ҚУМ МУШУГИ
Тарқалиши
Қизилқум чўлининг қумли массивлари (Ёмонқум, Оқбайтал, Таспен ва бошқалар), Сандиқли, Кеммирекқум ва Каттақум. Устюртда қумлоқ жойларда учрайди. Ўзбекистонда тур ареалининг шимолий қисми жойлашган. Ўзбекистондан ташқарида: Қозоғистон, Туркманистон. Африка, Уммон, Эрон, Яқин Шарқ (Ироқ, Иордания, Сурия), Жануби-ғарбий Осиё (Қувайт, Бирлашган Араб Амирликлари) ва Саудия Арабистонида – бошқа кенжа турлари.
Яшаш жойлари
Ярим мустаҳкамлашган, мустаҳкамлашган паст-баланд қумлар.
Сони
XX асрнинг 60-йилларигача кўп бўлган, кейин эса сони кескин камайиб кетган. 1980-йилларда саноқли даражада учрагани қайд қилинади: Қизилқум чўлининг марказий ва шимолий қисми – 1980-1990-йиллардаги ҳисоботларда мунтазам; Денгизкўл ясси текислиги – 1985 ва 1989 йилларда; 2010 йилдан 2016 йилгача Бухоро вилоятида олти марта учраган. Кўздан яширин ҳаёт кечириши ва маълумотлар етишмаслиги туфайли айни пайтдаги сони ва унинг ўзгариш тенденцияларини аниқлаш қийин.
Яшаш тарзи
Ёз пайти тунда, йилнинг қолган вақтларида кундузи ҳам фаол ҳаёт кечиради. Болалари ёш бўлган даврни истисно қилган ҳолда, ҳаётининг кўп қисмини ёлғиз ўтказади. Қум мушукларида бўғозлик даври 60 кун атрофида давом этади. Мушукчалар (2-5 та) апрель-май ойларида дунёга келади. Асосий озуқа объектлари – чўл кемирувчилари (қумсичқонлар, қўшоёқлар, аҳён-аҳёнда – қуён. Хўжасавдогар, тўрғай каби турли майда ва ўртача қушларни, ҳар хил судралиб юрувчилар ва умуртқасизларни ов қилади. 13 йилгача яшаши мумкин.
Чекловчи омиллар
Чўл ҳудудларининг ўзлаштирилиши, одам томонидан таъқиб қилиниши. Серёғин ва ўта совуқ қиш мавсумида озуқа етишмаслиги туфайли оммавий ҳалок бўлиши. Кемирувчиларнинг табиий камайиб кетганлиги.
Кўпайиш холати
Дунёдаги бир қатор ҳайвонот боғларида кўпайтирилади.
Муҳоваза чоралари
Қизилқум қўриқхонасида, “Сайгачий” ландшафт буюртмахонасида муҳофаза остига олинган. Қум мушуги учун аҳамиятли яшаш муҳитларини аниқлаш бўйича изчил тадқиқотларни амалга ошириш, уларнинг муҳофазасини ташкил қилиш зарур. Шунингдек, маҳаллий аҳолининг атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги билимини бойитиш ҳам фойдадан ҳоли эмас. СИТЕСнинг II Иловасига киритилган.