Глобал иқлим ўзгариши ва шаҳар эко-тизимига таҳдидлар

Бугун инсоният глобал исиш, иқлим ўзгариши каби қатор экологик таҳдидлар олдида кўндаланг турибди. Бу каби хавфларни камайтирувчи ва экологик барқарорликни таъминловчи тизимлардан бири шаҳар эко-тизими ҳисобланади.

Шаҳарлар ер сайёрасининг атиги 3 фоизини эгалласада, энергиянинг 60-80 фоизи айнан шаҳарларда истеъмол қилиниб, атмосферага чиқариладиган углерод газининг 75 фоиз шаҳарлар ҳиссасига тўғри келади.[i]

Жаҳон бўйича урбанизация жараёни шиддат билан рўй бераётган бугунги кунда жами аҳолининг 55,3 фоизи (2018 йил) шаҳарда яшаса, 2050 йилга бориб мазкур рақамлар 68 фоизга етиши башорат қилинмоқда. Ривожланаётган давлатларда мазкур кўрсаткич тегишлича 50,6% ва 65,6%ни ташкил этади. Ўзбекистондаги статистик рақамлар ҳам ривожланаётган давлатлар кўрсаткичига мослигини кўриш мумкин. Агар 2000 йилларда аҳолининг 37,4 фоизи шаҳарда истиқомат қилган бўлса, 2020 йилга келиб бу рақам 50,6 фоизни ташкил этмоқда.

Шаҳар аҳолисининг муттасил ошиб бориши шаҳардаги барча бино-иншоотлар ва бошқа инфратузилма объектларига қўшимча юклама ҳисобланади. Айни пайтда шаҳар ҳудудини кенгайтириш имконияти чекланганлиги, урбанизация шаҳар ҳудудидаги ёки унинг атрофидаги майдонлар, хусусан яшил ҳудудлар ҳисобига амалга оширилиши мумкин. Шаҳар ҳудудидаги яшил майдонлар, ўсимлик дунёси ва дарахтлар шу ерда истиқомат қилувчи инсонлар учун энг асосий ҳаёт манбаи эканлигини инобатга олиб, шаҳар эко-тизимини асраб-аввайлаш бўйича бир қатор ҳужжатлар қабул қилинган.

Бу борадаги дастлабки ҳужжатлардан бири 2010 йилда 53 давлат вакиллари томонидан қабул қилинган Атроф-муҳит ва соғлиқни сақлаш (саломатлик) бўйича Парма декларацияси (Парма, Италия) ҳисобланади. Декларацияда болалар саломатлиги ва улар учун хавфсиз муҳитни яратиш мақсадида яшил майдонлар ташкил этиш белгиланган.

Сайёрамизни асраш ва инсонлар ҳаётини яхшилаш бўйича энг муҳим ҳужжатлардан яна бири 2015 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган 17 та асосий мақсадлардан иборат Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳисобланади. Ушбу мақсадларни мамлакатимизда амалга ошириш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 октябрдаги 841-сон қарори билан барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалар ҳам тасдиқланган. Унга кўра 11.7-вазифа бўйича 2030 йилгача шаҳарлар ва аҳоли яшаш пунктларида яшил ҳудудлар, истироҳат боғлари, болалар учун ўйин майдончалари майдонини кенгайтириш, бунда ногиронларнинг дам олиши учун зарур шароитларни яратиш белгиланган.

Хўш, яшил ҳудуд ўзи нима деган савол туғилиши табиий. Бу борада бир қатор тушунча ва таърифлардан фойдалаланиб келинаётган бўлиб, янги таҳрирда қабул қилинган Шаҳарсозлик кодексида рекреация зоналари атамаси билан изоҳ берилган. Унга кўра, рекреация зоналарига туризмни ва аҳолининг оммавий дам олишини ташкил этиш учун мўлжалланган кўкаламзорлар ҳудудлар ва объектлар (шаҳар ўрмонлари, ўрмон-боғлар, истироҳат боғлари, хиёбонлар, боғлар, сайилгоҳлар), ҳайвонот боғлари, ҳовузлар, пляжлар, соҳилбўйи объектлари ва бошқа объектларни ўз ичига олади.

Яшил майдон ва хиёбонлар экологик хавфларни юмшатиш ва аҳоли саломатлигини яхшилаш билан бирга ижтимоий-иқтисодий, руҳий, эстетик, маданий ва бошқа вазифаларни ҳам бажаради.

