Кеча каналимизда Роҳат кўли ҳудуди атрофида яшовчи аҳолидан кўл ҳамда Чирчиқ дарёси қирғоқларида сувда сузувчи қушларнинг ёппасига учиб келгани, ўз навбатида эса милтиқ кўтарган бир нечта овчиларнинг аҳоли яшаш жойларидан 150-200 метр ҳамда йўлдан 100-150 метр узоқликда бўлган жойларда ов қилаётганликлари тўғрисида хабар жойлаштирилди.
Давлат экология қўмитаси инспекторлари ов қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида ҳолатни ўрганиш учун жойга чиқдилар
Ўзбекистон Республикасининг 8 июль 2020 йилдаги №627 “Ов ва ов хўжалиги ҳақидаги» қонунга кўра ўрдаклар, ғозлар учун ов 1 сентябрдан 15 декабргача, ҚҚР ва Хоразм вилоятида 1 октябрдан 28 февралгача очилган. Аммо Қонуннинг 22-моддасига кўра,
“Шовқинга, шитирлашга, аниқ кўринмаётган нишонга қарата, туман пайтида, кучли қор ёғаётганида, сутканинг қоронғи вақтида, қуёшга қарата ва яхши кўринмайдиган бошқа шароитларда, шунингдек кўриниш чекланган шароитларда 2,5 метрдан (ер ёки сув юзасидан) пастликда учаётган қушга қарата ўқ узиш;
аҳоли пунктларига бир километрдан яқин масофада, автобус қатнайдиган автомобиль йўлларига уч юз метрдан яқин масофада ўқланган ов қуроли билан бўлиш;
ов қуролини, шу жумладан ўқланмаган ов қуролини одамга ўқталиш, одамларга, уй ҳайвонларига, транспорт воситаларига қарата ўқ узиш;
аҳоли пунктларига бир километрдан кам масофадан силлиқ стволли ов қуролидан ва икки километрдан кам масофадан сойли стволли ов қуролидан ўқ узиш;
заруратсиз ўқ узиш, ташқи тепкили қуролнинг тепкисини кўтариш ёки ички тепкили қуролни сақлагичдан чиқариш;
кичик ўлчамли кемадан ундаги эшкакчилар ёки бошқа овчилар узра ўқ узиш;
яраланган ёввойи ҳайвонни ов қуролининг қўндоғи билан уриб ўлдириш;
ҳосил йиғим-терими жараёнида қишлоқ хўжалиги экинлари майдонларида ов қилишни амалга ошириш;
алкоголли ичимлик, гиёҳвандлик моддаси таъсиридаги ёки ўзгача тарздаги мастлик ҳолатида ов қилишни амалга ошириш”.
Экология қўмитасининг ҳудудий бўлинмаларига юртимиздан учиб ўтадиган қушлар тўпланган жойларни қўриқлашни кучайтириш, биотехник тадбирларни ўтказилишини назорат қилиш кўрсатмалари берилди.
Табиатни муҳофаза этиш борасидаги қонунларнинг бузилишини олдини олиш учун ҳар қандай табиатга, жониворларга, ўсимликларга нисбатан содир бўлаётган ҳуқуқбузилишлар ҳақида фуқароларимиздан Экология Қўмитасининг (+998) 71−236−26−66; (+998) 71−207−11−07 Ишонч телефонларига қўнғироқ қилишингизни сўраймиз.