Дарахтсиз экологияни ҳамда инсон саломатлигини асраб бўладими?

А.А. Хоназаровнинг “Ўрмоншунослик” китобида, 1 гектар япроқ баргли ўрмонзорлар бир кеча-кундузда 2-3 кг, игна баргли дарахтлар эса 5 кг, арчазорлар эса 30 килограмгача фитонцидлар ажратади. 1 гектар яшил ўрмонзорлар  бир соатда ажратган кислород 200 кишининг нафас олишини  таъминлаши айтилган. Дарахтлар шаҳар ва қишлоқ аҳолисини чангдан, заҳарли  газлардан, транспорт воситалари шовқинларидан сақлаб,  шифобахш озон моддаси  пайдо бўлишига  ёрдам бериб,  фитонцид моддаларини ажратиб, инсон саломатлиги учун хавфли бўлган ҳар хил зарарли  микробларнинг нобуд бўлишини таъминлайди.

Тошкент шаҳар, Яккасарой туман, Кичик халқа йўли кўчасида жойлашган “Ўзтемирйўлйўловчи”АЖ  йўловчи вагонларни техник, технологик тайёрлаш ва таъмирлаш филиали ҳудудида қарийиб 15-16 йилдан буён 0,50 гектар майдонда юқорида тилга олинган фойдали дарахтлардан “Элдор” қарағайи ҳамда бир қанча Можжевельник виргинский дарахтлари экилган. 1941 йилда темир йўл тасарруфига берилган ушбу ҳудудда, бундан 16-17 йил илгари мавжуд гаражлар бузилиб, ўрни ахлатхонага айланган эди. Бу жой темирйўл корхонаси томонидан обод қилиниб, дарахтлар экилган эди. Бундан “Бошлиқ” маҳалласида истиқомат қилиб келаётган аҳоли хурсанд эди.  Аммо…

Тошкент шаҳар ҳокимининг 31.12.2018 йилда “BMB TRADE GROUP”МЧЖга Яккасарой тумани, Кичик халқа йўли кўчаси бўйида офис биноси қуриш учун 0,20 гектарли майдонни фойдаланиш учун  1832-сонли қарор билан ушбу компанияга берилган. Ушбу ҳудуддан  “Аррle Trade Group”МЧЖга бино қуриш учун ер ажратилган. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Олий суднинг ҳам қарори чиқарилган. Аммо мамлакатимизда 1.11.2019 йилдан 31.12.2020 йилгача дарахтларни кесишга  қарши мораторий жорий этилган эди.

2020 йил 16 сентябрь куни мазкур ҳудудда “BMB TRADE GROUP” МЧЖ мутасаддилари дарахтларни ўраб турган панжараларни кесиб ташлаб,   “BMB TRADE GROUP” МЧЖ раҳбариятининг сўзларига дарахтлар бошқа ҳудудга ўтқазиб берилади….  Академик Ф.Н. Русанов номидаги Тошкент Ботаника боғи мутахассис ходимларининг хулосасига кўра, 6 ёшдан ошган дарахтларни  бир жойдан иккинчи жойга кўчириб ўтказилганда, уларнинг 50 фоиздан ортиғи қуриб нобуд бўлади. Бу ҳудуд кўздан кечирилганда  230 дона 15-16 ёшли, бўйи 4-6 метр келадиган “Элдор” қарағайи, бундан ташқари 80 дона 14-15 ёшли, бўйи 3-4 метрдан ортиқ бўлган  Можжевельник виргинский дарахтлари борлиги аниқланган. Мутахассиларнинг сўзларига кўра, бу дарахтлар ушбу ҳудуд атрофида яшовчилар учун табиий кислород манбаи бўлиб келмоқда.  Буни тадбиркорни овора қилиб, шундай кўкалам ҳудудда офис, ёки бино қуриб, доимий равишда фойдаланишга рухсат бераётган мутасаддилар билармикан?

“Ўзтемирйўлйўловчи”АЖ  юристи Сайёра Усмонованинг сўзларига қараганда ушбу ҳудудни тадбиркорга беришга қарор чиқарган ҳокимият, суд ходимларидан бирорта вакил жойига келиб ўрганмасдан қарор чиқариб берган.

Ўзбекистон Экология партияси  халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати Васила Алимова, Яккасарой туман кенгаши депутати Илҳом Содиқов ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари бундай ноёб дарахтларни кесиб ташлаб, ўрнига қандайдир бино қуриб, табиатга жиддий зарар етказишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлигини тушунтиришди. Қарорни яна бир бор атрофлича ўрганиб чиқиш зарурлигини таъкидлашди.

Бугунги кунда мамлакатимизга хорижлик инвесторларни жалб қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш долзарб масала. Лекин бу жараённи экология ва табиатга зарар етказиб амалга оширилсин дегани эмаску. Энг асосийси дарахтсиз экологияни ҳамда инсон саломатлигини асраб бўладими?