“Бульдозер инновацион усули” натижасида яна 2874 та дарахт йўқ қилинган

Биз нега Ватанимизни  ёмон кўрамиз? На ўзимининг соғлиғимиз, на ўсиб келаётган фарзандларимиз ҳаёти, табиатни ўйлаймиз? Фақат бугун, ҳозир ҳамма нарсани йўқ қилиб бўлсада пул ишлаб олиш асосий  МАҚСАДга айланган. Сергилида бульдозер ёрдамида 14 та дарахтларни қулатиб, табиатга 150 млн.зарар етказилгани ҳақида асабийлашган эдик, Қаршида эса 10 гектар майдонда кичик ишлаб чиқариш ҳудудини қуриш учун биратўла 2874 та дарахтдан воз кечиб қўя қолишди.  Улар ҳам янги “инновацион усул” дан фойдаланиб, дарахтларни бульдозер ёрдамида “тинчитишган”. Давлат экология қўмитасининг хабарига кўра, қурувчиларда дарахтларни кесишга рухсат бўлмаган ва ҳозир ҳужжатлар тўпланиб, иш ички ишларга  зарар кўламини баҳолаш учун берилган.

Аммо бундан нима фойда? дарахтларнинг ўрнини ким тўлдиради?   Нега  2 мингдан ортиқ дарахтлар йўқ қилингунича ҳеч ким индамаган? На ҳокимият, на Қашқадарё экология бошқармаси, Қашқадарё вилоят экология партияси бўлими ва на аҳоли?

Ҳаммага маълум Қашқадарё вилоятининг аксарият қисми чўл зонасида жойлашган. Бир дарахтни ўстириш учун қанча меҳнат, маблағ талаб этилади.

Айтгандек, ўтган 2 йилда “Юксалиш” умумиллий ҳаракати томонидан “Бир миллион дарахт” акцияси бошланган эди. Хайрли иш албатта. Ҳамма вилоятларда дарахтлар экилди. Акциянинг пиари зўр бўлди. ОАВда, ижтимоий тармоқларда дарахт экаётганлар жилмайиб суратга тушишди. Аммо ёз келгач, яъни “дарахт экиш сезони” тугагач, бечора ниҳоллар унутилди.  Уларнинг 70%  қуриб қолганига иймоним комил. Чунки ниҳол парваршланса, сув қўйилсагина ўсади. “Юксалиш” умумиллий ҳаракати ҳам бечора ниҳолар ҳақида унутди. Миллионлаб сарфланган пуллар яна ҳавога учди. Ниҳоллар ҳақида Экология Қўмитаси  эслаб, 2020 йилнинг ёзида дарахтларни суғориш акциясини ўтказди, хаттоки  дарахт суғораётган одамга, жараён расмини олиб, жўнатса, мукофот ҳам ваъда берди. Аммо акццияда аксарият Экология қўмитаси инспекторлари ва кам сонли аҳоли қатнашди. Чунки биз ҳануз фақат ўзимизни ўйлаймиз. Ҳозир чанқоғимиз қонса, қорнимиз тўйса, бирор жойдан пул ундирсак кифоя, қолгани “менинг ишим эмас” қабилида ҳаёт кечирамиз.

Дарахтлар ҳамма шаҳарларда “фаоллик билан” кесилаяпти. Биргина қурилишларни оладиган бўлсак, Тошкент ва бошқа шаҳарларининг ўзида  иккита домнинг орасини  яшил ҳудудга айлантириш ўрнига, жой сотилиб, дарахтлар кесилиб, уй қурилаяпти. Болаларга на ўйнаш, қарияларга на сайр қилиш учун жой қолмаяпти.   Қишакуя, газ йўқлигидан қишлоқларда деярли дарахт қолмади. Ўтинга ҳаммаси кесилди. Аммо баҳорда ўрнига  дарахт экиш ҳақида 10дан 1 тагина одам ўйлаб кўради, холос. Яна қиш келса, болта кўтариб,  ердан чиқиб турган бутами, дарахтми яна кесишга отланишади. Чунки ўзимизда газ бўла туриб, аҳолига етказиб берилмайди. Оқибатда табиат зарар кўради.

Оролнинг қуриган ҳудудида кимдир қиши билан саксовул уруғини совуқда қадайди, браконьерлар эса  тонналаб “Қизи китоб”га киритилган саксовулларни кесиб, аҳолига сотишади. Чунки Оролбўйи ҳудудида кесиладиган дарахт ҳам қолмади, ҳисоб.

Мен 15 йилдан буён юртимизда экология муаммолари билан қўлимдан келганича курашиб келаман. Албатта, юртимизнинг бугуни ва келажаги, тоза ҳавоси, тоза суви, тоза тупроғи, жонзоту-ўсимликларининг йўқ бўлиб кетмаслиги учун жон куйдирадиган инсонлар бор. Аммо улар жуда кам. Уларнинг “овози” афсуски эшитилмаяпти.

Нима қилиш керак? Нега йўл ҳаракати қоидалари бўйича янги технологиялардан фойдаланиб, айбдорлар ўша заҳоти жазога тортилади, битта чизиқни босгани, “ремень” тақмагани учун жарималар жуда катта ва ўша заҳоти қўлланилади. Аммо нега айнан шу механизм экология муаммоларини ҳал қилиш учун қўлланилмайди? Нега экоинспекторлар рағбатлантирилмайди? Билишимча уларнинг маоши жуда ҳам кам, шу сабабли уларнинг ичида ҳам оиласини боқиш, пул ишлаб олиш учун браконьерларга ҳайрихоҳлар ҳам йўқ эмас. Экоинспекторлар маошини кўтариш,  жамоат экоинспекторларига “ҳуқуқбузарларни” ўша жойда ушлаш, жавобгарликка илк босқичда тортиш борасида ҳуқуқлариник кенгайтириш, ички ишлар таркибида экополиция бўлимини ташкил этиш керак.

Дарахтларга қайтадиган бўлсак, кесганлар қуруқ жарима тўлаб, қутилиб кетаяпти ва яна ўша ишини амалга оширилаяпти. Бундай жиноятни амалга оширганларни камида 10 йилга озодликдан маҳрум этиш керак. Зора, бу бошқаларга ўрнак бўлса?

Наргис Қосимова

☘️Каналимизга уланинг 👇.

Присоединяйтесь к нашему каналу

👇 https://t.me/ekologuz