Фожеа оқибатини билдираётган рақамли қўрқинчли даражада: ёнғинлар оқибатида 6 млн гектардан кўпроқ майдон ёниб кетди, ёнғинлар 25 нафар инсоннинг ўлимига, 500 млндан кўпроқ жонзотнинг нобуд бўлишига сабаб бўлди.
Айтишларича, бу мамлакатда содир бўлган ёнғинлар тутуни Тинч океанидан ўтиб, Жанубий Америкагача, жумладан Чили, Аргентина ва Бразилиягача етиб борди.
Ўрмон ёнғинлари ўтган йилнинг октябрь ойидан бери давом этиб келмоқда, лекин бу дунёвий фалокат гўёки биргина мамлакатнинг фожеасидек қараляпти.
Даҳшатлиси, инсонлар шунчаки ёниб кул бўлган 500 млн жонзот учун бир дона жонзотнинг нобуд бўлиши билан бирдек, яъни номигагина қайғурмоқда.
Йўқ, дўстлар огоҳ бўлинг, бу жуда даҳшат!!! Австралия мисолида биздек – Ўзбекистондек бир мамлакатнинг бутун бир хайвонот олами нобуд бўлгандек қайғуринг!
Ёниб кул бўлган 500 млн жонзот учун 500 млн марта кўп ташвишланинг, чунки энди уларнинг ўрнини тўлдириб бўлмайди.
2019 йилниг ўзида ўрмон ёнғинлари натижасида сайёрамизнинг ифлосланиш даражаси рекорд даражага чиқди, шу йилда атмосферага 6 миллион тоннадан ортиқ карбонат ангидрид кўтарилган.
Нафсингга ўт тушкур бу инсоният ўзининг нафс жиловини қачон тўхтата олар экан? Афсуски, биз инсонлар чиркин феълимиз билан ўз эҳтиёжимиздан ортиғига интилишимиз, баднафслик билан ноёб ҳайвонларни аёвсиз йўқ қилишимиз, ўрмон саёхатларини дўззахий гулҳанларга айлантиришимиз она табиатни ҳалок қилаяпмиз.
Инсониятнинг табиатга муносабати шу қадар вахший даражага етдики, бу фожеа, бу умумбашарий фалокат дунё етакчиларини зиғирча ҳам ташвишлантирмагандек.
Ўтган йили АҚШнинг Калифорниясида бўлган ўрмон ёнғинлари, Бразилиянинг Амазония ўрмонларидаги, Сибир, Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатлари, Болқон ёнғинлар оқибатларидан корчалонлар кўз юмишди, бутун бир инсониятни ҳам шунга чорлади. Ҳалокатлар оқибатидан жаҳон оммаси эътиборини чалғитишга уринишди.
Минг афсуски, муайян бир мамлакатлар ўрмонзорларни ўзларига тегишли мулк сифатида кўришлари, ер юзи аҳолисининг фикрлари билан ҳисоблашмаслиги, фалокатни бартараф этиш ўрнига, сиёсий етакчиларнинг масъулиятсиз ҳаракатлари, бу мамлакатлардаги экологик сиёсат эса бир гуруҳ магнатларнинг манфаатларига мослаштирилганлиги янада кўпроқ ёнғинларни келтириб чиқараверади.
Ўтган йили Бразилия президенти Болсонару Амазония ўрмонларидаги ҳалокатли ёнғинларни ўчиришда бошқа давлатларнинг ёрдам таклифларини тентакларча рад этгани, аксинча, ёнғинни ўчириш масаласи четда қолиб, кўмак таклиф этган бир давлат раҳбарини масҳара (ўзининг модельбашара хотини билан мақтаниб, бошқа етакчи устидан кулганлиги) қилганлигини кўриб, Ё АЛЛОҲ, ҲАЙРАТДАН ЁҚА ТИШЛАДИМ.
Ўрмон ёнғинлари табиат ва инсоният учун яқин келажакда жуда катта экологик фалокатларга ҳамда даҳшатли экологик инқирозга сабаб бўлишини жуда кўпчилик олимлар башорат қилишмоқда.
Буни онг билан хис қилиб турган бир вақтда ҳар бир мамлакат, ҳар бир давлат ўз ҳудудида ўрмонзорларни сақланиши, ўрмон ёнғинларининг олдини олиш борасида бутун инсоният олдида масъул ва жавобгар бўлиши керак. Ўз ҳудудидаги масъулиятсизлик натижасида содир бўлган экологик ҳалокат учун ҳисоб бериши керак улар башарият олдида.
Қадимий ўрмонзорларни сақлаб қолиш борасидаги масъулият, ўрмон ёнғинларини бартараф этиш борасидаги тадбирлар фақатгина бир мамлакатга тегишли бўлмаслиги керак, назаримда. Акс ҳолда, ер юзи деб номланган умумий ватанни навбатма-навбат ёнишини масъулиятсизлик билан кузатишдан ва бизга ҳам навбат етиб келишини кутишдан бошқа ҳеч нарсага ярамаймиз.
Сайдали Мухторалиев