Жумладан, тадқиқотларга кўра, шаҳардаги иссиқликни ўзига тортувчи сатҳлар ҳисобига шаҳарнинг ҳаво ҳарорати 5°С даражагача кўтарилади. Айни пайтда шаҳардаги дарахт билан қопланган майдонни 10 фоизга ошириш, иситиш ёки совутиш учун энергия сарфини 5-10 фоизга камайтириш имконини беради. Шу билан бирга, яшил хиёбонлар ҳаво ифлосланишининг 85 фоизини фильтрлаш имкониятига эга.

Шаҳар ҳудудидаги яшил майдон (хиёбон)ларнинг юқоридаги хусусиятларини эътиборга олиб, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларда шаҳар эко-тизими барқарорлигини таъминлашга оид минимал стандартлар белгиланган. Хусусан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ҳар бир шаҳар унда истиқомат қилувчи ҳар бир инсонни камида 9 квадрат метр (кв.м.) яшил майдон билан таъминлаши тавсия этилган.

Айрим давлатларда мазкур кўрсаткичлардан ҳам юқорироқ стандартлар белгиланган. Жумладан, яшил майдон киши бошига Лос-Анжелесда 48.5 кв.м.,  Кембрижда 46 кв.м., Вашингтонда 38 кв.м., Малайзияда 20 кв.м. этиб белгиланган. Индонезия қонунчилиги шаҳар ҳудудининг 30 фоизини яшил майдонларга ажратишни талаб этса, Малайзияда янги ҳудудларни ривожлантириш лойиҳаларида 10 фоиз майдонни яшил ҳудудга ажратишни назарда тутади. Сингапур дунёдаги энг кичик давлатлардан бири бўлишига қарамай, майдонининг 46.5 фоизини  яшил майдонларни ташкил этганлиги учун дунёдаги етакчи шаҳарлар қаторига киради.

Буюк Британия стандартларида нафақат яшил майдон ҳудуди, балки унга барча эркин кириш имкониятини таъминлаш ва яшил зоналарнинг шаҳар ҳудуди бўйлаб мутаносиб тақсимланишига қаратилган стандартлар ҳам мавжуд. Унга кўра яшил майдонгача бўлган масофа уйдан 300 метрдан ошмаслиги, икки километрлик масофада 20 гектарлик, 5 километрлик масофада 100 гектарлик ва 10 километрлик масофада 500 гектарлик яшил майдонлар бўлиши белгиланган.

Шаҳар ҳудудидаги яшил майдонлар бўйича Европа шаҳарлари етакчи ҳисобланиб, уларнинг яшиллиги охирги 25 йилда 38 фоизга ошган. Европа Иттифоқи мамлакатларида ўртача яшил майдонлар киши бошига 18.2 кв.м.ни ташкил этади ва 44 фоиз аҳоли яшил майдонлардан 300 метрлик (пиёда 5 дақиқалик) масофада истиқомат қилади.Ўзбекистонда эса маданият ва истироҳат боғларининг майдони шаҳар аҳолисининг жон бошига 1.03 кв.м.ни (2019 йил) ташкил этади холос.

Афсуски, миллий қонунчилигимизда, шу жумладан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексида (ЎРҚ-676-сон, 2021 йил 22 февраль) бу каби меъёрлар ёки минимал стандартлар белгиланмаган. Кодекснинг 59-моддасига мувофиқ маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари маҳаллий шароитларга мувофиқ ҳудудларни кўкаламзорлаштиришга оид ва бошқа қўшимча талабларни киритишга ҳақли эканлиги белгиланган. Бу эса маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари бу борада маълум бир меъёрларни мустақил белгилаши мумкинлигини англатади. Шундай бўлсада, яшил ҳудудларга нисбатан минимал меъёрларни умумреспублика даражасида белгилашни бугун замоннинг ўзи тақозо этмоқда.

Глобал исиш ҳамда шаҳар ҳудудидаги “иссиқ орол” (“heat island”) ҳодисаси, яъни қишлоқ жойларига қараганда шаҳардаги ҳаво ҳароратининг юқори бўлиши бу ерда истиқомат қилувчи инсонлар соғлиғига жиддий хавф ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази томонидан олиб борилган кузатишларга кўра 2020 йилда Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистоннинг баъзи жойлари ва вилоятлар марказларида (Бухоро, Сирдарё, Андижон, Наманган, Фарғона) ҳаво ҳароратининг меъёридан 1.0-1.4°С даражагача юқори бўлганлигини кўрсатади. Бу эса об-ҳаво билан боғлиқ ўлимлар сони ошишига олиб келиши мумкин. Буни Ўзбекистонда ёз ва қиш мавсумларида ўлим кўрсаткичлари бошқа ойларга нисбатан юқорилигидан ҳам кўриш мумкин.

