(Lutra Lutra seistanica Birula 1912)
Ўрта Осиё қундузи оддий дарё қундузининг Эрон Афғонистон ва Ўрта Осиё ҳудудида тарқалган олд тури бўлиб, ноёб ва йўқ бўлиб кетиш ҳавфи остида бўлган тур ҳисобланади.
Ташқи кўриниши бошқа сувсарсимонлар каби — танаси узун,эгилувчан, оёқлари калта. Тана узунлиги 65-70 см, дум узунлиги 40-44 см. Вояга етган қундузларнинг тана оғирлиги 6-10 кг. Танаси икки ярус – қалин қаттиқ туклар ва остида эса сув ўтказмас юмшоқ ва қалин мўйна билан қопланган. Танасининг устки қисми оч жигарранг, бўйни ва узун мўйлаблари оқ ёки оқ кулранг. Мушакдор думининг хам уст қисми оч жигарранг, ости кулранг. Бироз япалоқ боши қали бўйнига уланиб кетган. Бармоқлари ораси худди ўрдакники каби тери парда билан бирлашган, орқа оёқларида бу парда тирноқларига қадар. Бурунлари ва қулоқларини сув остида махсус мускул билан бошқарилувчи тиқин ёпиб туради.
Асосий вақтини сувда ўтказувчи ушбу жониворларнинг асосий озуқаси табиийки – балиқлар. Ажойиб сузиш махоратига эга қундузлар балиқларни сувда қувиб етиб тутади, майда балиқларни сувнинг ўзида, йирикроқларини эса қирғоққа олиб чиқиб ейдилар. Балиқдан ташқари қундузлар турли сув қушлари – ўрдаклар, лойхўраклар, турли майда кемирувчилар, хашаротлар билан озиқланади.
Ўрта Осиё қундузларининг жуфлашиш даври февраль март ойларида. Қундузлар ноқулай шароитларда хомиладорликни суньий тўхтатиб тура оладилар. Латент даври деб аталган бу давр 9-10 ойга чўзилиши мумкин. Нормал шароитларда хомиладорлик даврлари 2 ой. Сув бўйидаги уяларида қундузлар 2-4 дона бола туғадилар. Илк даврда қундузчаларни кўзлари ва қулоқлари юмуқ бўлади. 1 ойдан сўнг кўзлари очилади. 2 ойдан сўнг тишлари чиқа бошлайди. Шу даврдан бошлаб қундузчалар она сутига қўшиб гўшт ҳам ейишни бошлаб “ов қилиш ўйинлари”ни ўйнашни бошлашади. Қундузлар 6 ойдан бошлаб мустақил ов қила бошлайдилар ва оилаларидан 1 ёшга тўлганларида айриладилар. Қундузлар 15 йилгача умр кўришади.
Европада асосан текисликлардаги дарёларда яшовчи қундузлар бизнинг минтақамизда асосан тоғ дарёларида яшайдилар. ( Истисно “Жайрон экомаркази”да кўлда яшовчи алоҳида популяция) Ўзбекистонда қундузлар асосан йирик дарёларнинг бошланиш қисмларида яшайдилар. Жумладан Зарафшон дарёсининг юқори қисмида, Тўпаланг, Қорадарё, Қизилдарё, Танхоздарё ва Оқсув дарёларида яшайдилар. Ушбу дарёларда асосан тоғ дарёларига хос балиқлар – хонбалиқ ва маринка билан озиқланадилар.
Ўзбекистон Республикаси Қизил Китобига киритилган Ўрта Осиё қундузи Хисор қўриқхонасида қўриқланади.
🍀 Каналимизга уланинг. 👇
https://t.me/ekologuz