КЕСИЛГАН ИККИ ТУП ЧИНОР МАШМАШАСИ ёхуд экология ва атроф-муҳит муҳофазаси кимларнинг қўлида?

Covid-19 пандемияси сабаб эълон қилинган карантин давомида йирик мегаполислар транспортларсиз ҳувиллаб қолди; улкан ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти вақтинча тўхтатилди; авиарейслар қолдирилди; алалоқибат, экология бир қадар мусаффолашди; ҳаво тозаланди. Буни NASA Хитойнинг Ухан шаҳридан олинган таҳлиллар ва космик текширувлар далолатлаб турибди.

Ҳа, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси ҳар қачонгидан ҳам, айниқса, бугун — долзарб. Бироқ, буни тўла тушуниб етмаган Тошкент вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси масъул ходимлари она заминни муҳофаза қилиш ўрнига ўз вазифасини суиистеъмол қилишди.

Улар — Тошкент вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Биохилмахиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи Мамарасул Зоиров, бошқарма етакчи мутахассиси Тоштемир Бахтиёров ҳамда Табиатни муҳофаза қилиш бўйича Оҳангарон тумани инспекцияси бош мутахассиси Исомиддин Бекмуродов (исм-шарифлар ўзгартирилган) Нурафшон шаҳри марказидаги «Makro» супермаркети яқинида фермердан 2 миллион сўмни пора тариқасида олаётганда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Жиноят ишлари бўйича Нурафшон шаҳри суди раиси Хуршид Ҳолиқовнинг маълум қилишича, Оҳангарон туманидаги «Латофат» фермер хўжалигида 2 туп чинор ноқонуний равишда кесилганлигини иддао қилган  Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси масъуллари фермерни базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдоридаги жаримага (104 миллион сўм) тортган. Алқисса, масъуллар баённомани расмийлаштириш билан банд бўлган вақтида Табиатни муҳофаза қилиш бўйича Оҳангарон тумани инспекцияси бош мутахассиси Исомиддин Бекмуродов фермер опага жаримани қисқартиришни таклиф қилган. Албатта, қуруқ раҳмат эвазига эмас…

Мамлакатимизда коррупцияга қарши кескин кураш кетаётган бир пайтда шундай мўътабар ташкилотнинг нақ уч мутасаддиси пора талаб қилаётгани, албатта, фермерга ёқмади ва у ўз фуқаролик бурчини ҳалол бажариб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ариза билан мурожаат қилади.

 

Текин дуқмани кўзлаган экологиянинг 3 муҳофазачиси 2 млн сўм пора эвазига жаримани БҲМ 100 бараваридан 5 бараварига камайтиришни ваъда қилади. Нурафшон шаҳри марказидаги  «Makro» супермаркети  яқинида пора олган атроф-муҳитни муҳофазаловчи «уч мушкетёр» шу ернинг ўзида Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва Ички ишлар бўлими органлари ходимлари томонидан қўлга олинади.

 

Адолат қарор топди. Шу йилнинг 19 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Нурафшон шаҳри суди ушбу жиноий ишни кўриб чиқди ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 212-моддаси 2-қисми «в» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган Мамарасул Зоиров, Тоштемир Бахтиёров ҳамда Исомиддин Бекмуродовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Халқимиз бежизга «Текиннинг таъми бошқа, еганнинг боши қашқа», деб айтмаган.

Пора – ҳаром луқма, демакдир. Ҳаром луқма эвазига Она Заминга зарар келтиришни ҳеч ким, айниқса, бизга макон бўлиб, туз-насиба берган, бағрида улғайтиб, яна бағридан жой оловчи Она Замин асло кечирмайди!

Ноқонуний кесилганлиги иддао қилинган икки туп чинор машмашаси экология ва атроф-муҳит муҳофазаси борасида мана шундай кимсалар ҳам борлигини кўрсатиб бергандек, гўё…

👉 «Машъал» газетаси

🍀 Каналимизга уланинг. 👇

https://t.me/ekologuz