Ҳозирда мамлакатимизда шаҳар ҳудудидаги бўш майдон ва яшил зоналардаги қурилиш ишлари, реклама баннерларини жойлаштириш, аҳоли турар-жой мажмуаларида бундай майдонларда бетон қопламали автомобил тўхташ жойлари ташкил этиш, умумий овқатланиш хизматлари кўрсатувчи ташкилотларнинг ўзига туташ майдондаги яшил зоналарни “эгаллаб олиши”, йўл ва кўприклар бунёд этиш ёки уларни кенгайтириш орқали яшил қопламали майдонлар ва дарахтзорлар қисқариб бормоқда. ГИС-технологиялари асосида ўтказилган таҳлилга кўра Тошкент шаҳрида қурилиш ишлари ҳисобига яшил зоналарнинг ўзгариши билан боғлиқ ҳолатлар сони 2010 йилдан буён сезиларли даражада ошганлигини кўрсатмоқда.

Шаҳардаги яшил муҳитга таъсир этувчи омиллардан бири дарахт ва буталарнинг кесилиши билан боғлиқ. Бу борада 2019 йил 1 ноябрдан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига мораторий жорий этилган бўлиб, ҳозирда мораторийнинг амал қилиш муддати 2021 йил 31 декабрга қадар узайтирилганлигини эътироф этиш лозим.

Шунга қарамай, 2019 йилда дарахтларни ноқонуний кесиш билан боғлиқ 2 778 та, 2020 йилда эса 3890 та (40 фоиз ошган) ҳуқуқбузарлик аниқланган. Натижада 2020 йилнинг ўзида жами 7812 туп дарахт ва 2 724 м3 бута ноқонуний кесилган ва ўсимлик дунёсига 15,3 млрд сўмлик зарар етказилган. Айни пайтда, мораторий даврида 258 минг қимматбаҳо дарахтлар ва турли ўрмон фондига кирмайдиган дарахтларни кесиш бўйича қарийб 5609 та ариза келиб тушган бўлиб, шундан 70.5 фоиз ҳолатда (182 минг туп) қимматбаҳо дарахт кесилиши бўйича мурожаатлар рад этилган бўлсада, қолган 29.5 фоиз ҳолатда (76 минг туп) дарахтларнинг кесилишига рухсат берилган.

Бу каби салбий оқибатларни олдини олиш ва юмшатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги ПФ-6155-сон Фармони билан компенсация тарзида дарахт экиш ва жамоатчилик назорати механизмлари жорий этилмоқда. Унга кўра, ҳар бир кесилган дарахт ва буталар учун компенсация тарзида 10 туп йирик ўлчамли кўчат экиш ҳамда уларни камида икки йил давомида парвариш қилиш, ноқонуний кесилган дарахт ва буталар учун эса уч йил давомида парваришлаш шарти билан 100 туп кўчат экиш мажбурияти киритилган. Шунингдек, дарахт ва буталарнинг кесилишига жорий этилган мораторий талабларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилишини аниқлаган ёки олдини олган фуқароларни рағбатлантириш тизими жорий этилмоқда.

2020 йилда бошланган ва ҳамон давом этаётган COVID-19 коронавирус пандемияси соғлом турмуш тарзи ва жисмоний фаолликни ҳамда атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш лозимлигини кўрсатмоқда. Касаллик билан боғлиқ 90 фоиз ҳолатлар айнан шаҳар аҳолисида қайд этилган.Соғлом турмуш тарзи ва жисмоний фаоллик ўз навбатида яшил майдонлар ва хиёбонларга бориб тақалади.

Мазкур йўналишда олиб борилган тадқиқотларга кўра шаҳар ҳудудидаги яшил зоналар аҳолининг жисмоний фаоллигини билвосита оширади ва касалликлар сони камайишига олиб келади. Хусусан, шаҳардаги яшил хиёбонларга яқин жойда истиқомат қилувчи аҳолида жисмоний фаоллик даражаси юқорилиги, семизлик ва юрак-қон томир касалликлари сони камлиги аниқланган.Бошқа бир тадқиқотга кўра кўпроқ пиёда юриш даражаси жозибадор, катта ва очиқ яшил ҳудудлар мавжудлиги билан боғлиқ бўлиб, катта яшил хиёбонлар пиёда сайр қилишни рағбатлантириши аниқланган.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги ПФ-6099-сон Фармонида ҳам соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш, аҳоли учун қулай бўлган кўчаларда пиёда ва велосипедда юриш учун «Саломатлик йўлаклари»ни ташкил этиш ва пиёда юрган шахсларни молиявий рағбатлантириш механизмлари назарда тутилган. Автомобиль йўли ёқасида ташкил этиладиган йўлаклар транспорт воситаларидан атмосферага чиқариладиган газлар ва бошқа омиллар ҳисобидан унчалик жозибадор бўлмаслиги мумкин. Шу сабабли, бундай йўлакларни яшил хиёбонларда ташкил этиш мақсадга мувофиқ.

