Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг хабарига кўра Жиззахда 169 та ноқонуний фиқиндихона бартараф этилган. Аммо ўзимиз яшаётган ҳудудни тоза сақлашга бепарволик, масъулиятсизлик билан қарашимиз туфайли йўл четларида, кўча-кўйларда сув ҳавзаларида пайдо бўлаётган ноқонуний чиқиндихоналарнинг барчаси бартараф этилди, дегани эмас. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат инспекторлари томонидан йилнинг ўтган даврида жами 214 та ноқонуний чиқиндихона аниқланди. Уларни бартараф этиш, янгиларининг олдини олиш ишлари давом этмоқда.
Вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳузурида вилоят «Тоза ҳудуд» ДУК ва унинг туман-шаҳар филиаллари тузилиб, уларнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланаётгани чиқиндиларни чиқариб кетишни тизимли йўлга қўйиш, аҳоли ҳудудлари ва жамоат жойларининг тозалик, санитария ҳолатини яхшилаш имконини бермоқда.
Вилоятда «Тоза ҳудуд» ДУК, унинг шаҳар ва туман бўлимларида 84 та чиқинди ташувчи махсус машина мавжуд. Жорий йилда бюджет малағлари ҳисобидан корхонага 14 та янги махсус техникалар сотиб олинди.
Бироқ корхонанинг моддий техник базаси ҳозирча вилоят ҳудудини тўлиқ қамраб олиш учун етарли эмас. Ҳозирда мавжуд техникалар вилоят аҳолисининг 51 фоизига хизмат кўрсатмоқда.
Йилнинг ўтган даврида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекциялари ва тармоқ бўлимлари томонидан олиб борилган ишлар натижасида ҳуқуқбузарларга нисбатан 1 минг 230 та маъмурий иш қўзғатилган. Ушбу маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича юридик ва жисмоний шахслар жами 1 миллиард 114 миллион 300 минг сўмликдан ортиқ жаримага тортилган.