Ов соҳасидаги янги қонун қабул қилинди

2020 йил 8 июлда  “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Айни пайтда Ўзбекистон овчи ва балиқчилар спорт бирлашмаси томонидан  38 мингдан ошиқ овчилар рўйхатга олинган.

Мазкур Овчилик соҳасидаги рухсат берувчи ҳужжатлар қуйидагилар ҳисобланади:

  • овчилик гувоҳномаси, у муомалага лаёқатли, 18 ёшга тўлган, овчилик минимуми бўйича синов имтиҳонини топширган жисмоний шахсларга овчилик жамоат бирлашмалари томонидан берилади;
  • ёввойи ҳайвонларни тутишга доир рухсатнома, у экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳудудий органлари томонидан ёввойи ҳайвонларни тутишга доир тасдиқланган квоталарга мувофиқ рухсатнома берилганлиги учун тўлов киритилганидан кейин берилади;
  • овчилик йўлланмаси (ёввойи ҳайвонларни тутиш карточкаси), ёввойи ҳайвонларни тутишга доир олинган квоталар асосида берилади ва унинг эгасига мавсумий ёки бир марталик овни амалга ошириш ҳуқуқини тақдим этади.

Ўзбекистон ҳудудида ёввойи ҳайвонларни ов қилиш тўлов асосида амалга оширилади. Тўловлар рухсатномада кўрсатилган ҳар бир ёввойи ҳайвон учун киритилади.

Қуйидаги ов қилиш турлари белгиланган:

  • спорт ва ҳаваскорлик мақсадида;
  • саноат мақсадида;
  • ўлжа олиш мақсадида;
  • ёввойи ҳайвонларни ярим эркин шартларда ёки сунъий яратилган яшаш муҳитида сақлаш ва кўпайтириш мақсадида;
  • илмий, тиббий ва назорат ишларини амалга ошириш мақсадида;
  • ёввойи ҳайвонларнинг сонини тартибга солиш мақсадида.

Овчилик хўжалигини юритиш ҳуқуқи юридик ёки жисмоний шахслар томонидан ов қилиш жойларини 3 йилдан 10 йилгача бериш тўғрисидаги шартнома қуйидагилар билан имзоланган кундан эътиборан юзага келади:

  • ов қилиш жойлари ўрмон фонди ерларида жойлашган бўлса, Ўрмон фонди хўжалиги билан;
  • ов қилиш жойлари ўрмон фонди таркибига кирмайдиган ерларда жойлашган бўлса, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан.

 

Ҳужжат  10.10.2020 йилдан кучга киради.