Ҳозирги вақтда Тошкент шаҳри ва вилоят марказларининг шаҳар бош режалари тасдиқланмаган бир шароитда қурилиш ва ободонлаштириш лойиҳаларини жойлаштиришда мазкур таҳдидларни олдини олиш имконияти бор. Эртага бундай имконият бўлмайди, бўлганда ҳам бундай лойиҳаларни амалга ошириш бизга бир неча баравар қимматга тушиши мумкин.

Қурилиш ишларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 72.4 фоизни (2020 й.) ташкил этишини, айни пайтда лойиҳалаштириш ва қурилиш ишларига рухсат бериш давлат бошқаруви органлари томонидан амалга оширилишини инобатга олиб, бу борада давлат ва хусусий сектордаги барча шахслар ва иштирокчиларнинг ижтимоий масъулиятини ошириш зарур.

Хусусан, хусусий сектор ажратилган ер майдонларида “яшил” бинолар қуриш билан бирга, ажратилган ер майдонининг камида 10 фоизини яшил майдонлар ташкил этишга қаратиши мақсадга мувофиқ. Бунда хусусий сектор бу каби масалаларни давлат томонидан қонун ҳужжатлари билан тартибга солинишини кутмасдан ўз ташаббуси билан “яшил” лойиҳаларини амалга оширишга ўтиши, керак бўлса бу соҳада бошқа хусусий сектор вакиллари билан ўзаро рақобатлашиши зарур.

Айни пайтда, бу каби “яшил ташаббус”ларни амалга оширувчи субъектларни рағбатлантирувчи механизмларни жорий этиш мақсадга мувофиқ. Жумладан Нагоя шаҳрида (Япония) жорий этилган “кўкаламзорлаштириш ташаббуси” доирасида мулкдорлар ўзига тааллуқли ҳудуднинг 10-20 фоизида (300 кв.м.дан каттароқ майдон) яшил ҳудудлар барпо этишини қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, жорий этилган уч поғонали ихтиёрий сертификатлаш тизими яшил ташаббусларни эътироф этишга хизмат қилса, яна бир дастур бу каби лойиҳаларни молиялаштиришни (лойиҳа қийматининг 50 фоизигача) назарда тутади.

Асосий мақсад нафақат яшил майдонларни кенгайтириш, балки мавжудларидан самарали фойдаланиш ва бошқаришни ҳам унутмаслик лозим. Бу борада давлат ва хусусий сектор билан ижтимоий шерикчиликда лойиҳаларни амалга ошириш, жамоатчилик назорати механизмларини кенгайтириш ижобий самара беради.

Мамлакатимизда замонавий ишбилармонлик ва турар жойлар марказлари қурилиши жадал кетаётган бир шароитда, глобал таҳдид ва чақириқлардан тўғри хулоса чиқариб, аҳоли пунктлари бош режасини ишлаб чиқиш, шаҳар ҳудудидаги қурилиш ва лойиҳалаштириш масалаларида яшил зоналар ташкил этишга оид меъёрларни жорий этиш ва уларнинг шаҳар ҳудуди бўйлаб тенг мутаносиб тақсимланишини таъминлашга эътибор қаратиш лозим. Мазкур чоралар янги марказларнинг жозибадорлигини ошириш билан бирга, атроф-муҳит ва глобал исиш билан боғлиқ хавф-хатарларнинг олдини олиш ва юмшатишга ҳам хизмат қилади.

Бундай тизимли ҳатти-ҳаракатлар ва чора-тадбирлар қанчалик барвақт амалга оширилса, мазкур хавфлар ва уларнинг натижасида етказилиши мумкин бўлган зарар кўлами ёки уларни бартараф этиш қиймати шунчалик камроқ бўлади. Аксинча глобал экологик таҳдидларни назар-писанд қилмаслик оғир экологик оқибат ва ҳалокатларга олиб келиши мумкин.

Келажак авлодлар олдидаги масъулиятни чуқур англаган ҳолда мамлакатимиздаги шаҳарларни “яшил” ва обод масканга айлантириш бўйича эзгу ташаббусларни амалга оширишда давлат бошқаруви органлари, хусусий сектор ва фуқаролик жамияти институтлари, шунингдек шу заминда истиқомат қилувчи ҳар бир инсон ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиши зарур.

Б.Турдиев,

мустақил тадқиқотчи