Фарер оролларида қора дельфинларни бундай ўлдиришларини билармидингиз?

Кўнгилни ғаш қилувчи бу расмлардаги воқеликлар эътиборингизни тортдими? Унда, бизни ўқинг, қуйида батафсил. Ушбу суратлар Даниянинг мухтор вилояти ҳисобланган Фарер оролидаги доимий бўладиган дельфин овидан олинган кадрлар. Келинг, ҳаммасини бир бошидан бошлаймиз. Демак, оролда ҳар йили минглаб дельфинлар ўлдирилади, сув қизил қонга бўялади. Жон талашаётган дельфинлар чинқириғи бир неча километрларгача етади.

Сув қизил тусга киради
Орол аҳолиси бир йилда бир неча бор уюштирадиган бу овда кўп одам кучига муҳтожлик бўлганлиги учун уни уюштиришдан олдин ҳаттоки медиа орқали хабар қилинади. Йиғилганларнинг бир қисми дельфинларни қирғоқ бўйига ҳайдаб келиш учун кўп сонли қайиқларда океан (Атлантика) бўйлаб ярим ой шаклида сузадилар. Бу ерда кўп учрайдиган қора дельфинлар асосан тўда бўлиб яшашлари туфайли уларни қирғоққа ҳайдаш катта қийинчилик туғдирадиган муаммо эмас. Дельфинлар қирғоққа ҳайдаб келтирилгач, ов учун махсус тайёргарлик кўриб кутиб турган турли ёшдаги эркаклардан ташкил тоган иккинчи қисм ваҳший жангга киришади. Ким кўп дельфин ўлдирса, у мақтовларга сазовор бўлади.

Бу ерга болалар ҳам олиб келинади
Бу ерга ҳаттоки болалар ҳам ташриф буюради. Негаки, улар ҳам кўриб ўрганишлари учун. Чунки, куни келиб улар ҳам маълум ёшга етгач, ов қилади ва бу маҳаллий аҳоли фикрича унинг ҳақиқий эркак бўлиб етганини билдиради. Энг қизиғи, бундай ов орол аҳли учун бир неча асрлик анъана ҳисобланади ва ҳаттоки, дельфинлар овини нишонлаш учун махсус кун — Гриндадрап ташкил этилади. Унда минглаб жонзот ҳалок бўлади, орол аҳли эса кўнгилхушлик қилади. Ҳа, Фарерда дельфинларнинг овланишига сабаб шунчаки вақтичоғлик учун деган қарашлар ҳам мавжуд. Ҳайвонларни ҳимоя қилиш ташкилотлари Дания ҳукуматига билдирган эътирозларга жавобан ҳукумат ов қуролини ўзгартиришга аҳолини кўндирди! Яъни, Дания ҳукуматининг билдиришича, Фарер ороли маълум маънода мустақил мухтор вилоят.Ташқи сиёсат ва мудофаа билан боғлиқ бўлмаган барча масалаларни мустақил равишда бошқаради. Оролда эса дельфинларни бундай ов қилишга қонунлар билан рухсат берилган. Шунинг учун Дания ҳукумати орол аҳлини ов қилмасликка ёки уни қисқартиришга эмас, фақатгина ов қуролини ўзгартиришга кўндира олди, холос. Яъни, аввалги ов қуролида ҳайвонлар тезда ўлмаган ва узоқ азобланган. Янги қурол эса, 1-2 сонияларда ўлимга олиб келади. Бу эса жонзотнинг камроқ азобланиб, тезроқ ўлишига хизмат қилади. Даниянинг «иложсизмиз» деган жавобидан сўнг, кўпчилик, асосан хорижий журналистлар Дания бундан манфаатдор деган фикрни ҳам билдиришди.

Дельфинлар бу ерда асосан гўшти учун овланади ва суякларидан турли уй-рўзғор буюмлари ҳамда сувиннерлар ясалади. Орол аҳлининг миллий ва энг севимли таомлари ҳам айнан ушбу дельфинлар гўштидан тайёрланади.

Фарер ороли аҳли нега бунчалик кўп дельфинларни ов қилади деган савол туғилиши табиий. Ёки улар шунчаки бундан ҳузурланишармикин?! Олиб борилган бир қанча изланишларга кўра, бунга сабаб кўнгилхушлик эмас, зарурат. Негаки, орол географик жиҳатдан Атлантика океанининг шимоли-шарқий қисмида жойлашган. Иқлими субарктика денгиз иқлими, яъни жуда салқин. Февраль ойида ўртача 4; июлда эса 11. Йиллик ёғин 1500 мм. Асосан ўтлоқлар ва ботқоқликлар бор. Бу маълумотларни бекорга келтирмадик, демоқчимизки, орол табиий жиҳатдан зироат билан шуғулланишга мос эмас. Унда фақатгина оз миқдорда картошка етиштириш мумкин холос. Аҳоли эса муҳим озиқ-овқатни фақатгина маркетлардан, бутун Европадан 10 баравар қиммат нархга сотиб олишга мажбур. Уларнинг асосий озуқаси гўшт. Гўштни эса тайёр – океандан «ҳайдаб» келишади. Тўғри, оролда дельфиндан ташқари гўшт маҳсулотлари учун паррандалар ва қўйлар ҳам боқилади. Аммо, бу учун қайсидир маънода меҳнат талаб этилади. Буни яхши билган аҳоли узоқ вақт қўй ва парранда боққандан кўра, бир неча соатларда дельфин овлаб келиш осон деб ҳисоблайди. Натижада, минглаб жониворлар оммавий равишда, шавфқатсизларча ов қилинади.

Оролга ташриф буюрган баъзи сайёҳлар ва тадқиқотчилар аҳоли билан гаплашганларида агар озиқ-овқат етарли ва арзон бўлса ов қилмасликларини айтишганлигини таъкидласа, бошқа изланувчилар орол аҳли бундай ов қилиш уларнинг миллий анъанаси ва ҳеч қачон уни тарк қилмасликларини айтганликларини билдирган.

Муаммонинг сабаби ва ечими бизга қоронғу. Шунчаки, инсон сифатида бетиним қатлга маҳкум жониворларга раҳмимиз келади. Ҳайвонотга хоҳ якка, хоҳ оммавий бўлсин қирғин келтириш чексиз давом этмоқда. Тўғри, ҳайвонларни ҳимоя қилиш ташкилотлари етарлича. Аммо, улар бутунлигича мақсадларига ета олишмайди. Негаки, ҳамма соҳада бўлгани каби бу ерда ҳам манфаатдор томонлар мавжуд…

Иқболой Иргашева