Сардоба сув омбори деворининг ёрилиб, юзага келган сув тошқини оқибатида жабр кўрганларга ёрдам бериш учун барча ўзбекистонликлар бирлашди. Карантин шароитида ҳар бир вилоятдан жабрланганларга ёрдам учун озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, дори-дармон ва шахсий гигиена воситаларидан иборат инсонпарварлик ёрдамлари тинимсиз бормоқда.
Ўзбекистон Экологик партияси ҳам бу ташаббусдан четда қолмади. Ўзбекистон Экологик партиясининг ҳудудий партия ташкилотлари ва фаоллари ҳам ушбу ҳайрли ишга ўз ҳиссаларини қўшган ҳолда 98 млн сўм миқдордаги зарурий маҳсулотларни етказиб берди.
— Ҳалокат юз берган куниёқ Экологик партия Сардоба туманида ёрдам штаби тузиб, сув тошқинидан жабр кўрган оилаларга ёрдам бера бошлади. Ўтган 4 кун ичида 50 дан зиёд маҳаллаларга кўчирилган аҳолига кийим кечак, озиқ- овқат маҳсулотлари етказилди. Айтиш керакки, Экологик партиянинг асосий мақсади зарарланган ҳудудларда қолиб кетган ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини қутқариш ҳамдир. Айни пайтда сув чиқариб олинган аҳоли пунктларида ҳарбийлар махсус дизенфекция ишларини олиб боришмоқда. Чунки сув тагида кўплаб уй ҳайвонлари ва чорва моллари ҳам ҳалок бўлди. Бу эса санитария-эпедимологик вазиятни чуқурлаштириши мумкин. Қолган ҳайвонларни қутқариш масаласи эса Ветеринария бош хизмати билан биргаликда ҳал этилади, деди Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Саидрасул Сангинов.
4 май куни Экологик партиянинг Тошкент шаҳар кенгаши аъзолари, депутатлар ҳам Сардоба туманидаги 6 совхозга жойлаштирилган аҳоли ҳолидан хабар олишди. Партиянинг Тошкент шаҳар Кенгаши раиси Севара Файзиева, Шайхонтохур тумани депутати Саидрасул Расулев, Учтепа тумани кенгаши раҳбари Қобил Маҳкамов, Чилонзор тумани кенгаши раиси Мукаддас Турсунова ва бошқалар болаларга ўқув қуроллари, аҳолига енгил ва иссиқ кийимлар, озиқ-овқат маҳсулотларини улашишди.
- Яқинда неварам тўғилган эди, келиним иситмалаб етгани учун ошхонада атала қилаётган эдим. Шу сабабли, ташқаридаги шовқинни эшитмабман, Ҳовлига чиқсам бақир-чақир, ҳамма қочган. Қўшнилар тез очинг, сув келаяпти дейишди. Шошганимдан бешикдаги неварам, келинимни олиб, катта йўлга қочдик. Орқамиздан ҳовлига сув кирди. 2 соатлардан сўнг бизни автобусларда олиб келиб, 6 совхоздаги мактаб биносига жойлаштиришди. Кийим кечак, озиқ-овқат билан таъминлашди. Мана ҳозир Экологик партия аъзолари ҳам келиб ёрдам кўрсатишаяпти. Аммо бу ерда чақалоқлар учун шароит йўқ. Шундан ёш болали оналар қийналаяпти, деди жабр кўрганлардан бири Содиқова Гулшода.
Сардоба тумани Бирлашган маҳалласида жойлашган Хўжа Исмоил жоме масжидининг имом хатиби Азимов Раҳмоналининг айтишича, “Бирлашган” ва “Пахтакор” маҳаллаларига 115 оила жойлаштирилган. 3 май куни Самарқанд вилоятидан 10 юк машинасида, Экологик партиядан 1 юк машина ва енгил машиналарда ҳаёт учун зарур нарсалар олиб келиб тарқатилди.
-Мен фарзандларим билан ҳозир “Бирлашган” маҳалласида онамникида тураман, дейди биз билан суҳбатда Шахноза Мамирова. Ўзимнинг уйим сув босган 1 совхозда Қурғонтепа қишлоғида эди. Ҳалокат содир бўлган куни на пул, на кийим кечак, на зарур буюмларни олишга улгурмай уйдан қочиб чиққан эдик. Аввал бизни Жиззахга олиб боришди. Сўнг онам мени фарзандларим билан 6 совхозга ўз уйига олиб келди. Ҳар куни олиб келинган кийим кечак ва озиқ-овқатлар қишлоқ масжидида тупланиб, муҳтожларга тўлиқ тарқатилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 1 май куни Сирдарё вилоятида жойлашган Сардоба сув омбори дамбасининг 6-пикет деворида сув чиқиши натижасида Сардоба тумани Қўрғонтепа аҳоли яшаш пунктини сув босиб, ҳодиса оқибатида 70 мингга яқин аҳоли эвакуация қилиниб, одамлар қўшни туманлар ва ҳудудларга, жумладан, Жиззах вилоятига эвакуация қилинди. Дўстлик, Пахтакор, Зарбдор ва Мирзачўл туманларида ташкил этилган махсус штаблар томонидан мактаб, коллеж, хусусий корхоналар ва аҳоли хонадонларига фуқаролар жойлаштирилган эди. Ҳозирда воқеа жойида 43 та ёнғин ўчириш-қутарув машиналари, 100 дан ортиқ сувни сўриб олувчи мотопомпалар ишлашмоқда. Кеча 3 минг 450 кв.метрдан 242 минг куб метр сув сўриб олинган. 340 та хўжалик, 9 та инфратузилма иншоатлари ва фермер хўжаликлари майдонларидаги сув қуритилган. 1300 а уйд
а дизенфекция ишлари бажарилган. 5 май куни Оқ Олтин ва Мирзаобод туманларидаги ўз уйларига 16 минг 200 нафар одам қайтишган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизматининг хабарига кўра, ҳалокат ҳудудидан чорва моллари иложи борича олиб чиқилган, нобуд бўлган 70 та уй ҳайвонлари санитария қоидаларига кўра кўмилган.
Ўзбекистон Экологик партияси қошида ташкил этилган штабда ҳафта давомида жабрланганларга ёрдам учун озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, дори-дармон ва шахсий гигиена воситаларини етказиб бериш бўйича давом эттирилмоқда.
Наргис ҚОСИМОВА