Айни пайтда полиэтилен халтачалар кишиларнинг саломатлигига зарар етказиши мумкинлиги тўғрисида маълумотлар кам, лекин ҳақиқатдан ҳам шундай. Сабаби уларни ишлаб чиқаришда токсиклиги маълум бўлган қўрғошиндан фойдаланилади. Ушбу металлнинг инсон организмида тўпланиши кўплаб касалликларнинг ривожланишига олиб келиши мумкин.
Полиэтилен халтачаларда реклама мақсадида турли логотиплар эътиборни тортадиган рангда жойлаштирилади. Аҳоли эса ўйлаб кўрмасдан уларда озиқ-овқатларни сақлайди. Тадқиқотларга кўра, рангнинг таркибида инсонни ҳалокатга олиб келиши мумкин бўлган токсинлар мавжуд. Шунингдек, халтачаларни тайёрлашда кимёвий елимлардан ҳам фойдаланилади. Бу баъзи ҳолларда озиқ-овқат маҳсулотларига салбий таъсир этиши шубҳасиз.
Тиббиёт олимлари озиқ-овқатларни полиэтилен халтачаларда сақлаш мақсадга мувофиқ эмаслигини аллақачон исботлашган. Лекин бунга кўпчилик, хусусан, озиқ-овқат саноати мутасаддилари эътибор беришмайди, сабаби, полиэтилен халтачалар ишлаб чиқариш йирик компаниялар бизнесига таъсир қилиши мумкин.
Шунингдек, бундай халтачаларда сақланаётган маҳсулотлар тез бузила бошлайди, чунки халтачаларда кўплаб бактериялар бор. Ташқарисидан қаттиқ ёпилган жозибадор полиэтилен қопларда конденцат пайдо бўлиш эҳтимоли ҳам мавжуд бўлиб, бу моғорнинг тез пайдо бўлишига олиб келади.
Қолаверса, тузланган карам ва бошқа юқори кислоталанишга мойил бўлган озиқ-овқатлар сақланганда халтачанинг кимёвий моддалари маҳсулотларга сингишига олиб келиб, инсонларни заҳарлайди. Мободо полиэтилен халтачалар совуқда туриб қолса, улардан инсон организми учун токсин (заҳарли модда)лар ажралиб чиқади.
Айниқса, полиэтилен халтачаларда сақланаётган ярим тайёр маҳсулотлар инсон организмига жиддий зарар келтиради. Кўплаб ишлаб чиқарувчилар уларни бевосита қадоқланган ҳолда халтачалар билан қиздиришни тавсия қилишади. Ваҳоланки, олимлар юқори иссиқликда пластик буюмлардан турли заҳарли моддалар ажралишини исботлашган.