Ҳеч қандай тирик организм сувсиз ҳаёт кечира олмайди. Шу туфайли ҳам табиат бойликлари орасида сув алоҳида ўрин тутади. Чунки, сув бу-ҳаёт манбаи. Биз кундалик ҳаётимизда эркин, муаммосиз ишлатаётган бу неъматни ажойиб бир мўжиза десак муболаға бўлмайди. Аммо, шундай ҳолатлар борки, уларни кўриб инсон беихтиёр ранжийди. Сабаби, атроф-муҳитга ва сувга турли чиқиндилар улоқтириб кетадиган инсонлар орамизда йўқ эмас. Яна шундай одамлар бор, улар уйининг ён-атрофини ва даласини тозалаб ундан чиқадиган чиқиндиларни яқин масофадаги кўл ва оқава каналларга ташлаб юборишади. Буни энг осон ва мақбул йўл деб ўйлашади. Аммо, улар бундай чиқиндилар оқава сувни қанчалик зарарлашини, қаерга бориб тўпланиб қолишини ҳеч ўйлаб кўришмайди. Бу сув фақат ерни суғориш учун эмас, балки қушлар ва ҳайвонларнинг чанқоғини қондиришга ҳам хизмат қилади. Лойқа сув туриб тиниши мумкин, аммо, турли чиқинди ва заҳарли моддалардан иборат сув истеъмолга яроқсиз ҳисобланади. Сувда юзасида ҳеч қандай чиқиндилар кўринмайди, дейишингиз табиий, чунки кўпчилик ифлослантирувчи чиқиндилар сувга сингиб кетган бўлади. Шу туфайли, мавжуд сув ҳавзалари ўз вақтида тозалаб турлимаса, уларнинг фаолияти издан чиқиши мумкин. Тўғри, турли омиллар сабабли сув ҳавзалари ифлосланади. Аммо, инсонларнинг хатти-ҳаракатлари туфайли етадиган зарар анча хавфлидир. Чунки сув ҳавзалари тозаланмаса балиқлар нобуд бўлиши, кўл ва ҳовузлар эса ботқоқликка айланиб қолиши мумкин. Бу жараёнда ҳудудий сув хўжалиги бошқармаси ишчи ва ходимларининг масъулияти қанчалик кучли эканлигини ўзингиз тасаввур қилаверинг. Халқимиз бежизга сувни зарга, сувчини эса заргарга менгазишмаган. Кун-у тун тинимсиз меҳнат қилаётган инсонларнинг оғирини енгил қилиш эса ўз қўлимизда эканлигини унутмайлик.
Тарихга назар солсак, Ватанимиз ҳудудида бундан 3 минг йил олдин яратилган зардуштийликнинг муқаддас китоби “Авесто” да ҳам, сувнинг нақадар муқаддас неъматлиги алоҳида таъкидлаб ўтилган. Ҳатто, ўша пайтларда кимки сувга тупурса, аҳлат ташласа ёки сувни булғаса у ким бўлишидан қатъий назар оғир жазога маҳкум бўлган. Бу неъматдан ўз ўрнида ва тўғри фойдаланиш, исрофгарчиликка йўл қўймаслик ҳар биримизнинг асосий вазифамиздир.
Чапқирғоқ Амударё ирригация сув ҳавзаси бошқармаси матбуот котиби
Собирбоева Мавжуда