Исландияликларга карантин тугагунча одамлар ўрнига дарахтларни қучоқлаш тавсия қилинди

Исландия ўрмон хизмати аҳолига карантин туфайли одамларни қучоқлашга қўйилган тақиқ тугагунича дарахтларни қучоқлаб туришни таклиф қилди, деб ёзади Esquire.

Мамлакат шарқидаги Халлормсштадур ўрмони ходимлари аҳолининг бошқа меҳмонларга яқин бормай очиқ осмон остида сайр қилишлари учун қорли йўлакларни тозаламоқда.

«Сиз дарахтни қучоқлаганингизда уни дастлаб оёқ бармоқларидан бошлаб ҳис этасиз, кейин бу туйғу оёқлар орқали кўкракка, кейин эса бошга ўтади. Бу жудаям ажойиб туйғу, у сизни янги кунга ва янги синовларга тайёрлайди», — дейди ўрмон ходимлари.

Мутахассислар одамларга биринчи учраган дарахт олдида тўхтамасдан ўрмон ичкарисига киришни тавсия этган. Чунки ўрмонга кираверишдаги дарахтни бир неча киши қучоқлаган бўлиши мумкин. Ўрмон хўжалиги ходимларининг айтишича, инсон ўзини яхши ҳис этиши учун бир кунда беш дақиқа давомида дарахтни қучиб туриш етади.

«Дарахт катта бўлиши шарт эмас, у исталган ўлчамда бўлиши мумкин», — дейилади хабарда.

Телеграм каналимизга уланинг. https://t.me/ekologuz