Катта тезлик билан ривожланиб бораётган, бироз тўхтаб тин олишга-да вақт тополмаётган дунё аҳлини “СOVID-19” ҳаракатдан тўхтатди. Бугун энг йирик шаҳар кўчалари ҳам жим-жит. Ҳеч уйда ўтиролмайдиган баъзи одамларнинг ўз ихтиёрлари билан карантин қоидаларига риоя қилаётганликларини кўрсам, жон ширин-да, деган ўй хаёлимдан ўтади. Шуни ўйлайман-у бир нарса ёдимга тушади: бу дунёда фақат инсонгина жонли мавжудот эмас. Ҳайвонлар, ўсимликлар, бутун табиат биз каби нафас олади, ўзига берилган маълум умрни яшаб ўтади. Аммо инсон зотига уларнинг зарари тегмайди. Биз эса аксинча, ҳар бир яратиққа ўз мулкимиздек муносабатда бўламиз. Кўпинча “Нега замонавий ҳаётда даҳолар чиқмаяпти”, деган саволга “Аввалги замонларда экология яхши бўлган”, дея жавоб қайтарамиз. Хўп шундай экан, экология бузилишига ким айбдор?
Халқимизда “Мевали, қуримаган дарахтни кесма”, деган нақл бор. Сабаби табиатдаги ҳар бир тирик жон Оллоҳга ҳамд-у санолар айтиб туради. Коронавирус инсониятни иқтисодий жиҳатдан танг аҳволга солаётган бўлса-да табиатни қайтараяпти. Унинг келиб чиқиши ҳақида турли фаразлар ўртага ташланди. Аммо у заволга юз тутаётган табиатга ўзини тиклаб олиш имконини бермоқда. Италиянинг Венеция шаҳридаги машҳур каналлар суви рангини ўзгартирди. Яъни улардан кам фойдаланилгани учун каналлар суви тиниқлашган. АҚШнинг Висконсин штатидаги йўлларда машиналар қатнови камайгани боис ҳавонинг ифлосланиш миқдори пасайган. Шунингдек, карантин ойлари давомида одамларнинг масофадан ишлаётганликлари сабаб аввалгидек кўп чиқиндилар ҳосил бўламаяпти. Пандемия туфайли ижтимоий масофани сақлаш сифатли ҳаводан нафас олишни таъминламоқда.
Буни Америкалик метеоролик Геофф Бансен қуйидагича далиллади: “Лос Ангелес штатидаги Гриффит боғига келган саёҳатчиларнинг ижтимоий масофани сақлашлари натижасида Жанубий Калифорния ҳавоси яхши томонга ўзгарганлигини кузатдик.
Биз коронавирус сабаб анча тушкунликка тушдик ва унинг ижобий жиҳатларини топишга уриндик. Бундай оғир вазиятда бизни қувонтирадиган ягона омил атроф-муҳитдаги ўзгаришлардир. Кундалик ҳаётнинг кутилмаганда тўхтатиб қўйилиши сайёрамизга нафас олиш имконини берди. Пандемия сабаб кўплаб заводлар фаолияти тўхтатилди. Саёҳатчиларнинг парвози чеклангани боис бугун самалётлар ҳаракатда эмас. Кўпчилигимиз масофавий иш тартибига ўтдик. Бу эса йўлларни тирбандликлардан халос этди”.
(Дунёнинг энг гавжум “Times” кўчаси. New York City. )
Инсон турмуш тарзидаги ўзгаришлар олимларга одам қанчалик даражада табиатга таъсир ўтказаётганлигини аниқлаш имконини берди. Хуллас тожсимон вирус бизга атрофимиз тўла гўзаллик эканлигини эслатди ва “Соғлом сайёра муҳити”ни яратишимизга оз бўлса-да кўмак берди.
Манбалар: www.news12.com, https//news.wttw.com
Дилшода Олимова
ЎзЖОКУ талабаси