Дунё миқёсида кечаётган Covid-19 пандемияси туфайли эълон қилинган карантин даври кўпчилик учун оғир кечаётгани сир эмас. Чунки аҳолининг маълум қисми ишсиз қолди. Бу эса давлат сиёсатига ҳам, жамият ҳаётига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қўймайди.
Лекин мақола бу ҳақда эмас. Карантин даврида уй ҳайвонларининг аянчли аҳволга тушиб қолгани ҳақида ёзмоқчиман. Баъзи одамлар ит ёки мушукларини боқа олмаётганликлари сабабли кўчага ташлаб кетиш холлари кўпайди. Буни кўча-кўйда дайдиб юрган итлар ва мушуклар галасини кўрганимиздан билиш мумкин.
Тўғри, иқтисодий танг аҳволга тушиб қолган бир пайтда давлатдан ит ва мушуклар учун бошпаналар ташкил этишни талаб қилиш ноўрин. Лекин бу жониворларни ҳимоя остига олиш биз одамларнинг бурчимиздир.
Оиламизнинг яқин дўсти, эколог журналист Наргис Қосимова қаровсиз қолган мушукларни имкони борича боқишга ҳаракат қилади. Бу аёл кўпқаватли уйда яшаганликлари учун барча қаровсиз қолган мушукларни зиммасига олиш имкониятига эга эмас. Лекин жуда кичкина мушукчаларни парваришлайдилар. Айни пайтда шундай мушукчалар сони бешта бўлди. Бундан ташқари кўчада боқиладиган мушуклари ҳам бор.
Кунларнинг бирида кўчада кетаётган Наргис Қосимова болалар бир мушукчани оёқлари билан туртиб қийнашаётганини гувоҳи бўлдилар. Болалар қанча тепкиламасин мушукча уларга эргашиб тинмай миёвлар ва жавдираган кўзлари билан улардан шафқат кутарди. Наргис опа дарров машинасидан тушиб, мушукчани даст кўтариб олдилар. Бечора мушукча очлик ва қўрқувдан дағ-дағ қалтирарди.
- Бу ҳам сизларга ўхшаган бола-ку, нега тепасизлар, — деб болаларнинг қилиғидан норози бўлдилар.
Шу мушукча дадам руҳсат берганликлари учун айни пайтда бизникида. Наргис опа уни “кўзмунчоқ” деб номлаган эканлар. Бизга ҳам бу ном маъқул бўлди. Чунки унинг кўзлари ҳақиқатан ҳам мунчоққа ўхшайди.
Наргис опа уни бизнинг уйга олиб келганларида у ҳали жудаям кичкина ва мурғак эди. Бир ҳовучгина митти жонивор. Ухлаётганда қулоқларини динг қилиб, атрофдан огоҳ бўлиб ётар, жуда ҳам нимжон эди.
Мана, бизникига келганига бир ойдан ошди. У энди биздан қўрқмайди, аксинча бизга эргашади. Унга хонамизнинг бир бурчагини хозирлаб, овқатланиши, сув ичиши учун идишлар ажратдик. У жуда ҳам озода. Овқатланиб бўлгач юз-қўлини ювади. Хожат учун белгиланган жойга, яъни махсус қумга боришни ҳам ўрганиб олди. У чўмилишни ёқтирмайди. Лекин шунда ҳам мен уни озода бўлиши учун “миёвлатиб-миёвлатиб” чўмилтириб қўяман. Кейин эса мушукчам мендан миннатдор бўлгани каби қўлларимни тинмай ялаб, “мур-мур” қилиб эркаланади.
Бир куни у бетоб бўлиб қолди. Мушукчам фақат ётоқчиларди. Дастлаб биз унга нима бўлганини тушуна олмадик. Уни силадик-сийпадик, оғзига сув тутдик. Лекин у бошини кўтара олмасди. Кўзлари ғамгин, қулоқчалари шалпайган ҳолда эди. Бир пайт у ўрнидан амаллаб туриб, амаллаб қаергадир бормоқчи бўлди. Лекин мажолсизлигидан оёқлари юрмади. Тўсатдан у қалқиб, меҳмонхонамизнинг гиламига қайт қилиб юборди. Қилиб қўйган ишидан мушукчамиз шу қадар уялди-ки, деворга ўгирилиб бошини эгганича ўтириб олди. Шу ўтириши ҳудди айб иш қилиб қўйган ёш боланинг ҳолатини эслатди. Кечга бориб унинг аҳволи яхшиланди.
Мушукчамиз ёш боладай беғубор, ўйинқароқ ва ёқимтой. У оиламизнинг яна бир аъзосига айланди. Биз уни жуда ҳам яхши кўрамиз. Унинг ҳулқига қараганда у ҳам бизни яхши кўради.
Хонадонимизда мушукчадан ташқари тўтилар боқамиз, гуллар парваришлаймиз. Улар уйимизга ўзгача шукуҳ бағишлайди, айниқса мушукчамнинг ўйинқароқлиги кайфиятимни кўтаради.
Аслида биз одамлар атрофимиздаги табиат ва жонзотлар учун масъулмиз. Буни унутмаслигимиз керак.
Зебохон Саидова, Шайхонтоҳур туманидаги 314-мактабнинг 9синф ўқувчиси.
Суратларда: мушукча Кўзмунчоқ ва Зебохон; Кўзмунчоқ уйқуга ётганида, Кўзмунчоқ синглим Робияхон билан “балиқ овида”.