ekologuz каналида бир муҳим масалага эътибор қаратилган.
Бунда “Ўзбекистон экологик партияси Тандир гўштига муносабати қандай” деган мавзу билан Тандир гўшти ва арча шохларининг кесилиши масаласи кўтарилган.
“Ахир гўштни пиширишда арчаларнинг шохларидан фойдаланишади!
Арзимас деб билган бу масалага вақтида эътибор қаратмасак яқин келажакда тоғларда арчаларни учратиш орзуга айланиб қолиши мумкин…
Масала кўтарилгандан сўнг, арчалар кесилиши нима сабабдан бўлаётгани ойдинлашади. Натижада газ, свет ва кўмир етишмовчилиги ортидан дарахтлар кесилиши маълум бўлади.
Кулгули пост бўлсада моҳияти ўта долзарб ҳисобланади”.
Ҳақиқатдан ҳам, мавзу жуда долзарб.
Қашқадарё, Сурхондарё каби вилоятларда Тандир гўшти анъанавий таом ҳисобланади ва хатто пойтахтимиздаги айрим ошхоналарда ва савдо тармоқларида сотиладиган тандир гўштлари таркибида ҳам арча дарахти шоҳлари ва баргларини кўрамиз.
Лекин, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 январдаги 43-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш, кесиш ҳамда дарахтларни хатловдан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низомга кўра, барча турдаги арчалар қимматбаҳо дарахтлар ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 октябрдаги ПФ-5863-сонли фармонига мувофиқ, биласиз, 2019 йилнинг 1 ноябридан Ўзбекистонда қимматбаҳо навли дарахтлар ва буталар кесилишига мораторий жорий этилган.
Тўғри, юридик ва жисмоний шахслар томонидан ўзларига қарашли бўлган плантацияларда махсус экилган арчалар алоҳида мавзу, ПФ-5863-сон фармон бўйича уларга мораторий тадбиқ этилмайди.
Бироқ, дарахтлар ва буталарнинг кесилишига жорий этилган мораторий плантациялардан ташқари бўлган барча турдаги арча дарахтларига тааллуқлидир ҳамда бу жойларда ҳақиқатдан ҳам, қаттиқ назоратга олинадиган масаладир.