга эҳтиёжи жуда катта.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Бухоро шаҳридаги яшил майдонлар майдони Google maps маълумотлари асосида таҳлил қилиб чиқилганда, шаҳарда 150 гектар атрофида яшил майдонлар мавжудлиги аниқланди. Бу шаҳар майдонининг жами 2-3 фоизини, аҳоли жон бошига эса 5-6 кв.м.ни ташкил этади холос. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг минимал стандартларидан (9 кв.м.) келиб чиқилса, фақат шаҳар аҳолисининг (255.4 минг) ўзига жами 230 гектар, жами аҳолига (280,2 минг) нисбатан эса 252 гектар яшил зона керак бўлади. Мавжуд яшил зоналар майдони 150 гектарни ташкил этишини инобатга олсак, бу яна камида 80-100 гектар (жами шаҳар аҳолиси (280,2 минг) ҳисобга олинса 100 гектар) яшил майдон барпо этишни талаб этади. Бу янги барпо этилаётган “Bukhara City” майдонидан (83 гектар) кам бўлмаган майдонни ташкил этади.
Айни пайтда, яшил майдонларнинг шаҳар бўйлаб номутаносиб тақсимланганлигини харитадан кўриш мумкин. Шаҳардаги яшил майдонлар асосан шаҳарнинг шимолий ва шарқий чегаралари тарафида жойлашган. Шаҳарнинг асосий аҳолиси истиқомат қилувчи кўп қаватли уйлар жойлашган жанубий тарафида яшил ҳудудлар, боғ ёки хиёбонлар мавжуд эмас.
Шунингдек, олиб борилган қурилиш ва бошқа инфратузилма объектларини, шу жумладан аттракционларни жойлаштириш ҳисобига шаҳардаги барча боғ ва хиёбонларнинг, айниқса, “Фатҳобод”, “Ситора” (олдинги “Пахтаой”) боғлари, “Қўҳна ва боқий Бухоро” мажмуасидаги яшил ҳудудлар майдони қисқарганлигини кўриш мумкин.
2025 йилги бориб Бухоро шаҳри аҳолиси 310 мингга етиши, истиқболда шаҳар ҳудудини қўшни Когон тумани (1920 гектар) ва Бухоро тумани (1630 гектар) ҳисобига кенгайтириш кўзда тутилган.[xiii] Бу эса шаҳар бош режасини лойиҳалаштиришда 120-130 гектар майдондан иборат қўшимча яшил майдонлар барпо этиш ҳамда шаҳардаги яшил ҳудудларнинг мутаносиб тақсимланиши чораларини кўришни талаб этади.
Ҳозирда Бухоро шаҳрида замонавий ишбилармонлик марказлари ва турар жой мажмуалари қурилиши жадал кетаётган бир шароитда, шаҳар эко-тизимини яхшилашга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш имконияти бор. Эртага бундай имконият бўлмайди, бўлганда ҳам бундай лойиҳаларни амалга ошириш бир неча баравар қимматга тушиши мумкин.
Шу муносабат билан, шаҳар эко-тизимини яхшилаш, яшил ҳудудларнинг майдонини кенгайтириш ҳамда шаҳар бўйлаб уларнинг мутаносиб тақсимланишини таъминлаш масаласи маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва тегишли халқ депутатлари кенгашларининг доимий диққат марказида бўлиши лозим ва улардан амалий ташаббусларни кутиб қоламиз.
Бу борада Бухоро шаҳрида жамоатчилик, кўнгиллилар, хорижий ҳамкорлар ҳамда бошқа ҳомий ташкилотлар билан ҳамкорликда хайрия ва ҳомийлик маблағлари ҳисобидан “яшил шаҳар” лойиҳаси доирасида 2020 йил октябрь-ноябрь[xiv] ва жорий йил февраль ойида[xv] амалга оширилган оммавий кўчат ўтқазиш тадбирлари эътирофга лойиқ.
Қурилиш ишларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 72.4 фоизни (2020 й.) ташкил этишини, айни пайтда лойиҳалаштириш ва қурилиш ишларига рухсат бериш давлат бошқаруви органлари томонидан амалга оширилишини инобатга олиб, бу борада давлат ва хусусий сектордаги барча шахслар ва иштирокчиларнинг ижтимоий масъулиятини ошириш зарур.
