Бўри закот қилмаган кишининг молини ейди, деган гап бор халқимизда. Болалигимда гувоҳ бўлган битта воқеа бўрининг яна бир кароматини кўрсатган эди. Бу воқеа анча йиллар олдин Қизилқумнинг олис яйловларининг бирида юз берган.
Ўрозбой исмли чўпон бир куни эрталаб яйловга юбориб қўйган қўйларини олиб қайтиш учун отига миниб қўнғироқнинг овозини мўлжаллаб келаётади. Бир пайтда оти бир нимадан қўққисдан ҳўркиб кетади. Қараса, нарироқ жойда, тошларнинг орасида нимадир қимирлаётган экан. Отдан тушиб, секин бориб кўрса – 4та бўри боласи. Биттаси индан чиқиб кетган экан, уни кўтариб олиб инига жойлаштиради. Бўри болалари оч қолган. Чўпон уйидан тушда пишириб ерман, деб олиб чиққан хом гўштини ташлаб йўлини давом эттиради. Кечда ўтарни жойлаштириб, бўрининг инига келса, ўрнида йўқ бўлиб чиқади. Иннинг қошида излари яйраб ётади. Демак, одамнинг келганини билиб, ота-оналари болаларини бошқа жойга кўчирган.
Орадан бир ой вақт ўтади. Воқеа унут бўлади. Бир куни Ўрозбой қўйларини санаса биттаси кам чиқади. Қайта-қайта санайди, лекин биттаси йўқ. Аниқласа, она қора қўй йўқ экан. Қир-адирларни қидиради, қўшни яйловдаги чўпонлардан сўрайди, лекин ҳеч дараги чиқмайди. Орадан яна бир ойдай вақт ўтади. Бу воқеа ҳам унут бўлади.
Бир куни тушда қўйларини яйловдан қудуққа қарай ҳайдаб келаётган чўпон узоқдан чангни кўради. Серлаб қараса, бояги йўқолиб кетган қора қўйга ухшайди. Ҳайрон бўлиб турса изидан яна бир қора кўринади. Бу эса бўри. Ана, холос! Бўри қора қўйни олдига солиб қувиб ўтарга қўшадида ғирра кейинига йўрғалаб қайтиб кетади. Чўпон лол бўлиб, тўдага қўшилган қора қўйни кўзидан кечирса, аввалги қўй эмас, лекин ҳудди шунга ухшаш.
Йўқолган қора қўйни бўрилар озиқ қилдими ёки йўқми, номаълум, лекин, бўри чўпоннинг қилган яхшилигини ерда қолдирмаган.
Бўри одатда болалайдган пайтда чўпонлар яшайдиган яқин ҳудудлардан ин қуришади ва яқинидаги чўпонларнинг молларига тегмайди. Ото-боболар агар молига бўри тегса, уни яхшиликка йўйган, молларимиз сони кўпаяди, деб ишонишган. Бир қизиғи, бўрилар фақат касал молларга оғиз солар экан.
Ҳа, бўрида каромат кўп. Кўк бўри туркий халқларнинг тотеми саналган. Афсоналарга кўра, туркий халқлар кўк бўридан тарқалган. Туркийларнинг байроғида кўк бўрининг расми бўлган. Шунинг учун азалдан халқимиз бу жонзотга алоҳида ҳурмат билан қараган. Афсуски, табиат қонуни бузулди. Бунга асосан одамзод сабабчи бўлди. Ёввоий табиатни ўзлаштирди, оқибатида табиий тенглик йўқолди, жумладан, бўриларнинг озуқалари ҳам кескин камайди. Шу сабабли бўрилар одамларнинг молларига тега бошлади.
Бўри ҳеч қачон қулликка кўнмайди. У эркинликни севадиган ҳайвон. Ёввоий ҳайвонлар орасида фақат бўригина циркда ёки қўлда ўргатилмайди (ўргатиб ҳам бўлмайди). Аслзода жонзотнинг одам боласи ўрнак оладиган жиҳатлари жуда кўп. Бўрининг терисини тириклайин шилсанг ҳам ғинг демайди. Бўрининг терисини чилиб олгандан кейин ҳам гўштига чивин, ҳашарот, қуртқумурсқа йўламайди.
Бўрининг яна бир номи қашқирдир. Чўпонлар “қашқир” деб номи аталса, ўтарга тегади, деб ирим қилиб “ит-қуш” деб аташади.
Болалигимизда “ўтарга қашқир тегди”, деган хабар чиқса бутун қишлоқ гув этарди. Овчилар қуролланиб қашқирнинг изига тушарди. Бир куни овчилар овулга битта қашқирни тутиб келишди. Чала жони бор, лекин ҳамон ҳавфли эди. Одамларга нафратли кўзлари билан қараб ётарди. Овчилар мотоциклларда қувиб уриб тутган экан, бўри мотоциклнинг остида ётиб рамасини ҳам чайнаган. Унинг тишлари, жағлари нақадар кучли эканлигини шунда кўрганман. Шу пайтда бўрининг исини сезиб, овулдаги итлар қаёқларгадир ғойиб бўлди.
Бўри бошқа ҳайвонлардан умуман бошқача, унинг хосиятлари олдида бош эгмай иложинг йўқ. Масалан, ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган қуйидаги расмга назар солинг.
Бўри тўдаси. Энг олдида учта қари ёки аҳволи ночор касал бўри келяпти. Агар олдинда қандайдир фавқулодда вазият юзага келса, аввал шулар қурбон бўлади. Мабода, булар охирида қолиб кетса ўлиб қолиши мумкин. Шунингдек, бу учталаси кейингиларнинг кучларини сақлаб қолиши учун уларга йўл очиб келяпти. Ундан кейин 5та кучли бўрилар. Ўртада эса 11та урғочи бўри. Улардан сўнг яна 5та эркак энг кучли бўрилар ва энг охирида тўда раҳбари келяпти. У тўданинг юриш йўналишини назорат қилиб, тартибга туширади. Шу боис тўданинг ортида юради.
Есимхон Қаноатов