Хусусан, хусусий сектор ажратилган ер майдонларида “яшил” бинолар қуриш билан бирга, ажратилган ер майдонининг камида 10 фоизини яшил майдонларни ташкил этишга қаратиши мақсадга мувофиқ. Бунда хусусий сектор бу каби масалаларни давлат томонидан қонун ҳужжатлари билан тартибга солинишини кутиб турмасдан ўз ташаббуси билан “яшил” лойиҳаларини амалга оширишга ўтиши, керак бўлса бу соҳада бошқа хусусий сектор вакиллари билан ўзаро рақобатлашиши зарур.
Асосий мақсад нафақат яшил майдонларни кенгайтириш, балки мавжудларидан самарали фойдаланиш ва бошқаришни ҳам унутмаслик лозим. Бу борада давлат ва хусусий сектор билан ижтимоий шерикчиликда лойиҳаларни амалга ошириш, жамоатчилик назорати механизмларини кенгайтириш ижобий самара беради.
Иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавф ва таҳдидлардан тўғри хулоса чиқариб, аҳоли пунктлари бош режасини ишлаб чиқиш, шаҳар ҳудудидаги қурилиш ва лойиҳалаштириш масалаларида яшил зоналар ташкил этишга оид меъёрларни жорий этиш ва уларнинг шаҳар ҳудуди бўйлаб тенг мутаносиб тақсимланишини таъминлашга эътибор қаратиш лозим. Мазкур чоралар шаҳарларнинг жозибадорлигини ошириш, аҳоли саломатлигини яхшилаш билан бирга, иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавф-хатарларнинг олдини олиш ва юмшатишга хизмат қилади.
Б.Турдиев,
Мустақил тадқиқотчи
[i][i] United Nations Sustainable Development Goals. Goal 11: Make cities inclusive, safe, resilient and sustainable. https://www.un.org/sustainabledevelopment/cities/.
[ii] P. Bolund and H. Sven, “Ecological Services in Urban Areas,” Elsevier Sciences: Ecological Economics, Vol. 29, 1999, pp. 293-301. doi:10.1016/S0921-8009(99)00013-0
[iii] M. Sorensen, J. Smit, V. Barzetti and J. Williams, “Good Practices for Urban Greening,” Inter-American Development Bank, 1997.
[iv] P. Bolund and H. Sven, “Ecological Services in Urban Areas,” Elsevier Sciences: Ecological Economics, Vol. 29, 1999, pp. 293-301. doi:10.1016/S0921-8009(99)00013-0
[v] Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази. https://hydromet.uz/uz/node/41
[vi] World Health Organization (2010). Urban Planning, Environment and Health: From Evidence to Policy Action. From http://www.euro.who.int/__data/assets/pdf_file/0004/114448/E93987.pdf?ua=1.
[vii] Khan, A. M. (2012). Planning Standards for Recreational Facilities and Open Space in the Context of Urban Areas of Bangladesh in Khan, A. M. (2014). Revisiting Planning Standards for Recreational Facilities in Urban Areas. Equality in the City: Making Cities Socially Cohesive. World Town Planning Day 2014 from http://www.bip.org.bd/SharingFiles/journal_book/20141118151124.pdf.
[viii] https://www.nparks.gov.sg/
[ix] C. Moughtin and P. Shirley, “Urban Design: Green Dimension,” Published by Elsevier, 2005.
[x] Maes J, Zulian G, Günther S, Thijssen M, Raynal J, Enhancing Resilience Of Urban Ecosystems through Green Infrastructure. Final Report, EUR 29630 EN, Publications Office of the European Union, Luxembourg, 2019, ISBN 978-92-79-98984-1, doi:10.2760/602928, JRC115375.
[xi] Барқарор ривожланиш мақсадлари. 11-Барқарор шаҳарлар ва яшаш жойлари. http://nsdg.stat.uz/uz/goal/14
[xii] Бухоро вилояти статистика бошқармаси статистик маълумотлари. http://buxstat.uz/.
[xiii] https://qalampir.uz/news/bukhoro-shaҳri-ҳududi-ikki-tuman-ҳisobiga-kengaytiriladi-32207
[xiv] https://www.anhor.uz/uz/ekologiya/23367
[xv] https://anhor.uz/uz/society/buhoroda-zhamoatchilik-say-harakati-bilan-ekobog-yaratiladi